Насия бозори бўйича ахлоқ қоидалари лойиҳаси эълон қилинди
Реклама материалларида “0 фоиз”, “бепул”, “барчага мос” каби чалғитувчи иборалардан фойдаланиш тақиқланади.

Насия савдо бозорини тартибга солиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди.
Марказий банк насия савдо бозори иштирокчиларининг ахлоқ қоидалари лойиҳасини эълон қилди. Ҳужжат лойиҳасида Ўзбекистонда насия савдо бозорида янги талаблар жорий этиш кўзда тутилган.
Лойиҳага кўра, FinTex Ассоциацияси орқали бозор иштирокчилари учун “Ишонч белгиси” тизими жорий этилади. Ушбу белги насия хизматлари шаффоф ва қонунга мувофиқ йўлга қўйилганини англатади.
Шартномалар ва маълумот ошкоралигига оид қоидаларга кўра, ҳар бир насия ташкилоти ўз расмий веб-сайтида барча маҳсулотлар, тўлов тартиби, комиссия ва жарималар ҳақида очиқ маълумот бериши лозим. Мижозлар шартнома тузишдан олдин йиллик фоиз (APR), умумий тўлов суммаси ва кечиктириш оқибатлари ҳақида тўлиқ хабардор қилиниши шарт. Шунингдек, реклама материалларида “0%”, “бепул”, “барчага мос” каби чалғитувчи иборалардан фойдаланиш тақиқланади.
Янги талабларга кўра, насия хизматлари фақат 18 ёшдан катта фуқароларга кўрсатилади, илк лимит 2 млн сўм этиб белгиланган. Агар мижоз лимитни оширишни хоҳласа, унинг қарз юки 50 фоиздан ошмаслиги керак. Қарздорликни ундириш жараёнида таҳдид ёки босим ўтказиш каби ноқонуний усуллардан фойдаланиш қатъиян ман этилади. Барча фоиз ва йиғимлар йилига асосий қарзнинг ярмидан кўп бўлмаслиги лозим.
Шу билан бирга, фирибгарликнинг олдини олиш мақсадида янги мижозлар биометрик усулда рўйхатдан ўтказилади, ташкилотларда ахборот ва киберхавфсизлик бўлимлари фаолият юритади. Кредит бюролари билан ахборот алмашинуви йўлга қўйилади.
Лойиҳани бойитиш учун таклифлар қабул қилинмоқда.
Аввалроқ уч банк Марказий банк томонидан қоидабузарлик сабаб катта жаримага тортилганди.
ТБС банк томонидан қарз олувчиларга ортиқча белгиланган 2,5 млрд сўм фоизлар ҳамда қонунга зид равишда ҳисобланган 1,7 млрд сўм фоизлар истеъмолчилар фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилинди.