Зокиржон Алматов Фарғонада таҳқирланган аёл воқеасига муносабат билдирди
Солиқ идораси ва ИИБ раҳбари адовати қурбонига айлангани айтилган аёл воқеаси кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Олий суд мазкур масала юзасидан суд иши бошланганини билдирди.

"Биз бунақа ўзидан кетиб қолган раҳбарни асло кечирмаймиз": Зокиржон Алматов Фурқат тумани ИИБ бошлиғи ҳақида кескин гапирди.
ИИВ Жамотчилик кенгаши йиғилишида ички ишлар вазири маслаҳатчиси Зокиржон Алматов бир неча кундан буён ижтимоий тармоқларда муҳокама бўлаётган Фурқат тумани ИИБ бошлиғининг мактаб директорини таҳқирлагани ҳолатига муносабат билдирди. У бу мавзу ҳақда 7 октябр куни ИИВ ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзолари ва ОАВ вакиллари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида гапирди.
"Инсонларга нисбатан меҳр-муҳаббат деган туйғуларнинг ҳаммаси бизда бўлиш шарт. Сиз билан биз фақат қамаш учун яратилмаганмиз. Тарбиялаш, инсонларга ғамхўрлик қилиш, уларга ёрдам бериш учун ички ишлар ходимлари бор. Шу нарса ҳеч қачон эсимиздан чиқмасин. Лекин одам бўлмайдиганларнинг қонун бўйича жазосини беришимиз шарт. Шу боис бизнинг фаолиятимизда ҳар хил одамлар учраб туради", деди Алматов.
" Бу — ўтакетган ваҳшийлик. У раҳбар қайсидир йўллар билан амалга ўтириб қолган, деб ўйлайман. Қандай шароитда бўлса ҳам, ички ишлар идораси ходими ўзини ушлашни билиши керак. Биз ўзидан кетиб қолган бундай раҳбарларни асло кечирмаймиз", дея воқеага муносабат билдирган Алматов Zamon.uz эълон қилган видеода.
Фарғонадаги можаро
ОАВда эълон қилинган мақолага кўра, Фурқат туманидаги мактаблардан бирининг директори бўлган 34 ёшли Гулираъно Қосимова туман солиқ инспекцияси ва ИИБ бошлиқларининг ўзаро адовати қурбонига айланган.
Директор ўзи билмаган ҳолда Фурқат тумани ИИБ бошлиғи Акмал Хўжаев томонидан туман солиқ инспекцияси раҳбари Қурбонали Абдураҳмоновга нисбатан уюштирган фитнага аралашиб қолган. У солиқ идораси раҳбари олдига қарз сўраш мақсадида борганда, ИИБ ходимлари гуё уни солиқ раҳбари билан ушлаб олгандай таҳқирлаб, ялонғоч ҳолатда тасвирга олишган.
Мазкур воқеа ОАВда эълон қилингач, кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.
Олий суд матбуот хизмати зўравонлик ва туҳмат воқеаси юзасидан Фарғона вилояти Фурқат тумани ИИБнинг собиқ бошлиғи ҳамда унинг биринчи ўринбосари устидан суд иши бошланганини маълум қилди.
Ўз навбатида, Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси ушбу ҳолатни назоратга олганини маълум қилди.