platina.uz
Иқтисод

Амалдорларнинг пуллари қандай “ювиляпти”?

Ўзбекистонда коррупционер амалдорлар пул ювишда “бир ўқ билан иккита қуённи” уришган. Хорижий инвесторлар Ўзбекистонга ишонмай қолганига қарамасдан, инвесторлар топиш қаттиқ талаб қилинган.

Амалдорларнинг пуллари қандай “ювиляпти”?
Фотоколлаж: Platina.uz

Ўтган ойда АҚШ президенти Доналд Трамп “Америка орзуси” сари элтадиган энг осон, аммо қимматроқ йўлни таклиф қилди: “атиги” 5 миллион доллар тўлаган хорижликлар “Трамп олтин картаси”ни қўлга киритиб, АҚШда доимий истиқомат ҳуқуқини қўлга киритиши мумкин. Бироқ талабгорларга қўйиладиган муҳим бир талаб овоза қилинмади. Чунки бу талаб Америка каби демократик жамият учун оддий ҳол, аммо кўпчилик мамлакатларда унчалик ҳам эътибор берилмайдиган ҳолат.

Яъни “Олтин карта” талабгорлари, умуман ҳар қандай пул киритувчи ва инвесторларнинг даромад манбалари қонуний, тўланадиган маблағлари қонуний йўллар билан топилган бўлиши лозим. Порахўрлик, фоҳишабозлик, ўғрилик, босқинчилик, фирибгарлик, шантаж, одам савдоси, қурол ҳамда наркотик моддалар ноқонуний савдоси орқали топилган даромадларни ривожланган давлатлардаги банклар ва ҳукуматлар қабул қилмайди. Ҳатто бу пулларнинг эгалари даромад манбаини исботлаб бера олмаса, терговга ва судга ҳам тортилиши мумкин.

Пул тозалаш машиналари

Хўш, катта-катта пора олиб, бюжетдан ўғирликлар қилиб пул тўплаган, энди эса тинчроқ ва қонун устуворроқ жойни қидириб, “сеҳрли диёр” тарафга “суриш”га шайланган амалдорлар нима қилишлари керак? Табиийки, улар қўлларида тўпланган нопокиза пулларни “тозалаб, ювиб олишга” эҳтиёж сезишади. Бунинг йўллари эса кўп.

Катта шаҳарларнинг марказларида ўта ҳашаматли дўконларга кўзингиз тушган бўлса керак. Бу ердаги товарларнинг нархлари ўта қиммат. Битта пайпоқнинг баҳоси 1 миллион сўм деб ёзилган бўлса, ажабланманг. Харидорлар деярли йўқ. Адашиб кириб қолган йўловчилар ҳам томоша қилиб-қилиб, чиқиб кетишади холос. Бу дўконларда гўзал сотувчи қизлар ва навқирон қўриқчи йигитларнинг маоши, марказдаги ижаранинг баландлиги, электр ва бошқа харажатларни ҳисоблаб кўринг-да, савдо деярли йўқ бўлса-да, ёпилмай, банкрот бўлмай ишлаб турганидан ҳайратланинг.

Аммо имкониятингиз бўлса, аниқроғи, шаффофлик таъминланган бўлса, бу дўконларнинг кунлик пул топшириши ва тўлайдиган солиқлари катталигини кўриб баттар ҳайратга тушасиз. Ғалати-да ахир, савдо деярли бўлмаса ҳам, инкассатор ходимлари бундай дўконлардан ҳар куни бир қоп пул олиб чиқиб кетишади.

Бундай дўконлар аслида савдо нуқталари эмас, ҳақиқий пул ювиш машиналари! Манбаси шубҳали ва ҳужжатсиз миллионлаб доллар мана шундай “бизнес” нуқталари орқали ўтиб, “пок-покиза” бўлиб эгаларининг чўнтагига қайтиб киради. Бу дўконлар орқали “шунча пулни қаердан олдингиз?”, деган саволга жавоб топилади – “марказдаги элита бутикларим катта даромад келтиради, бу пуллар улардан тушган, солиқлари ҳам тўланган”.

Ёки совет даврида катта пул тўплаган коррупционер амалдорлар ва “соядаги бизнесменлар” лотереялардан фойдаланишган. Улар автомобил ёки катта пул ютуғи чиққан лотерея соҳибларидан бу ютуқли билетларни ютуқ нархи ёки ундан ҳам қимматроққа сотиб олишган. Иқтисодий жиноятларга қарши курашувчи идора – ОБХСС ёки бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари олдида шу тариқа “юзлари ёруғ” бўлган.

Умуман олганда, пул ювиш – бу жиноий йўл билан олинган пул маблағлари ёки бошқа мулкни қонунга мувофиқ эгалик, фойдаланиш ёки тақсимлаш каби кўринадиган ҳолга келтириш, яъни уларни “соядаги” ҳамда ноқонуний бизнесдан расмий ва қонуний майдонга ўтказиш жараёнидир. Мақсад – ўша маблағлардан очиқ ва оммавий равишда фойдаланиш имконини яратиш, албатта. Расмий ҳужжатларда бу “жиноят йўли билан олинган пул маблағлари ёки бошқа мулкни легализациялаш”, оддий тил билан “пул ювиш” деб аталади.

Атаманинг келиб чиқиши: мафия ва “кир ювиш автоматлари”

Пул ювиш жараёнида даромаднинг ҳақиқий манбаси яширилади, реал олди-сотди операциялари формал операциялар билан алмаштирилади, иқтисодий моҳият бузилади; бошланғич босқичларда ҳужжатлар сохталаштирилиши, учинчи шахслар номига ўтказиш ҳам қўлланилиши мумкин. Маблағларни сўнгги легализация қилиш учун эса кўплаб қонуний меъёрлар ва бошқа кўплаб юридик механизмлардан фойдаланилади.

Пул ювиш (инглизча money laundering) атамаси АҚШда 1920-1930-йилларда пайдо бўлган; ўша пайтда мафия, хусусан, машҳур Ал Капоне ва унинг сафдошлари, ноқонуний спиртли ичимликлар савдоси, қимор ўйинлари ва фоҳишабозликдан олинган даромадни легаллаштиришга уринганлар.

Америка мафияси тўпланган нақд пулни легаллаштириш мақсадида, кўплаб автоматлаштирилган кир ювиш шохобчаларини очишган. Кичик, нархи паст, автоматлари бор ва мижозлари кўп кенг тармоқда нақд тушумни назорат қилиш қийин бўлган, шу боис ноқонуний олинган катта миқдордаги нақдни реал тушумга қўшиб юбориб, гўёки ҳалол бизнес ортидан топилган пул қилиб кўрсатиш имконияти туғилган.

Аммо америкалик ёзувчи Жефри Робинсон мазкур атаманинг пайдо бўлиши сабаблари бошқа, деган фикр билдирган. Ёзувчининг таъкидлашича, “пул ювиш” атамаси илк марта The Guardian газетаси томонидан Уотергейт скандали даврида Ричард Никсон сайлов кампаниясининг ноқонуний молиялаштирилишига боғлиқ равишда қўлланилган.

Глобаллашув шароитида пул ювишда кўпинча оффшорлар – “солиқ жаннатлари” саналадиган давлатлардан фойдаланилади; уларнинг банк тизимларида бенефициарлар анонимлиги ва махфийлиги таъминланади. (Бу ҳақда кейинги мақоламизда алоҳида сўз юритамиз – муаллиф.)

Нима бўлганда ҳам, ўшандан буён бу феномен бутун дунё бўйлаб тарқалди: Кариб оффшорларидан тортиб, Европа ва АҚШнинг нуфузли молиявий гигантлари иштирокидаги банк можароларигача айнан пул ювиш механизми билан алоқадор.

Ҳуқуқий чегаралар: тизимга қарши жиноят

Ҳозирги кунда пул ювиш – жиноий йўл билан олинган даромадларни легаллаштиришни англатади. Халқаро ҳуқуқда бу – топилган маблағнинг манбасини яшириш, уларнинг ноқонуний келиб чиқиши тўғрисида билган ҳолда ҳаракат қилиш ва уларни қонуний иқтисодиётга интеграциялашга уриниш билан боғлиқ жиноят сифатида талқин этилади.

Бу жараёнга турли мамлакатларда турлича ёндашилади. АҚШда – асосан наркотиклар, қурол, коррупция ва бошқа жиноий даромад йўлларига алоҳида эътибор қаратилади. Европа Иттифоқида эса бу тушунчага кенгроқ ёндашилади. Ҳар ҳолда бу – jus cogens, яъни деярли барча давлатлар учун мажбурий меъёр ҳисобланади – пул ювишга ёрдам бериш мумкин эмас!

“Ифлос” пулни ювишнинг уч босқичи

Мутахассислар пул ювишнинг анъанавий уч босқичини ажратиб кўрсатишади:

  1. Placement (жойлаштириш) – пулни банк тизимига киритиш (масалан, товар харидлари ёки сохта, бошқалар номига очилган фирмалар орқали).
  2. Layering (кўп босқичли ниқоблаш) – мураккаб (бир неча олувчилар занжири орқали) пул ўтказмалари, оффшор ҳисоблари, сохта операциялар шаклидаги мураккаб занжирлар.
  3. Integration (интеграция) – ювилган пулни “тоза” ҳисоблаб, уни қонуний тадбиркорлик схемаларига қайта киритиш: масалан, кўчмас мулк, санъат асарлари, қонуний бизнесларга инвестициялар ва ҳоказо.

Ҳозир эса анча мураккаб схемалар – криптовалюта миксерлари, молиявий-технологик платформалар, даркнетдан фойдаланиш каби воситалар ҳам қўлланиляпти.

Айрим экспертларнинг ёзишича, Ўзбекистонда биринчи маъмурият даврида коррупционер амалдорлар пул ювишда “бир ўқ билан иккита қуённи” уришган. Хорижий инвесторлар Ўзбекистонга ишонмай қолганига қарамасдан, президент инвесторлар топишни қаттиқ талаб қилган. Натижада амалдорлар ва уларнинг “мафия”га оид ҳамтовоқлари хорижда сохта фирмалар очиб ёки хорижликлар номига Ўзбекистондан пул ўтказиб, кейин бу пулларни гўёки Ўзбекистонга инвестиция қилиб киритиб, бизнеслар очишган. Ҳам жиноий пуллар ювилган, ҳам қонуний ва ҳукумат ҳимояси, кафолатлари ҳамда солиқ ва божхона имтиёзларидан фойдаланувчи сердаромад бизнес нуқталари очилган.

Халқаро миқёсда кураш: FATF ва “қора рўйхатлар”

1989 йилда Пул ювишга қарши молиявий чоралар ишлаб чиқиш гуруҳи (FATF) ташкил этилган. Мазкур ташкилот тузилган “қора рўйхатлар” – пул ювиш жиноятларига қарши курашда ҳамкорлик қилмаётган давлатларга босим ўтказиш воситасига айланган.

БМТ, Интерпол ва минтақавий ташкилотлар (масалан, Европадаги MONEYVAL) бу борадаги саъй-ҳаракатларни ўзаро мувофиқлаштиради. Халқаро конвенциялар давлатлардан махсус молиявий мониторинг агентликларини тузишни, банклардан мижозларни текширишни, яъни “Ўз мижозингни тани” (Know Your Customer) тамойилига амал қилишни талаб этади.

Замонавий реаллик: рақамлаштириш ва глобаллашув

Бугунги кунда пул ювиш кўлами ўта кенг – БМТ маълумотларига кўра, ҳар йили жаҳон ЯИМининг 2-5 фоизи “пул ювиш” жараёнидан ўтади – бу эса триллионлаб долларни ташкил қилади.

Лондондаги элит кўчмас мулкнинг тахминан 10 фоизи оффшор капитали билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Африкадан ҳар йили 30 миллиард долларгача маблағ ноқонуний кончилик схемалари орқали олиб чиқилади.

FinCEN Files маълумотларига кўра, фақатгина 5 йил ичида йирик банклар 2 трлн доллар миқдорида шубҳали транзакцияни амалга оширган.

Шу билан бирга, бу жиноий ҳаракатга қарши халқаро ҳамкорлик кучаймоқда, Швейцария ва Люксембург каби мамлакатлар банк махфийлигидан қисман воз кечган. Аммо муаммонинг кўлами қисқармаяпти.

Мутахассисларнинг айтишича, кўпинча учта соҳада пул ювиш хавфи ўта юқори:

  1. Банк тизими – коррупциялашган банклар ва аноним ҳисобварақлар орқали;
  2. Кўчмас мулк – Лондон ёки Дубайдаги ҳашаматли хонадонлар жиноий маблағларни сақлаш учун ўзига хос “сейф” вазифасини бажаради;
  3. Криптовалюта – улар XXI асрнинг янги “оффшорлари” ҳисобланади.

