Исмоил Жўрабеков 94 ёшида вафот этди
У бош вазир биринчи ўринбосари — қишлоқ ва сув хўжалиги вазири, Президент маслаҳатчиси каби муҳим лавозимларда ишлаган.

Ўзоқ йиллар Ўзбекистон ҳукуматида муҳим лавозимларда ишлаган Исмоил Ҳакимович Жўрабеков 94 ёшда вафот этди.
Исмоил Жўрабеков 1931 йил 12 сентябрда Самарқанд вилоятида туғилган. У узоқ йиллар мобайнида қишлоқ хўжалиги ва сув ресурслари соҳасида юқори лавозимларда фаолият юритган.
1956 йилдан бошлаб турли масъул вазифаларни бажарди: Пастдарғом тумани ирригация тизимлари бошқармаси муҳандиси ва раҳбари, "Самарқандсувқурилиш" трести бошлиғи, кейинчалик эса республика мелиорация ва сув хўжалиги вазири лавозимида ишлади.
Шунингдек, Жўрабеков Ўзбекистон ССР Министрлар Совети раиси ўринбосари, Давлат агросаноат қўмитаси раиси, фуқаро муҳофазаси ишлари бўйича вазир, Президентнинг ижтимоий-иқтисодий масалалар бўйича давлат маслаҳатчиси сифатида ҳам ишлаган. У, шу билан бирга, Бош вазир биринчи ўринбосари — қишлоқ ва сув хўжалиги вазири сифатида ҳам ишлаган.
“Буюк хизматлари учун”, “Дўстлик” орденлари билан тақдирланган.