Олий тоифали ўқитувчиларга ипотека кредити берилади
Ушбу кредит бошланғич бадалининг 25 фоизини давлат қоплаб беради. Педагогнинг ўқишга кирган фарзанди конракти учун чегирма жорий этилади.

2026 йилдан бошлаб камида 15 йил стажга эга бўлган олий тоифали педагогларга ипотека кредити бошланғич бадалининг 25 фоизи қоплаб берилади. Бу ҳақда президент табригида сўз борган.
"Биз ўқитувчи ва устозлик касбининг мақоми ва нуфузини оширишга ҳал қилувчи масала сифатида қарамоқдамиз. Шу боис соҳа ходимларининг меҳнат ва яшаш шароитини яхшилаш ислоҳотларимизнинг энг устувор йўналиши бўлиб қолади. Жумладан, янги йилдан бошлаб камида 15 йил стажга эга бўлган олий тоифали педагогларга ипотека кредити бошланғич бадалининг 25 фоизи қоплаб берилади", дейилади табрикда.
Шунингдек, келгуси ўқув йилида давлат олийгоҳларига ўқишга кирган педагоглар фарзандларининг контракт суммасига 30 фоиз чегирма жорий этилиши мўлжалланмоқда. Ўқитувчиларнинг замонавий компютер техникаларини харид қилишлари учун 10 миллион сўмгача имтиёзли кредит ажратилади.
"Янги йилдан соҳа ходимлари учун давлат хизматлари тўлови икки карра камайтирилади. Дунёдаги ТОП-300 талик олийгоҳларга ўқишга кирган бўлғуси педагогларга 20 минг долларгача имтиёзли таълим кредити ажратилади. Мухтасар айтганда, ўқитувчи ва мураббийлик касбини жамиятимиздаги энг муҳим ва обрўли касбга айлантириш бўйича бошлаган ишларимиз изчил давом эттирилади", дейилади табрикда.