Яқин ўтмишда рўй берган йирик можаролар буни тасдиқлайди. Масалан, HSBC банки наркокартелларнинг миллиардлаб долларини ўтказгани фош этилган. Danske Bank Эстония филиали орқали 200 миллиард евро маблағни “ювган”. “Панама қоғозлари” ва “Пандора файли” бутун дунё бўйлаб сиёсатчилар ва олигархлар учун оффшор компаниялар тармоғини фош этган.

Миллий амалиётлар: АҚШдан Ўзбекистонгача

АҚШда Bank Secrecy Act номли ўта кескин қонун ва шубҳали операцияларни кузатиб борувчи FinCEN агентлиги мавжуд. Европа Иттифоқида – AML (Anti-Money Laundering) директивалари қўлланилади.

Ўзбекистонда ҳам, кўплаб постсовет давлатлари каби, молиявий мониторинг тузилмалари ташкил этилган бўлиб, банклар шубҳали операциялар ҳақида дарҳол хабар беришга мажбур.

Бироқ мутахассисларнинг таъкидлашича, ўтиш давридаги иқтисодиёт ва “соя иқтисодиёти”нинг катта улушга эгалиги боис бу тизимнинг самарадорлиги ҳозирча чекланган.

Рақамли давр: криптовалюта ва даркнет

Рақамларга мурожаат қилсак, Silk Road савдо майдончаси 2011-2013 йилларда биткоин орқали 1,2 миллиард долларлик транзакцияни амалга оширган.

2021 йилда АҚШнинг Bitfinex криптобиржаси хакерлар томонидан бузиб кирилганидан сўнг, 3,6 миллиард доллар қийматдаги криптовалютани мусодара қилган.

Chainalysis хизматининг баҳолашича, 2022 йилда 20 миллиард доллардан зиёд криптовалюта жиноят билан боғлиқ манзиллар орқали ўтган.

Шунга қарамасдан, криптовалюта тизими нафақат пул ювиш ихлосмандлари, балки бу жараён билан боғлиқ жиноятларини текшириш учун ҳам қулай жиҳатларга эга. Масалан, блокчейн шаффоф бўлиб, оффшорлардан фарқли ўлароқ, барча транзакциялар оммавий тармоқда нисбатан абадий сақланади. Бу эса тергов учун жуда қулай имконият яратади.

Хулоса: глобал “кир ювиш машинаси” жадал ишламоқда

Пул ювиш тарихи – бу фақат мафия ёки картеллар билан боғлиқ ҳикоялардан иборат эмас. Бу – уюшган жиноий гуруҳлар (мафия) ва сиёсий элиталарнинг ҳамкорлиги, оффшорлар, банклар ва криптобиржалар ортида яширилган тизими ҳисобланади. Panama Papers, FinCEN Files, HSBC, Danske Bank буларга жонли мисол бўла олади.

Иқтисодий ва ижтимоий оқибатлар

Пул ювиш соғлом рақобатни йўқ қилади: ҳалол бизнес “ифлос пуллар”га мағлуб бўлади. Бу соғлом инвестицион муҳитни бузади, коррупция кўламини оширади ва молиявий тизимга ишончни пасайтиради.

Бу муаммонинг сиёсий томони ҳам бор: жиноятчилар давлатга таъсир қилиш имкониятини “сотиб олишади”, давлат эса легитимлигини йўқотади.

Кураш самарали бўлади, агар...

Хўш, пул ювиш схемаларига қарши кураш устидан “мукаммал назорат тизими” мавжудми? Ҳозирча йўқ, эҳтимол яқин ўртада топилмас ҳам. Чунки жиноий схемалар қонунлардан тезроқ яратилади. Лекин технологиялар мувозанатни ўзгартирмоқда: бугун Big Data ва сунъий интеллект банкларга шубҳали операцияларни аниқлаш, “алоқалар тармоғини” қуришда ёрдам беряпти.

Шу билан бирга, FATF мутахассисларининг таъкидлашича, пул ювишга қарши кураш – бу фақат технологияларга эмас, балки сиёсий иродага ҳам боғлиқ. Агар сиёсий элиталарнинг ўзлари “хуфиёна капитал”дан шахсий манфаатдор бўлса, ҳеч қандай назорат иш бермайди.

Абулфайз Сайидасқаров

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 70 119 55 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid