platina.uz
Жамият

Мопед ва скутерлар учун ҳайдовчилик гувоҳномаси ва давлат рақами тўловларини қайта кўриб чиқиш таклиф этилди

Тегишли ташаббус ХДП томонидан илгари сурилди. Партия 1 октябрдан кучга кирадиган талабларни кечиктиришни сўраган. 

Мопед ва скутерлар учун ҳайдовчилик гувоҳномаси ва давлат рақами тўловларини қайта кўриб чиқиш таклиф этилди

Халқ демократик партияси мопед ва скутерлар учун ҳайдовчилик гувоҳномаси ва давлат рақамини олиш учун муддатлар ва тўловлар миқдорини қайта кўриб чиқишни таклиф этди.

Жорий йилнинг 1 октябридан мопед ва скутерларни бошқариш учун ҳайдовчилик гувоҳномаси талаб этилиши ҳақидаги хабар жамоатчиликнинг кенг муҳокамаларига, турли фикр-мулоҳазаларга сабаб бўлмоқда.

Айрим маълумотларга кўра, ҳозир 130 минг нафарга яқин ёшлар курьерлик хизмати билан банд. Бу фақат велосипед, мопед ва скутерлар орқали хизмат кўрсатаётган фуқаролардир.

"Камбағалликни қисқартириш, битта барқарор иш ўрни яратиш учун кўплаб чоралар кўрилаётган ҳозирги муҳим даврда ўзини ўзи банд қилган, халқимизга хизмат қилаётган юртдошларимиздан мопед ва скутерларни бошқариш учун ҳайдовчилик гувоҳномаси талаб қилинаётган вақт, албатта, қисқа ҳисобланади.

Тўғри, бу борада ҳукумат томонидан муддатлар узайтирилган, бироқ талабгорларнинг жуда ҳам кўп бўлган миқдорини инобатга олиб, бу даврда ҳужжат талаб қилиш мақсадга мувофиқлигини яна бир бор ўйлаб кўриш лозим. Боиси, мазкур соҳада хизмат қилаётган кўплаб фуқаролар боқимандалик кайфиятига берилмасдан, кимдандир ёрдам кутмасдан, даромад топишга, молиявий муаммоларини ўзи ҳал қилишга интилмоқда.

Жорий этилиши кутилаётган тартибга кўра, бир кунда юз минглаб ёшлар даромад манбаисиз, ишсиз қолиши мумкинлиги ҳақида ўйласак, масаланинг қанчалик чуқур ва кенг экани равшанроқ бўлади", дейилади партия хабарида.

Шу боис, жорий йилнинг 1 октябридан мопед ва скутерларни бошқариш учун ҳайдовчилик гувоҳномаси талаб этилиши муддатини кейинги йилга қолдирган ҳолда, ҳайдовчилик гувоҳномаси ва давлат рақамини олиш учун муддатлар ва тўловлар миқдорини қайта кўриб чиқиш таклиф этилди.

ХДП бу борада тегишли тартибда депутатлик сўровини киритишини билдирган.

2025 йил 1 октябрдан бошлаб мамлакатда мопед ва скутер ҳайдовчилари учун янги талаблар кучга кириши режалаштирилмоқда.

Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси маълумотларига кўра, энди транспорт воситалари давлат рўйхатидан ўтказилиши ва фақат «A» тоифадаги ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлган шахслар томонидан бошқарилишига рухсат берилади.

Янги қоида мопед ва скутерларнинг турли жиҳатларини қамраб олади. Аниқроқ айтганда, бензинли двигателининг ишчи ҳажми 25 см³ дан 50 см³ гача бўлган транспорт воситаларига, шунингдек электр двигателининг қуввати 0,25 кВтдан 4 кВтгача бўлган воситаларга ушбу талаб татбиқ этилади. Шу билан бирга, конструктив тезликлари 25–50 км/соат оралиғидаги мопед ва скутерлар ҳам қоидага киритилган.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid