Чирчиқда ҳоким ёрдамчилари бандлик бўйича қўшиб ёзгани маълум бўлди
Улар шаҳардаги тадбиркорлик субъектларига фуқароларнинг бандлигини таъминлаш бўйича йўлланмалар юбориб, тадбиркорлик субъектларининг электрон калитидан ғайриқонуний равишда фойдаланган.

Чирчиқ шаҳридаги ҳоким ёрдамчилари аҳоли бандлигини таъминлашда ғайриқонуний йўллардан фойдалангани маълум бўлди. Уларга шаҳар ҳокими интизомий жазо берган.
Хусусан, Ишонч, Адолат, Чинор, Ғалаба, Маданият, Шарқ, Баҳор маҳаллаларидаги ҳоким ёрдамчиларига ҳайфсан жазоси қўлланилган.
Улар 2025 йил 17 январдаги ПҚ-12-сонли қарор ва соҳага оид бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини таъминлаш юклатилган бўлса-да, хизмат вазифаларини лозим даражада бажармасдан, ижро интизомини бузгани айтилган.
Шунингдек, аҳоли бандлиги иш режаси бажарилишида ҳисоботларни сунъий равишда кўтариш мақсадида шаҳарда фаолият олиб бораётган тадбиркорлик субъектларига фуқароларнинг бандлигини таъминлаш бўйича йўлланмалар юбориб, тадбиркорлик субъектларининг электрон калитидан ғайриқонуний равишда фойдаланган.
Шу орқали ўзи томонидан йўлланма асосида юборилган фуқароларни тадбиркорнинг номидан ишга қабул қилиб, ҳисобот даври тугагач, уларни ишдан бўшатиб юборган.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳозирча уларга нисбатан иш қўзғагани ҳақида маълумот йўқ.