platina.uz
Жамият

Манипуляция қурбони бўлган ўзини ўзи банд қилганлар

Бу орқали энди ишсизлар сони бугундан кескин оша бошлайди, балки бош ислоҳотга айланган камбағаллик даражаси ҳам.

Манипуляция қурбони бўлган ўзини ўзи банд қилганлар

Бугун, 1 октябрдан мопед ва скутерлар учун ҳайдовчилик гувоҳномаси ва давлат рақами белгилари талаби кучга кирди. Энди минглаб талабалар ва ёшлар яна ишсизга айланади. Чунки "права"га ўқиш ва рақам сотиб олиш анча қиммат ва узоқ жараён.

Ушбу қоидалар кучга киргунга қадар жамоатчиликнинг жиддий эътирозларига сабаб бўлди. Аммо ташаббускорлар бўлмиш Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси мопедлар иштирокидаги ЙТҲлар статистикаси билан кифояланди холос.

Жумладан, партиялардан биринчи ва ягона бўлиб бонг урган Халқ демократик партияси мопед ва скутерларни бошқариш учун ҳайдовчилик гувоҳномаси талаб этилиши муддатини кейинги йилга қолдирган ҳолда, ҳайдовчилик гувоҳномаси ва давлат рақамини олиш учун муддатлар ва тўловлар миқдорини қайта кўриб чиқишни таклиф этганди.

Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати эса "скутер ва мопед ҳайдовчилари йўл ҳаракати қоидаларини билмаслиги оқибатида қанчадан-қанча автоҳалокатлар содир бўлиб, одамлар вафот этаётганини билдирган. Унга кўра, 2025 йилнинг 8 ойида скутер ва мопед сингари транспорт воситалари иштирокида 300 дан ортиқ ЙТҲ юз берган, улар оқибатида 53 киши вафот этиб, 259 киши тан жароҳати олган.

"Газета" мопедчи-курьерларнинг фикрларини ўрганиб чиққан. Уларнинг аксарияти ишсиз қолиши, қишлоққа қайтиб кетиши, ўқишга ва рақамга тўлов қилишга имкони йўқлиги, А тоифани ўқитадиган автомактаблар камлиги ҳақида гапиришган.

Блогерлар нима дейди?

Иқтисодчи блогер Отабек Бакировнинг билдиришича, 130 минг иш ўрни бир кунда йўқ бўлиши мумкин.

"Ўзбекистонда давлатдан триллионлаб субсидия ва имтиёзлар олиши, миллиардлаб долларлик пудратлар ва давлат буюртмаларига эга чиқиши, миллионлаб ўзбекистонликларни қон қақшатиб протекционистик чекловлар туфайли доллардаги миллиардерларга айланганига қарамай, бирон бир олигарх ёки чўнтак валломат ҳали 100 минг ишчи тугул, 50 минг ишчи ўрни яратмаган.

Лекин давлатдан ва бюджетдан бир сўм пул олинмай, охирги 2-3 йилда янги бозор пайдо бўлиши ҳисобига яралган 130 минг иш ўрни бир кунда йўқ бўлиши мумкин. Буям қайсидир бир очофат тўданинг тор манфаатини ҳукумат қарорига кўр-кўрона киритиб юборишгани туфайли", деб ёзган Бакиров.

Блогерга кўра, аслида бунинг осон йўли бор эди: мопед ва скутерларни Давлат хизматлари марказларида стикер билан идентификациялаш, ҳайдовчилари учун имтиҳонсиз М тоифали гувоҳнома жорий қилиш.

"Пулхўрлар ўз мақсадига етиш учун ўлимлар билан боғлиқ ахборот манипуляциясини ишлатишгача бормоқда", дея куюнган блогер.

Блогер Давлетовуз Телеграм канали ҳам норозилигини билдириб, осон ва арзон ечим кераклигини ёзган.

"Тан олиш керакки, ҳали кўпчилик бу амалиётга тайёр эмас. Яъни гувоҳнома олиш учун ўқимаган, имтиҳон топшириб керакли ҳужжатни ҳам олмаган. Эътиборлиси – бу восита ёшларни иш билан таъминлаш, камбағаллар учун ортиқча ғалвасиз иш ўрни яратаётган етказиб бериш хизматининг ўта зарур қуролига айланди.

Президент бошчилигида баҳорда ўтказилган селекторда “курьерлик хизмати корхоналари мопед олиб келиб, одамларни иш билан таъминлаётгани, лекин мопеднинг ўзи 300 доллар турса, уни стандартдан ўтказиб, сертификат олишга яна шунча маблағ кетаётгани” танқид қилинганида ҳам мақсад шу эди.

Ҳа, тартиб бўлиши керак, ҳа, хавфсизлик ҳам жуда муҳим. Лекин буни эртадан кечгача ишлаб, рўзғорини тебратаётган, ўқишига ёрдам қилаётган, ота-онасига кўмаклашаяётган бечора курьерларнинг зиммасига ташлаб қўйиш — бандлик ва камбағалликка қарши кураш сиёсатидан чекинишдир.

Мутасаддилар, керак бўлса, агрегаторлар билан ҳамкорликда тез ва самарали ечим топиши лозим. Қисқа муддатда (бир ҳафталик, 10 кунлик) ортиқча бюрократик талабларсиз ўқитиб, скутер ва мопед ҳайдовчилик гувоҳномаси нархларини чўнтакбоп қилиш, зарур бўлса, бюджетдан компенсация қилиш йўлидан бориш мақсадга мувофиқ. Чунки мопед ва скутерга ҳашаматли транспорт воситаси эмас, балки меҳнат қуроли сифатида қараш керак", деб ёзган блогер.

Блогер Муҳрим ҳам ўз фикрларини билдирди:

"Бу “ислоҳот” бошқа кечиктирилмаса керак, чунки бу “ислоҳот”нинг буюртмачилари пул ишлаши керак, шундоқ ҳам бир марта кечиктирилганидан анча пул йўқотган чиқар. Уларга ўзбекларнинг Россияга мардикорчиликка кетиш-кетмаслиги, талаба контрактини энди тўлай оладими-йўқми, қизиқ эмас. “Ейишга нонингиз бўлмаса, пирожний енг” дейдиган тоифа улар. Пулини ишласа бўлди. Пул, пул, пул!".

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid