platina.uz
Жаҳон

Google Ҳиндистонда 15 млрд долларлик сунъий интеллект маркази қуради

Мазкур хабар АҚШ президенти Доналд Трампнинг жиддий норозилигига сабаб бўлиши мумкин. Ҳиндистон-АҚШ иқтисодий муносабатлари ҳам таранглигича қолган. 

Google Ҳиндистонда 15 млрд долларлик сунъий интеллект маркази қуради

Google Ҳиндистонда сунъий интеллект маълумотлар марказини қуриш учун 15 миллиард доллар сармоя киритади.

Googleʼнинг бош компанияси Alphabet Ҳиндистоннинг жанубий Андҳра Прадеш штатида жойлашадиган сунъий интеллект маълумотлар марказини қуриш учун 15 миллиард доллар миқдорида инвестиция киритишни режалаштирган.

Мазкур иншоот порт шаҳри Висакҳапатнамда қурилади ва Googleʼнинг 12 та мамлакатда жойлашган глобал сунъий интеллект маълумотлар марказлари тармоғининг бир қисми бўлади.

“Бу АҚШдан ташқарида сармоя киритаётган энг йирик сунъий интеллект марказимиз бўлади”, — деди Google Cloud бош директори Томас Куриэн сешанба куни Ҳиндистон пойтахти Деҳлида бўлиб ўтган тадбирда.
У, шунингдек, сармоя кейинги беш йил давомида амалга оширилишини маълум қилди.

Эълон АҚШ президенти Доналд Трамп америкалик компанияларни ички инвестицияларни устувор қилишга чақираётган бир пайтда янгради.

Ҳиндистон сўнгги йилларда сунъий интеллект (AI) маълумотлар марказлари учун муҳим манзилга айланмоқда. Интернетга кириш нархининг пастлиги ва фойдаланувчилар сонининг тез ўсиши мамлакатни технология гигантлари учун булутли хизматлар ва AI ривожланиши марказига айлантирган.

Alphabet бош директори Сундар Пичаи бу ҳақда шундай деди:
“Мазкур марказ Ҳиндистондаги корхоналар ва фойдаланувчиларга илғор технологияларни тақдим этади, AI инновациясини жадаллаштиради ва мамлакат миқёсида иқтисодий ўсишни рағбатлантиради.”

Андҳра Прадеш ҳукумати сешанба куни лойиҳа бўйича расмий келишув имзоланганини эълон қилди.

“Бу бизнинг штатимизнинг рақамли келажаги, инновациялари ва глобал мавқеи учун улкан силжишдир”, — деди штатнинг технологиялар вазири Нара Локеш.

Лойиҳа сунъий интеллект ва булутли инфратузилмани қайта тикланувчи энергия тизимлари ҳамда кенгайтирилган тармоқ билан интеграция қилади.

Андҳра Прадеш ҳукумати глобал инвесторларни жалб этиш мақсадида субсидияланган ер ва арзон электр энергиясини таклиф қилмоқда.

Глобал профессионал хизматлар фирмаси JLLʼнинг “India Data Center Market Dynamicz 2024” ҳисоботига кўра, Ҳиндистоннинг маълумотлар маркази саноати сўнгги беш йилда жадал ривожланиб, 2024 йилда 1 гигаватт қувват чегарасидан ошган. Бу 2019 йилга нисбатан деярли уч баравар ўсишни англатади.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 70 119 55 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid