platina.uz
Жаҳон

Трамп АҚШда ишламоқчи бўлган хорижликлар учун 100 минг доллардан пул ундириш бўйича фармонни имзолади

Бу H-1B ишчи визасига тааллуқли. Катта тўлов сабаб компаниялар хорижликларни ишга олмаслиги мумкин. 

Трамп АҚШда ишламоқчи бўлган хорижликлар учун 100 минг доллардан пул ундириш бўйича фармонни имзолади

АҚШ президенти Доналд Трамп H-1B ишчи визаси дастури учун ариза берувчилардан йиллик 100 минг доллар йиғим ундириш ҳақидаги фармонни имзолади.

BBC'га интервью берган экспертлар бу қарор “Американинг технология соҳасида рақобатбардошлигига путур етказишидан” қўрқишади.

Шу билан бирга, Оқ уй раҳбари АҚШда доимий яшаш учун 1 миллион доллар тўлашга қодир бўлган шахслар учун “олтин карта” яратиш тўғрисидаги буйруқни имзолади.

Трампнинг фармонида H-1B ишчи визаси дастурини “суиистеъмол қилиш” бўйича гап боради. Керакли $100 000 тўловни тўламаслик кириш чекловларига олиб келади.

Танқидчилар узоқ вақтдан бери H-1B визалари Америка меҳнат бозорига путур етказишини таъкидлаб келишган, дастур тарафдорлари эса, жумладан, миллиардер Илон Маск ҳам Қўшма Штатларга бутун дунёдан энг яхши истеъдодларни жалб қилиш имконини беради, дейишади.

Трампнинг буйруғи 21 сентябрдан кучга киради, у фақат янги аризаларга тааллуқли бўлади, бироқ АҚШ савдо вазири Говард Лутникнинг сўзларига кўра, компаниялар ҳар бир аризачи учун олти йил давомида бир хил миқдорда тўлашлари керак.

"Компаниялар қарор қабул қилишлари керак ... бу одам ҳукуматга йилига 100 000 доллар тўлаш учун қимматлими ёки улар америкаликни ёллашлари керакми", деди у. Вазирнинг айтишича, "барча йирик компаниялар бу ғояни қўллаб-қувватлайди".

Ҳозиргача H-1B визалари умумий қиймати тахминан 1500 долларни ташкил қилувчи турли маъмурий тўловларни ўз ичига олган.

АҚШ Фуқаролик ва Иммиграция Хизмати маълумотларига кўра, кейинги молиявий йил учун H-1B визасига аризалар сони тахминан 359 000 тага камайди, бу тўрт йиллик энг паст кўрсаткичдир.

АҚШда яшовчи ўзбекистонлик Беҳзод Мамадиевга кўра, бу қарор орқали "хорижликларнинг АҚШда ишлаши саробга айланади".

"Бу нимага олиб келади? АҚШДА қолиб ишлаш орзуси кўпчилик учун де факто ушалмас орзуга айланади. АҚШГА келадиган хорижлик талабалар сони камайиши мумкин. АҚШ компанияларига иш учун ариза топширадиган хорижликлар сони ҳам сезиларли даражада қисқаради, чунки умид йўқ, деб ўйлашади. Американинг технология компаниялари ишга ёллайдиган хорижликлар сони кескин тушиб кетади. Бу орада қанча талантлар, бўлажак Илон Маск, Сатя Наделла ва Сундар Пичай каби генийлар кашф қилинмай қолиб кетади. Бугун Америкадаги инновациялар марказида турган бу шахслар бир пайтлар АҚШда "H-1B" визаси билан ишлаган. Хуллас, Америка ютқазади", деб ёзади у.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid