Трамп Россия ҳудудига узоқ масофали ракеталар билан зарба йўллашга рухсат берди
АҚШ томони Киевни қанотли ракеталар билан таъминлаш имкониятини фаол муҳокама қилган. Бу қарор Путинни музокаралар столига ўтиришга мажбурлаш учун қабул қилинди, дейилади ОАВ хабарида.

АҚШ президенти Доналд Трамп Украинага Россия ҳудудига узоқ масофали ракеталардан зарбалар беришга рухсат берди. Бу ҳақда АҚШ президентининг махсус вакили Кейт Келлог Fox News телеканалига берган интервюсида маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, Трамп, шунингдек, вице-президент Ж.Д.Венс ва Давлат котиби Марко Рубио ўзларининг очиқ баёнотларида Украина Қуролли Кучлари Россия ҳудудига чуқур зарбалар бериш учун ўзларининг мавжуд имкониятларидан фойдаланиши мумкинлигини аниқ кўрсатган. "Тақиқланган ҳудудлар йўқ", деб таъкидлади Келлогг.
АҚШ Украина президенти Владимир Зеленский сўраган 2500 километр масофага учувчи “Tomahawk” ракеталарини Киевга топширадими, деган саволга Келлог ҳали якуний қарор қабул қилинмаганини айтди. Аввалроқ АҚШ вице-президенти Ж.Д.Венс Оқ уй Киевни қанотли ракеталар билан таъминлаш имкониятини фаол муҳокама қилаётганини маълум қилганди.
"Бу борадаги якуний қарорни президент қабул қилади. Президент Қўшма Штатлар манфаатларига мос келадиган қарорга келади", - деди Венс.
The Telegraph манбаларига кўра, Зеленский БМТ Бош Ассамблеяси доирасидаги учрашувда Трампдан “Tomahawk” ракеталарини сўраган. Унинг қайд этишича, бу Россия президенти Владимир Путинни музокаралар столига ўтиришга мажбур қилади. Кейинроқ Зеленский Трамп унинг илтимосини кўриб чиқишга ваъда берганини маълум қилди.
Украина раҳбари, шунингдек, Россия куч марказларига зарба беришни таклиф қилди. "Улар бомба бошпаналари қаерда эканлигини билишлари керак", деди Зеленский Кремл расмийлари ҳақида.
Аввалроқ TheWall Street Journal манбалари Украина расмийлари шу ҳафта Вашингтонга ташриф буюриб, Мудофаа вазири Пит Хегсет билан Украина Қуролли кучларини "Tomahawk” ракеталари ва бошқа узоқ масофага учувчи қуроллар билан таъминлаш имкониятларини муҳокама қилишини маълум қилганди.
Бироқ нашр манбаларининг таъкидлашича, Трамп Зеленскийга узоқ масофали зарбаларга қарши эмаслигини айтган бўлса-да, у бу борада ҳеч қандай мажбурият олмаган. Аввалроқ Трамп маъмурияти Киевга Россияга зарба бериш учун ракеталардан, жумладан, АТАCМС'дан фойдаланишга рухсат бермаган эди.