Шавкат Мирзиёев АҚШда турли арбоблар, тадбиркорлар билан учрашувлар ўтказди
Улар орасида АҚШнинг етакчи компаниялари раҳбарлари, халқаро молия ташкилотлари етакчилари ва бошқалар бор. “NASDAQ” биржаси раиси билан "Тошкент" фонд биржасини модернизация қилиш режалари кўриб чиқилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 22 сентябрь куни Нью-Йорк шаҳрида Халқаро валюта жамғармаси бошқарувчи директори Кристалина Георгиевани қабул қилди.
Ушбу нуфузли глобал тузилма билан шерикликни кенгайтиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.
ХВЖ раҳбари Кристалина Георгиева Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган янгиланишларга юксак баҳо бериб, ортга қайтмас ислоҳотларни қатъий қўллаб-қувватлашини таъкидлади.

Жамғарма билан макроиқтисодий сиёсат, бюджет ва солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш соҳаларида самарали ҳамкорлик қилинаётгани мамнуният билан қайд этилди. Мутахассисларимиз ХВЖ марказларида мунтазам равишда малака ошириш дастурларидан ўтмоқда. Жорий йилда мамлакатимиз молия соҳасининг барқарорлиги биргаликда баҳоланди ва "йўл харитаси" қабул қилинди.
Учрашув давомида пул-кредит ва фискал сиёсатни ривожлантириш, статистика тизимини трансформация қилиш бўйича жамғарманинг экспертлик кўмагини давом эттириш, шунингдек, иқтисодий идоралар ходимлари учун ўқув дастурларини кенгайтириш юзасидан келишувларга эришилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Нью-Йорк шаҳрига ташрифи чоғида ўзи учун ажратилган қароргоҳда АҚШнинг етакчи компаниялари раҳбарларини қабул қилди.
Делегация таркибида учрашувда “Traxys” компанияси директорлар кенгаши раиси Алан Доктер, Колорадо геология мактаби вице-президенти Жон Бредфорд, “FLSmidth” компанияси катта вице-президенти Питер Фланаган, “McKinsey” компаниясининг катта ҳамкори ва Марказий Осиё бўйича офиси раҳбари Ермолай Солженицин ва “Go Green Partners” компанияси бош директори Михаил Седой қатнашди.
АҚШнинг ушбу етакчи компания ва ташкилотлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтиришнинг амалий жиҳатлари кўриб чиқилди.
“Traxys” муҳим хомашё ва минераллар, шу жумладан энергетик ўтиш учун зарур бўлган хомашё ва минералларни етказиб бериш бўйича жаҳон етакчиларидан бири ҳисобланади. Компания билан биргаликда геология-қидирув ва конларни ўзлаштириш соҳасида 1 миллиард долларлик истиқболли лойиҳалар портфели шакллантирилган. Муҳим минералларни қазиб олиш, қайта ишлаш ва барқарор етказиб бериш занжирларини яратиш соҳасида илғор технологиялар ва билимларни жорий этиш бўйича битим ва "йўл харитаси" қабул қилинди.
Колорадо кончилик мактаби тоғ-кон саноати учун мутахассислар тайёрлаш бўйича етакчи муҳандислик университетидир.
Ушбу таълим муассасаси билан Ўзбекистон геология фанлари университети қошида Компетенциялар марказини ташкил этиш масаласи ишлаб чиқилмоқда.
“FLSmidth” тоғ-кон ва бойитиш саноати учун технологиялар ва ускуналарни ишлаб чиқиш билан шуғулланади. Компания мамлакатимиз мис саноатини ривожлантиришда фаол иштирок этмоқда.
“McKinsey” тоғ-кон саноати корхоналарини бошқариш, консалтинг ва стратегик ривожлантириш соҳасида илғор компания ҳисобланади. Компания билан биргаликда мамлакатимиз хомашё базасини ривожлантириш, тоғ-кон саноати қувватларини кенгайтириш ва уни чуқур трансформация қилиш стратегияси тайёрланди.
“Go Green Partners” "яшил" энергетика учун муҳим минералларни қазиб олиш ва қайта ишлашга сармоя киритишга ихтисослашган. Компания истиқболли майдонларда геологик қидирув ишларини олиб боришни режалаштирмоқда.

Мазкур компанияларнинг умумий капиталлашуви 20 миллиард АҚШ долларидан ошади.
Лойиҳаларни жадаллаштириш ва янги таклифлар тайёрлаш мақсадида қўшма ишчи гуруҳ тузиш ва "йўл харитаси"ни қабул қилишга келишиб олинди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Нью-Йорк шаҳрига амалий ташрифнинг ишбилармонлик дастури доирасида "Blackrock" инвестиция компанияси директорлар кенгаши аъзоси ва катта бошқарувчи директори Адебайо Огунлесини қабул қилди.
“Blackrock” – Американинг активлар ва фондларни бошқариш, шунингдек, молиявий хизматлар кўрсатишга ихтисослашган йирик инвестиция компанияси. Компания активлари 11 триллион АҚШ долларидан ошади.
АҚШнинг етакчи компанияси билан стратегик шерикликни, энг аввало, энергетика, транспорт ва сув инфратузилмасини ривожлантириш соҳаларида янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Қўшма фонд ташкил этиш режалари қўллаб-қувватланди. Тез фурсатда Платформа концепцияси келишилади ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бошланади.

Нью-Йорк шаҳрига амалий ташриф доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Жаҳон банки гуруҳи президенти Ажай Банга билан учрашуви бўлиб ўтди.
Суҳбат аввалида давлатимиз раҳбари Ажай Бангани банк фаолиятидаги ривожланаётган мамлакатларнинг иқтисодий ўсишини қўллаб-қувватлашга қаратилган муваффақиятли ислоҳотлар билан табриклади.
Ўз навбатида, Жаҳон банки раҳбари мамлакатимизда Янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ўзгаришлар натижаларини юқори баҳолади.
Жаҳон банки гуруҳи билан стратегик шерикликни янада кенгайтиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.
Кейинги йилларда ушбу глобал молиявий институт билан, энг аввало, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар доирасидаги устувор дастур ва лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ва илгари суришда ҳамкорликда юксак даражага эришилгани мамнуният билан қайд этилди.
Мамлакатимиз банкнинг Европа ва Марказий Осиёдаги энг йирик ҳамкорларидан биридир. Қўшма лойиҳалар портфели 14 миллиард доллардан ошди. Тошкентда Жаҳон банкининг минтақавий офиси очилди. Яқинда Наманган шаҳрида ўтган "Камбағалликдан фаровонлик сари" III халқаро форуми якунлари юксак баҳоланди.
Давлатимиз раҳбари амалдаги Шериклик дастурида асосий эътиборни барқарор ўсишни таъминлашга, лойиҳаларни жадал, сифатли ва самарали амалга оширишга қаратиш муҳим эканини таъкидлади.

Камбағалликка қарши курашиш, хотин-қизлар ва ёшлар учун иш ўринлари яратиш, янги "Намунали маҳалла" модели асосида ҳудудларни комплекс ривожлантириш, қишлоқ инфратузилмаси, хусусий сектор лойиҳаларини қўллаб-қувватлашни кенгайтириш, давлат активларини хусусийлаштириш масалаларида экспертлик кўмаги, иқтисодиётни карбонсизлаштириш ва молия соҳасини трансформация қилиш стратегиясини амалга ошириш каби йўналишлар устувор этиб белгиланди.
Банк Марказий Осиё минтақасидаги стратегик инфратузилмавий лойиҳаларни илгари суришда иштирок этиши муҳимлиги қайд этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Нью-Йорк шаҳрига ташрифи доирасида АҚШнинг энг йирик молиявий корпорацияси – “Citigroup” раиси Жон Дуганни қабул қилди.
“Citigroup” банк, инвестиция ва молия хизматларини кўрсатишга ихтисослашган. Унинг бозор капиталлашуви 100 миллиард АҚШ долларидан ортиқни ташкил этади, компания умумий қиймати 2,3 триллион АҚШ долларидан зиёд бўлган активларни бошқаради.
Учрашувда корпорация билан ҳамкорлик жадал ривожланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди.
“Citigroup” кўмагида Ўзбекистон банклари ва давлат корхоналарининг облигациялари халқаро фонд бозорларида муваффақиятли жойлаштирилди. Тошкентда компаниянинг офиси очилди.
Йирик давлат корхоналари бўйича IPO битимларини тайёрлаш ва тузиш, еврооблигациялар чиқариш, мамлакат рейтингини оширишни таъминлаш учун маслаҳат ёрдамини кўрсатиш, шунингдек, молиявий ечимларни ишлаб чиқиш ва савдони молиялаштиришнинг янги воситаларини ишга тушириш борасида ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Корпорация билан ўзаро манфаатли шерикликни кенгайтириш бўйича "йўл харитаси"ни қабул қилишга келишиб олинди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Нью-Йорк шаҳрига ташрифнинг ишбилармонлик дастури доирасида “NASDAQ” фонд биржаси раиси Адена Фридман билан учрашув ўтказди.
“NASDAQ” - 30 триллион АҚШ долларидан ортиқ активларни бошқарувчи дунёдаги етакчи молия бозори операторларидан бири.
"Тошкент" фонд биржасини модернизация қилиш, давлат облигациялари савдоси учун яхлит инфратузилма яратиш режалари кўриб чиқилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Oppenheimer Holdings” компанияси президенти ва бош ижрочи директори Роберт Ловентални қабул қилди.

“Oppenheimer” - Американинг мустақил инвестиция банки бўлиб, дунё миқёсида инвестиция ва банк хизматлари, молиявий маслаҳат, капитал бозорлари ва активларни бошқариш хизматларини тақдим этади.
Холдингнинг Ўзбекистонда хусусий бизнес лойиҳаларини ривожлантириш ва евробондлар чиқаришга қўшаётган ҳиссаси қайд этилди. Хусусий секторни молиялаштириш дастурларини кенгайтириш режалари қўллаб-қувватланди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Нью-Йорк шаҳрига ташрифининг ишбилармонлик дастури доирасида АҚШнинг етакчи компаниялари, инвестиция жамғармалари ва молиявий институтлари раҳбарлари билан давра суҳбати ўтказди.
Тадбирда АҚШ Президентининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича махсус вакили Сержио Гор, глобал шерикликлар бўйича махсус вакили Паоло Замполли, савдо вазири ўринбосари Уильям Киммитт, Америка - Ўзбекистон савдо палатаси раиси Кэролин Лэмм, “Franklin Templeton”, “Citigroup”, “BNY Mellon”, “NASDAQ”, “Boeing”, “Mastercard”, “Visa”, “General Motors”, “Nvidia”, “Oppenheimer”, “Jefferies”, “Air Products”, “Traxys”, “FLSmidth”, “GoGreen Partners”, “Cleveland Clinic”, “Cargill” каби компанияларнинг топ-менежерлари ҳамда Ўзбекистоннинг йирик компаниялари раҳбарлари иштирок этди.
Давлатимиз раҳбари сўзининг аввалида АҚШ Президенти Дональд Трамп билан яқинда бўлиб ўтган мулоқотда иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш ва узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган салмоқли лойиҳалар портфелини шакллантиришга келишиб олинганини алоҳида таъкидлади. Шу муносабат билан мазкур учрашув ушбу вазифаларни илгари суришда алоҳида аҳамиятга эга экани қайд этилди.
Кейинги йилларда Ўзбекистон ва АҚШнинг кўп қиррали ҳамкорлиги юксак даражага кўтарилди. Товар айирбошлаш ҳажми 8 йилда 4 баробар ошди. АҚШнинг 300 дан ортиқ компанияси Ўзбекистонга сармоя киритди.
“Franklin Templeton” билан биргаликда Миллий инвестиция жамғармаси ташкил этилди.
Муҳим минералларни қайта ишлаш ва барқарор етказиб бериш занжирларини шакллантириш, АТ, сунъий интеллект, рақамлаштириш, транспорт, энергетика ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш, "ақлли" қишлоқ хўжалиги, илғор технологияларни жорий қилиш ва кўплаб бошқа соҳаларда аниқ лойиҳаларни илгари суриш иқтисодий ва инновацион шерикликнинг устувор йўналишлари сифатида қайд этилди.
Ўз навбатида, АҚШнинг етакчи компания ва банклари раҳбарлари Ўзбекистон Президентига уларнинг самарали фаолияти учун яратилган қулай шароитлар учун миннатдорлик билдириб, ушбу тармоқларда муҳим лойиҳа ва дастурларни амалга оширишда иштирок этиш режаларини баён қилдилар.
АҚШнинг етакчи компаниялари, инвестиция фондлари ва молия институтлари раҳбарлари билан ўтказилган давра суҳбатидан сўнг Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва АҚШ Президентининг махсус вакили Сержио Гор ҳузурида икки томонлама битимларни алмашиш маросими бўлди.
Хусусан, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик лойиҳаларини амалга ошириш бўйича қуйидаги ҳужжатлар имзоланган:
- Транспорт вазирлиги ва "Boeing" компанияси ўртасида транспорт соҳасида узоқ муддатли ҳамкорлик тўғрисида битим;
- "Технопарк" МЧЖ ва "FLSmidth" компанияси ўртасида тоғ-кон ускуналарини ишлаб чиқариш бўйича қўшма корхона ташкил этиш тўғрисида битим;
- "Akfa group" ва "Cleveland Clinic" ўртасида кўп тармоқли клиника ва таълим муассасасини ташкил этиш тўғрисида битим;
- "Centrum Air" авиакомпанияси ва "Oppenheimer" инвестиция компанияси ўртасида ўзаро шериклик ва ҳамкорлик тўғрисида битим;
- Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ва "Citigroup" компанияси ўртасида ҳамкорлик тўғрисида битим;
- "Ўзбекгидроэнерго" АЖ ва "Cargill Financial Services International" компанияси ўртасида молиявий ҳамкорлик тўғрисида битим;
- "Ўзтрансгаз" АЖ ва "Pangea Filtration Technology" компанияси ўртасида ҳамкорлик тўғрисида битим;
- Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ҳамда "Cove Capital" компанияси ўртасида истиқболли майдонларда геология-қидирув ишларини олиб бориш тўғрисида битим;
- "Янги Кон" МЧЖ ва "SLB" компанияси ўртасида ҳамкорлик тўғрисида битим;
- Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси билан "Biologic International" компанияси ўртасида сунъий интеллект ва биотехнологиялар соҳасидаги лойиҳаларни молиялаштириш учун жамғармалар ташкил этиш бўйича ҳамкорлик тўғрисида битим.
БМТ Бош Ассамблеясининг 80-юбилей сессияси доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ) бош директори Нгози Оконжо-Ивеала билан учрашув ўтказди.
Мамлакатимизнинг ЖСТга аъзо бўлиши борасидаги амалий ҳамкорликни мустаҳкамлашнинг долзарб жиҳатлари кўриб чиқилди.
Ушбу халқаро ташкилотга аъзо мамлакатлар билан музокаралар суръати мамнуният билан қайд этилди.
ЖСТ меъёрлари ва қоидаларига мувофиқ миллий қонунчиликни, шу жумладан техник жиҳатдан тартибга солиш ва озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги қонун ҳужжатларини уйғунлаштириш бўйича фаол ишлар олиб борилмоқда.
Жорий йил ноябрь ойида бўлиб ўтадиган Ишчи гуруҳнинг навбатдаги йиғилиши натижадорлигини таъминлаш, шунингдек, 2026 йилда музокаралар якунланиши ва мамлакатимиз ташкилотга қўшилиши муҳим экани таъкидланди.