platina.uz
Жамият

Синтетик катинонлар: инсон руҳиятини издан чиқарувчи йирик хавф

Ушбу моддаларни бир неча марта истеъмол қилгандан сўнг одам хулқида ўзгаришлар кузатилади: безовталик, асабийлик, уйқусизлик пайдо бўлади. Оғир ҳолатда васваса ва тажовузкор хатти-ҳаракатлар юзага келади. 

Синтетик катинонлар: инсон руҳиятини издан чиқарувчи йирик хавф

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда ҳам, дунёнинг кўплаб мамлакатларида ҳам янги психоактив моддаларга (YPM) қарамлик ҳолатлари кескин ортиб бормоқда. Улар орасида айниқса синтетик катинонлар кенг тарқалаяпти.

Кўплаб ёшлар бу моддаларнинг зарарини паст деб ўйлашади, бироқ аслида улар марказий асаб тизимига кучли таъсир қилувчи психостимуляторлар бўлиб, инсоннинг руҳий ҳолатини, онгини ва ижтимоий алоқаларини қисқа вақт ичида издан чиқаради.

Руҳиятга таъсири

Синтетик катинонларни бир неча марта истеъмол қилгандан сўнг инсон хулқида ўзгаришлар кузатилади: безовталик, асабийлик, уйқусизлик пайдо бўлади, ҳақиқатни идрок этиш бузилади. Оғир ҳолларда галлюцинациялар, васваса ғоялар ва тажовузкор хатти-ҳаракатлар ривожланади.

Энг хавфли жиҳатлардан бири — бу суицидал фикрлар ва уринишлар хавфининг ортиши. Республика ихтисослаштирилган руҳий саломатлик илмий-амалий марказида ўтказилган тадқиқотлар шуни кўрсатдики, синтетик катинонлардан фойдаланиш суицидал хулқ-ҳаракатлар эҳтимолини кескин оширади. Ҳар бешинчи қарам беморда чуқур тушкунлик, ўзига шикаст етказиш ёки ўз жонига қасд қилишга уриниш ҳолатлари аниқланган.

Бу қандай содир бўлади?

Синтетик катинонлар мия фаолиятига кучли таъсир қилади. Улар кайфият ва мотивацияни бошқарувчи нейромедиатор тизимларини издан чиқаради. Дастлаб қисқа муддатли қувонч, енгиллик ва эйфория ҳолати пайдо бўлади, аммо орадан кўп ўтмай, чуқур депрессия юз беради: инсон ўзини бўш, хавотирли ва умидсиз ҳис эта бошлайди.

Аста-секин руҳий ва жисмоний қарамлик ривожланади, уйқу бузилади, ҳаётга қизиқиш йўқолади, яқинлар билан алоқа сустлашади. Агар бундай пайтда атрофида тушунадиган ва қўллаб-қувватлайдиган инсонлар бўлмаса, бу ҳолат оғир тушкунлик ва суицидал фикр ва ҳаракатлар билан якунланиши мумкин.

Хулоса

Синтетик катинонлар — замонавий жамият учун энг хавфли психоактив моддалардан биридир. Уларнинг таъсири қисқа муддатли эйфория эвазига инсон руҳиятини чуқур вайрон қилади. Шу сабабли жамиятда профилактика, огоҳлантириш ва эрта аралашув чоралари муҳим аҳамиятга эга.

Руҳий саломатлик — бу ҳар бир инсоннинг, ҳар бир оиланинг ва бутун жамиятнинг барқарорлиги гаровидир.

Жаҳонгир Равшанов, Республика ихтисослаштирилган руҳий саломатлик илмий-амалий тиббиёт маркази нарколог шифокори

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 70 119 55 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid