platina.uz
Жамият

Тошкентнинг 2 та туманидаги айрим уйлар бўйича реновация инвесторлари маълум бўлди

Уларнинг бири 4 йилдан бери ишлаётган бўлса, иккинчиси ҳали ташкил этилмаган фирма ҳисобланади.

Тошкентнинг 2 та туманидаги айрим уйлар бўйича реновация инвесторлари маълум бўлди

Тошкент шаҳрининг Чилонзор ва Бектемир туманларидаги айрим уйларни реновация қилиш бўйича танлов ғолиблари аниқ бўлди. Пойтахт ҳокимлиги уларни инвестор деб атаган. Platina.uz ўрганиб чиқди.

Хусусан, Чилонзор тумани Катта Қозирабод маҳалласидаги 1,54 гектар ер участкасида амалга ошириладиган реновация лойиҳаси юзасидан 2024 йил 10 октябрда ўтказилган танловда ISSAAR DEVELOPMENTS МЧЖ ғолиб деб топилган.

Очиқ маълумотларга кўра, ушбу фирма 2021 йил июлда рўйхатдан ўтган, устав фонди салкам 6,5 млрд сўм. Юридик манзили сифатида ҳам ўша маҳаллада жойлашган уй кўрсатилган. Раҳбари Раупжон Ҳакимов.

Реновация лойиҳаси амалга ошириладиган ҳудуднинг Чилонзор кўчаси 93-, 95-, 97-уйлар манзилидаги кўп хонадонли 2 қаватли уйлардаги жами 42 та хонадон ушбу инвестор ҳисобига ўтказилган. Бу бўйича 42 нафар мулкдор билан нотариал тартибда олди-сотди шартномалари ва келишувлар тузилган.

Бектемир тумани Ҳусайн Бойқаро маҳалласининг 2,47 гектар ер участкасида амалга ошириладиган реновация лойиҳаси юзасидан 2025 йил 23 мартда ўтказилган танловда “Олтин балиқ” МЧЖ ғолиб деб топилган.

Очиқ манбаларда ҳозирча бу фирма ҳақида ҳеч нима маълум эмас. Ёки энди рўйхатдан ўтади, ёки регистрациясига ҳал кўп бўлмаган. Устав фонди 2 млн сўм бўлган ва Қорақалпоғистонда рўйхатдан ўтган "Алтин балиқ" МЧЖнинг буларга дахли бўлмаса керак.

Ҳусайн Бойқаро кўчаси 74-, 76-, 78-, 80-уйдаги кўп хонадонли 2 қаватли уйлардаги жами 80 та хонадон ушбу инвестор балансига ўтган.


Маълумот учун, Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 30 июлдаги 460-сон қарори 6-бандига асосан, Тошкент шаҳрида реновация лойиҳаларини амалга оширишда Тошкент шаҳар ҳокими томонидан реновация ҳудуди чегараси тасдиқланганидан сўнг, унинг чегарасидаги ер участкалари Тошкент шаҳар ҳокимлигига доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан расмийлаштирилиб, ушбу ҳудуд келгусида Тошкент шаҳар ҳокимлигининг “Тошкент Инвест компанияси” АЖга ёки “Тошкент Инвест компанияси” АЖ ва инвестор ўртасида тузилган инвестиция шартномаси асосида унинг амал қилиш муддатига инвесторга ижара ҳуқуқи билан қайта расмийлаштирилади.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid