Сурияда суд собиқ президент Башар Асадни қамашга ордер берди
2011 йилда Дараа вилоятида ҳукуматга қарши намойишлар қонли тарзда бостирилганди. Асадга шу иш юзасидан айблов қўйилган.

Дамашқ суди ўтган декабрь ойида ҳокимиятдан четлатилган Сурия мобиқ президенти Башар Асадни ҳибсга олишга ордер берди.
Айбловлар 2011 йилда Дараа вилоятида ҳукуматга қарши намойишларни бостириш билан боғлиқ. Бу норозиликлар қонли можарога сабаб бўлиб, бошқа давлатлар, жумладан, Россия иштирокида кенг кўламли урушга айланган. Асаднинг ўзи ўтган декабр ойида исёнчилар ҳокимиятга келганидан кейин қочиб кетган. Ҳозирда у оиласи билан Россияда бўлиб, унга сиёсий бошпана берилган.
Суриянинг SANA ахборот агентлигига кўра, даъво Дараадаги намойишларнинг зўравонлик билан бостирилиши қурбонларининг яқинлари томонидан берилган. Асад қасддан қотиллик, қийноқлар ва ноқонуний қамоққа олишда айбланмоқда.
Сурия Олий суди ҳибсга олиш ордери Башар Асадни халқаро қидирувга, жумладан, Интерпол орқали ҳам қўйиш имконини беришини таъкидлади.
Дараадаги норозилик намойишлари 2011 йил март ойида бошланган. Апрел ойи охирида норозиликларни бостириш учун шаҳарга армия бўлинмалари ва зирҳли техникалар киритилган.
Кейин хавфсизлик кучлари намойишларни тўхтатиш учун намойишчиларга қарата ўт очди. Фаолларнинг хабар беришича, Дараадаги намойишларнинг дастлабки олти ҳафтасида юзлаб намойишчилар ҳалок бўлган.
Июл ойида Франция кассация суди Сурия собиқ президентини ҳибсга олиш ордерини бекор қилган эди. Суд ҳукмига кўра, Башар Асад Сурия президенти сифатида, ҳатто уруш жиноятлари ва инсониятга қарши жиноятлар учун жавобгарликка тортилмайди.
Франциядаги ордер Асад Сурияда ҳали ҳокимиятда бўлган вақтда — 2023 йил ноябрида — 2013 йилда кимёвий қурол қўллангани бўйича жиноий иш доирасида чиқарилган.
Шундан сўнг прокурорлар Асаднинг давлат раҳбари сифатидаги дахлсизлигини таъкидлаб, ҳибсга олиш ордерининг қонунийлигига эътироз билдирган.
2025 йил январ ойида режим қулаган ва Асад Суриядан қочиб кетганидан сўнг, Францияда Сурия собиқ президентини инсониятга қарши жиноятларда айбланиб ҳибсга олиш учун навбатдаги ордер чиқарилган эди. Бу айбловлар 2017 йилда Сурия ва Франция фуқаролигига эга бўлган шахс ўлдирилган Дума шаҳрининг портлаши билан боғлиқ.
Сурияни қарийб чорак аср бошқарган Башар Асад ўтган декабр ойида ҳокимиятдан ағдарилган ва Россияга қочиб кетган. Сурия режими қулаганидан кейин у оиласи билан Москвадан бошпана олди.