platina.uz
Сиёсат

Шавкат Мирзиёев Туркий давлатлар ташкилотининг 2030 йилгача ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқишни таклиф этди

Ўзбекистонда қўшма тадқиқотлар ва инновациялар майдонига айланадиган Туркий давлатлар халқаро университети ташкил этилиши эълон қилинди. 

Шавкат Мирзиёев Туркий давлатлар ташкилотининг 2030 йилгача ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқишни таклиф этди
Фото: Президент матбуот хизмати.

Президент Шавкат Мирзиёев Туркий давлатлар ташкилотининг Габала саммитида қатор муҳим ташаббусларни илгари сурди. Улар туркий дунёнинг бирдамлигини мустаҳкамлаш, жаҳон сиёсати, иқтисодиёти ва гуманитар соҳадаги ролини оширишга қаратилган.

Жумладан:

- минтақавий ва глобал хавфсизлик масалалари бўйича ёндашувларни мувофиқлаштириш мақсадида Самарқандда ТДТ ташқи ишлар вазирлари ва махсус хизматлари раҳбарларининг биринчи қўшма учрашувини ўтказишни таклиф этди;

- Стратегик шериклик, абадий дўстлик ва қардошлик тўғрисидаги шартномани тез фурсатда қабул қилишни қўллаб-қувватлади ва Туркий давлатлар ташкилотини 2030 йилгача ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш ташаббуси билан чиқди;

- Туркий давлатларнинг иқтисодий шериклик бўйича Доимий кенгашини тузиш ва унинг Лойиҳа офисини Тошкентда жойлаштиришни таклиф этди;

- Янги иқтисодий имкониятлар маконини шакллантириб, Туркий давлатларнинг Саноат альянси, "Туркий яшил йўлаклар" тизими ва "Яшил трансформация" консорциумини ташкил этиш ташаббусини илгари сурди;

- Органик қишлоқ хўжалиги бўйича Экспертлар гуруҳини ташкил этиш ва туркий органик маҳсулотларнинг ягона брендини жаҳон бозорига олиб чиқишни таклиф қилди;

- Ўрта коридорни ривожлантириш ва уни Хитой – Қирғизистон - Ўзбекистон темир йўли ҳамда Трансафғон йўлаги лойиҳалари билан боғлашни қўллаб-қувватлади, божхона тартиботини рақамлаштириш ва тарифларни оптималлаштириш муҳимлигини таъкидлади;

- Туркий инвестиция жамғармаси фаолиятини кенгайтириш ҳамда халқаро ва миллий молия институтлари билан ҳамкорлик дастурини қабул қилишни тавсия этди;

- Сунъий интеллект ва креатив иқтисодиёт бўйича “йўл харитаси"ни қабул қилиш ва Туркий дунё халқаро кўргазмасини Ўзбекистонда ўтказиш ғоясини илгари сурди;

- Ўзбекистонда қўшма тадқиқотлар ва инновациялар майдонига айланадиган Туркий давлатлар халқаро университети ташкил этилишини эълон қилди;

- Экстремистик ва радикал мафкурага қарши курашиш бўйича ҳаракатлар режаси ва ёшларнинг экологик саводхонлигини ошириш бўйича қўшма чора-тадбирлар ишлаб чиқишни таклиф этди;

- 2026 йилда "Низомий Ганжавий ва Алишер Навоий ижоди – Туркий дунё маънавий ҳаётида" мавзусида халқаро конференцияни ўтказиш ташаббусини илгари сурди.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 70 119 55 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid