Бакалавриат йўналишларида вакант қолган ўринлар учун танлов ўтказилади
Бунда 56,7 балл ва ундан юқори натижа кўрсатган, рўйхатдан ўтишнинг иккинчи босқичида ОТМ ва бакалавриат таълим йўналишларини танламаган абитуриентларга имкон берилади.

Абитуриентлар учун олий таълимга кириш бўйича қўшимча имкониятлар белгиланди.
Ўзбекистон таълим ташкилотларига қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси мажлисининг тегишли баёни тасдиқланди.
Унга кўра:
-бакалавриат таълим йўналишларида вакант қолган ўринлар учун танлов ўтказилади. Бунда 56,7 балл ва ундан юқори натижа кўрсатган, бироқ талабаликка тавсия этилмаган, шу жумладан рўйхатдан ўтишнинг иккинчи босқичида олий таълим ташкилоти ва бакалавриат таълим йўналишларини танламаган абитуриентларга ҳам имконият яратилади;
-кириш имтиҳонлари натижаларига кўра абитуриентлар учун табақалаштирилган тўлов-контракт асосида ўқишга кириш имконияти яратилади;
-республикада фаолият кўрсатаётган хорижий ва нодавлат олий таълим ташкилотларига давлат буюртмалари тасдиқланди;
-Қорақалпоғистон ёшлари учун қўшимча грант ва тўлов-контракт ўринлари ажратилди.
Шунингдек, Президент гранти учун ажратилган квоталарнинг таълим соҳалари бўйича тақсимоти ҳамда давлат олий таълим ташкилотларининг магистратура мутахассисликларига танлов натижалари тасдиқланди.
Мазкур қарор абитуриентлар учун олий таълимга кириш имкониятларини янада кенгайтириш ва ёшларни олий таълим билан қамраб олиш даражасини оширишга хизмат қилади, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, 14 август куни 2025/2026 ўқув йили учун олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига кириш тест синовлари бўйича танлов натижалари эълон қилинганди.