platina.uz
Жамият

Ҳакам суди судяси, ветеринария бошқармаси ўринбосари ушланди

Тошкент шаҳар каналлардан фойдаланиш бошқармасининг эса икки мансабдори қўлга олинди. Улар Бўзсув канали ҳудудига тўкилган чиқинди тупроқлар учун 60 млн сўм миқдорида жарима қўлламаслик бўйича пул талаб қилишган. 

Ҳакам суди судяси, ветеринария бошқармаси ўринбосари ушланди

Наманган, Фарғона ва Самарқанд вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида коррупцион ҳолатлар аниқланди.

Ўзбекистон халқаро арбитраж ва ҳакамлик судларини ривожлантириш жамоат фонди ҳузуридаги доимий фаолият кўрсатувчи Наманган вилоят ҳакамлик суди судьяси Чуст туманида яшовчи шахсга мазкур туманнинг “Мустақиллик” МФЙдаги 6 сотих ер майдонида жойлашган, қурилиши тугалланмаган баҳсли нотурар бинога эгалик ҳуқуқини берувчи ҳал қилув қарорини чиқариб бериш эвазига 3200 АҚШ доллари талаб қилади.

Давлат хавфсизлик хизмати ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда ҳакамлик суди судьяси ушбу пул маблағини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

ДХХ ва ИЖҚКД ходимлари ҳамкорлигида бошқа тезкор тадбир ўтказилган. Унда Фарғона вилояти Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармаси бош мутахассиси Ўзбекистон туманидаги чорвачилик билан шуғулланувчи фермер хўжаликнинг наслчилик тоифасига ўтказилганлиги тўғрисида гувоҳнома расмийлаштириб берганлиги эвазига мазкур хўжаликнинг иш бошқарувчисидан 500 АҚШ доллари олган вақтида ушланди.

Дастлабки суриштирув тадбирлари давомида бош мутахассис ушбу пул маблағини вилоят Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармаси бошлиғининг ўринбосарига бериши кераклиги маълум бўлиб, тезкор тадбир давом эттирилди ва мазкур мансабдор шахс 300 АҚШ долларини олган вақтида ушланди.

Самарқанд вилоятида кузатилган ҳолатда, Пастдарғом туманида бухгалтерия хизматлари кўрсатиш фаолияти билан шуғулланувчи МЧЖ раҳбари 2 нафар фуқарони ишончига кириб, уларни ўзи бухгалтерия ишини олиб бораётган корхоналарнинг гўёки ишчи ходими бўлганликлари ҳақида сохта маълумотлар киритиш орқали иш стажларини кўпайтириб, ҳар бирига 2,5 млн сўмдан пенсия тайинланишини “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази Пастдарғом туман бўлими ходими билан ҳал қилиб, нафақага чиқариб бериш эвазига 2000 АҚШ доллари талаб қилади.

Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда МЧЖ раҳбари келишилган пулдан 1900 АҚШ долларини олган вақтида ушланди.

Бу каби қонунбузилиши пойтахтимизда ҳам қайд этилиб, хусусан, Тошкент шаҳар каналлардан фойдаланиш ва уларга туташ ҳудудларни ободонлаштириш бошқармасининг 2 нафар бўлим бошлиғи ўз хизмат мавқеиларидан фойдаланган ҳолда, қурилиш фирмаси томонидан Бўзсув канали ҳудудига тўкилган чиқинди тупроқлар учун 60 млн сўм миқдорида жарима қўлланилиши юзасидан далолатнома расмийлаштирмаслик ва келгусида раҳнамолик қилиш эвазига тамагирлик йўли билан 30 млн сўм олган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланди.

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

ДХХ аввалроқ Фарғонада солиқ катта инспектори 30 минг доллар билан ушлангани ҳақида хабар берганди.

У қишлоқ хўжалигига мўлжалланган 48 сотих ерни юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали харидор номига расмийлаштириб бериш эвазига пул сўраган.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 70 119 55 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid