Тошкентда дорихона ва дўкон номлари ёзилган пештахталар бузиляпти
Вазирлар Маҳкамаси 5 йил аввал имзолаган 104-қарорда ахборот берувчи пешлавҳалар юзаси 1 квадрат метрдан ортиқ бўлмаслиги керак деб кўрсатилган.

Тошкентдаги дўконлар ва дорихоналарга илинган пештахталар бузиб ташланяпти. Бунга шаҳар ҳокимлигининг Рақамли ривожланиш департаменти юборган огоҳлантириш хатлари асос бўлган.
Департаментга кўра, дўкон номи ёзилган пешлавҳалар ташқи реклама ҳисобланади. Бу Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил февралдаги 104-сонли қарорида белгиланган. Унга кўра, ахборот берувчи пешлавҳалар юзаси 1 квадрат метрдан ортиқ бўлиши керак эмас. Акс ҳолда, улар ташқи реклама деб баҳоланади ва белгиланган тартибда реклама жойининг паспорти расмийлаштирилиб, тўлов қилиниши лозим.
Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 31 августдаги 428-сон қарорида хусусийлаштирилган, ижарага берилган ёки нодавлат ташкилотларга тегишли бўлмаган ер участкалари, хусусий мулк бўлган биноларда ташқи реклама объектларини жойлаштириш учун реклама жойи паспорти Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали расмийлаштирилиши лозимлиги белгиланган.
Тадбиркорларнинг айтишича, бу талаб “мини маркет”, “дорихона”, “гўшт дўкони” каби бренд номини кўрсатмайдиган пешлавҳаларга ҳам қўлланяпти.
Бизнес-омбудсманнинг маълум қилишича, Дорихоналар ассоциацияси раисидан дорихона пешлавҳалари реклама сифатида баҳоланаётгани ҳақидаги норозилик мурожаати келиб тушган. Мурожаатда “дорихона” ёзуви оддий ахборот берувчи пешлавҳа экани, ҳеч қандай бренд ёки маҳсулот тарғиб қилинмаётгани таъкидланган.
“Дорихона ёзуви 1 квадрат метрдан катта бўлса, реклама сифатида талқин қилинмоқда, лекин дорихона сўзи бренд ёки товар номи эмас. Талаб қонуний, аммо адолатли эмас. Бу ҳукуматнинг 104-сонли қарорида назарда тутилган. Бизнес-омбудсман тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун қарорга ўзгартириш киритиш масаласини кўряпти”, деган бизнес-омбудсман вакили.
Ушбу ҳолатга Вазирлар Маҳкамаси, Рақобат қўмитаси ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳозирча расмий изоҳ бермади.