Тадқиқот: манго диабет хавфини камайтиради
Кунига битта манго истеъмол қилиш қонда глюкоза назоратини яхшилайди ва танадаги ёғни камайтиради. Манго таркибида шакар бўлса ҳам бошқа егуликлар каби унча зарарли эмас.

Диабет хавфини камайтирувчи мева ҳақида маълумот берилди.
Олимлар энг ширин тропик мевалардан бири бўлган манго таркибида қанд миқдори юқори бўлишига қарамай, диабет хавфини камайтириши мумкинлигини аниқлашди. Foods журналида чоп этилган узоқ муддатли клиник тадқиқот шуни кўрсатдики, диабетга чалинган одамларда кунига битта янги манго истеъмол қилиш қон глюкоза назоратини яхшилайди, инсулин сезгирлигини оширади ва танадаги ёғни камайтиради.
Тадқиқотда икки гуруҳ кўнгиллилар иштирок этди: бирига ҳар куни манго (тахминан 32 грамм шакар), иккинчисига эса шакар миқдори кам бўлган ширинлик (тахминан 11 грамм шакар) берилди.
Олти ойдан сўнг, "ширин" мева кўпроқ фойдали бўлди: манго иштирокчилар қонидаги шакарни камайтирди ва метаболик саломатликни яхшилади.
Тадқиқот муаллифлари нафақат шакар даражаси, балки маҳсулотнинг таркиби ва хусусиятлари ҳам муҳимлигини таъкидлайдилар.
Манго таркибида фойдали толалар, витаминлар ва антиоксидантлар мавжуд бўлиб, улар ширинлик омилини бартараф қилади ва танага қўшимча фойда келтиради. Шакар қўшилган егуликлардан фарқли ўлароқ, мевалар метаболик саломатликни қўллаб-қувватлайди ва диабетнинг олдини олишнинг бир қисми бўлиши мумкин.
Аввалроқ қовурилган картошканинг яна бир хавфи аниқланганди. Ушбу маҳсулотни севиб истеъмол қилиш қандли диабет эҳтимолини оширади.