Франция бош вазири тайинланганига бир ой тўлмасдан истеъфо берди
Бу мамлакатда ҳукумат инқирози давом этаётганини билдиради. Миллий Ассамблеядаги барча партиялар Лекорню кабинетини кескин танқид қилди.

Франция бош вазири лавозимга тайинланганига бир ой бўлмасдан вазифасидан озод этилди.
Франция Бош вазири Себастян Лекорню янги ҳукумат таркиби эълон қилинганидан бир сутка ўтмай истеъфога чиқди.
6 октябр куни бош вазир президент Эммануэл Макрон билан 1 соатча учрашган.
Бу кутилмаган қарор Лекорню аввалги бош вазир Франсуа Байру ҳукумати қулаганидан кейин атиги 26 кун ўтиб содир бўлди.
Миллий Ассамблеядаги барча партиялар собиқ бош вазир Байру ҳукумати таркибидан деярли фарқ қилмаган Лекорню кабинети таркибини кескин танқид қилиб, уни рад этиш билан таҳдид қилган эди.
Қуролли кучлар собиқ вазири ва Макроннинг содиқ тарафдори бўлган Лекорню сўнгги икки йил ичида Франциянинг бешинчи бош вазири эди.
Байру ҳукумати сентябр ойида парламент унинг тежамкорлик бюджетини қўллаб-қувватлашдан бош тортганидан сўнг ишончлилик вотумидан маҳрум бўлди. Ушбу тежамкорлик ҳаракати давлат харажатларини 51 миллиард долларга қисқартиришни мақсад қилган эди.
Франциянинг бюджет тақчиллиги 2024 йилда ЯИМнинг 5,8 фоизига етди, давлат қарзи эса ЯИМнинг 114 фоизини ташкил этди. Бу кўрсаткич Еврозонада Греция ва Италиядан кейин учинчи энг юқори давлат қарзидир ва ҳар бир француз фуқаросига деярли 50 минг евро тўғри келади.
Францияда 2024 йил июлдан бери сиёсий вазият кескин беқарор бўлиб қолмоқда.