platina.uz
Жамият

Бўзсув канали ифлосланиши юзасидан 1,5 млрд сўмлик компенсация белгиланди

Ҳолат сабаб “Тошкент сув таъминоти”га нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Пойтахт прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари бошланди. 

Бўзсув канали ифлосланиши юзасидан 1,5 млрд сўмлик компенсация белгиланди

Бўзсув канали ифлосланиши юзасидан 1,5 млрд сўмлик компенсация тўлови белгиланди. Бу ҳақда Экология вазирлиги хабар берди.

Ижтимоий тармоқларда Тошкент вилояти Бўзсув каналига канализация сувлари оқизилаётганлиги ҳақидаги хабарлар тарқалди. Ҳолат юзасидан тегишли текширув ўтказилди.

Оқова сувларнинг чиқиш жойларидан олинган лаборатория таҳлил натижаларига кўра, “Бўзсув аэрация иншооти”нинг биринчи сонли ташламасида муаллақ моддалар чекланган миқдордан 23,7 марта, аммоний иони 101,9 марта, азот нитрит 3,5 марта, сульфатлар 2,3 марта, фосфатлар 1,3 марта, БПК 19,6 марта, нефть маҳсулотлари 2,52 марта, мис 4,16 марта, темир 12,4 марта юқори эканлиги аниқланган.

Шунингдек, объектнинг учинчи сонли ташламасида муаллақ моддалар белгиланган миқдордан 22,1 марта, аммоний иони 19,9 марта, азот нитрит 8,5 марта, сульфатлар 2,8 марта, фосфатлар 1,3 марта, БПК 17 марта, нефть маҳсулотлари 1,78 марта, мис 3,3 марта, темир 3,6 марта юқори эканлиги маълум бўлди.

Дастлабки текширув давомида атроф-муҳитни ифлослантирганлик ҳамда оқова оқизганлик оқибатида 1 млрд 511 млн 966 минг 450 сўм қўшимча компенсация тўлови ҳисобланди.

Ҳолат юзасидан Бош прокуратура томонидан ЖКнинг 205- ва 207-моддалари билан “Тошкент сув таъминоти” АЖга нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Айни дамда Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

"Ўзсувтаъминот" АЖ ҳам ушбу ҳолат юзасидан изоҳ бериб ўтди.

"Ушбу мавзу бугун пайдо бўлиб қолгани йўқ. Маълумки, Тошкент шаҳридан чиқаётган оқова, яъни канализация сувларини тозаловчи 3 та иншоот мавжуд. Улар аҳолидан келаётган маиший, яъни ошхона, ҳаммом, ҳожатхона сувларини қабул қилиш учун мўлжалланган бўлиб, биологик усулда тозалаш техника ва технологиялари билан жиҳозланган. Бунда айнан кимёвий ташламаларни бирламчи корхоналар тозалаши назарда тутилган.

Бироқ, юртимизда тадбиркорлик ва ишлаб чиқариш жараёнларининг ривожланиши ва улардан канализацияга ташланаётган турли кимёвий чиқиндилар ҳамда текстил корхоналардан чиқаётган бўёқ қолдиқлари, яъни рангли сувлар иншоотларнинг ишига салбий таъсир кўрсатмоқда. Аслида белгиланган меъёрга кўра, ҳар бир ишлаб чиқарувчи корхонада локал иншоот бўлиши талаб этилади. Ушбу бирламчи иншоотлар корхонадан чиқаётган кимёвий чиқиндиларни тозалаши лозим.

Аммо бундай иншоотларнинг эксплуатацияси қимматга тушганлиги боис, афсуски, баъзи ишлаб чиқарувчилар корхонадан чиққан оқова сувларни канализацияга оқизиб юборишни афзал кўрмоқдалар", дейилади изоҳда.

"Сиз тасвирда кўраётганингиз турли рангли оқова сувлар текстил корхоналаридан чиқмоқда. Тозалаш иншооти ранглар ва кимёвий ташламаларни ажратиб ололмайди, афсуски.

Республикамиздаги барча ишлаб чиқариш корхоналаридан бу каби оқова сувларни канализация тармоқларига ёки табиатга йўналтирмасликларини, бу каби хатти-ҳаракатлари нафақат ишлаб чиқариш, жамият ёки табиат меъёрларига, балки инсонийлик принципларига ҳам тўғри келмаслигини эслатиб ўтамиз", дея таъкидланади АЖ изоҳида.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid