Нега Непалдаги инқилоб ижобий натижа бермайди?
Непал камбағал мамлакат. Aҳолининг салмоқли қисмининг даромади хорижда ишлаётган қариндошларининг пул ўтказмаларига боғлиқ саналади. Экспертлар ушбу давлатдаги сиёсий эврилишлардан катта нарса кутгани йўқ.

Кўпчиликка дунё томи, дунёдаги энг баланд чўққи – Эверест (Жомолунгма) билан машҳур Непалда сентябр ойининг илк ўн кунлигида рўй берган намойишлар ҳаммани ҳайратга солди. Ҳукуматдан норози халқ кўчаларга чиқди. Намойишчилар ҳокимият институтларини, жумладан ҳукумат саройини том маънода вайрон қилишди. Мазкур сарой 1903 йилда қурилган бўлиб, Непал давлатчилигининг рамзларидан бири эди. Бундай намойишларга машҳур ижтимоий тармоқларнинг тақиқланиши сабаб бўлди, деб айтилмоқда. Аммо муаммонинг илдизлари ва кескинлашув омиллари анча чуқурроқ. Уларни таҳлил қилиш Непалда аслида қандай ижтимоий-сиёсий инқироз юз берганини англашга ёрдам беради.
Инқилоб механизми ёхуд халқ ва ҳукумат нимага келишиб олади?
Энг аввало айтиш керак, ҳукумат ва халқ ўртасидаги муносабатлар, содда қилиб айтганда, маълум бир шартнома ва келишувлар (конституция ва қонунлар) асосида шаклланади.
Яъни халқ ўз ичидан маълум бир инсонларни танлаб олиб, уларга маълум бир вазифа ҳамда топшириқлар беради. Мамлакатни ташқи ва ички таҳдидлардан ҳимоя қилиш (армия), хаосга йўл қўймаслик учун тартиб ўрнатиш, фаровонлик, тинчлик ва барқарорликни таъминлаш (ҳукумат, вазирликлар, маҳаллий маъмурият ва полиция), фуқаролар ўртасида адолатли ҳакамлик (судлар), ташқи субъект ва халқлар билан муносабатга киришиш (ташқи фаолият идоралари – ТИВ) шулар жумласидандир.
Бундай хизматни адо қилиш эвазига халқ ўзининг айрим ваколатлари ва эркинликларидан воз кечади ҳамда мазкур танланган шахсларнинг буйруқ ва қарорларига бўйсуниш мажбуриятини ўз зиммасига олади. Шунингдек, бошқарув таркибига халқдан йиғилган солиқлар ва мамлакат ер ости ва усти бойликларидан адолатли фойдаланиш имтиёзини беради. Бироқ улардан қандай фойдаланилаётгани ҳақида халққа, аниқроғи халқ вакилларидан иборат парламентга ҳисобот бериб туришни талаб қилади.
(Президент ва бош вазирнинг парламентга ҳар йилги мурожаати - бу олий раҳбарнинг “қуёшдек порлоқ чеҳрасини” кўриш ва унинг “доно ўгитлари”ни эшитиш бахтига муяссар бўлиш имконияти эмас, балки унинг бир йил давомида ўз вазифаларини қандай бажаргани ҳақида халққа хисобот беришидан иборат мажбурий сиёсий жараён холос).
Буни худди уйингиз ёки корхонангизни қўриқлаш учун маош эвазига қоровул ёллаганингизда, унинг айрим талабларига (кириш ва чиқишда ҳужжат кўрсатиб кириш, кетишда чироқларни ўчириб, эшикларни қулфлаб кетиш ва ҳоказо) бўйсунишга ўхшатиш мумкин. Гарчи қоровул ўзини шу компаниядаги энг муҳим шахс ҳисобласа ҳам, у аслида ёлланма ишчи бўлади холос.
Бироқ тегишли ижтимоий келишувда (конституция ва қонунларда) кўрсатилган талаблар ва шартлар бажарилмаса, халқ бундай ҳокимиятни алмаштиришга ҳақли. Буни худди уйингизга маош эвазига қоровул ёллаганингизда, у вазифасини адо эта олмаса, уни ишдан бўшатиб, ўрнига яхшироқ ва интизомлироқ қоровул ёллашга ўхшатиш мумкин.
Лекин халқ маош эвазига ёллаган давлат раҳбарлари ва хизматчилари ўз вазифаларини адо эта олмаса, ўзига берилган ваколат ва имтиёзларни суиистеъмол қилсачи? Халқ фойдасига ишламаётгани етмагандек, унга зулм қилиб, унинг қонунда белгиланган азалий ҳуқуқлари – сўз, эътиқод, меҳнат қилиш ва эркин яшаш эркинларига тажовуз қила бошласачи? Ўзини даҳо чоғлаб, халқдан унга ҳамду-сано ўқишлари ва сиғинишларини талаб қила бошласачи?
Албатта ҳукумат ва ҳокимият аъзоларини худди қоровул каби исталган вақтда бўшатиб, ўрнига янгисини олиш имкони йўқ. Бу жамиятда беқарорлик ва катта молиявий харажатларга олиб келар эди. Бунинг учун халқ кейинги сайловларни кутиши ва ўшанда нобоп, ноқобил ва ўғри ҳукуматни “кетига тепиб”, янгисини сайлаши керак, қоида бўйича.
Ёки сайловгача кутиб бўлмайдиган кескин шароит юзага келса, айрим демократик давлатлар қонунларига киритилган импичмент (инглизча impeachment — ишончсизлик, латинча impedivi — «тўсқинлик қиламан, чеклайман” сўзидан) механизми кўзда тутилган.
Ноқобил президент ёки ҳукукуматга парламент – яъни халқ вакиллари импичмент эълон қилади - ишончсизлик билдиради ва уни бошқаси билан алмаштириш жараёнини бошлайди.
Лекин виждонсиз ва ўғри ҳукумат импичмент механизмини атайлаб қонунлардан олиб ташлаган бўлсачи? Ёки маълум бир муддатда ўтказиладиган сайловларнинг адолатли ва холис бўлишига тўсқинлик қилиб, айрим аблаҳ диктаторларга ўхшаб, 20-30 йиллаб “тахтни” бўшатгиси келмаса, халқ ичидан вакиллар чиқиб, унга конституция ва қонунларни (яъни халқ ва ҳукумат ўртасидаги шартномани) эслатса, уларни қамаб ёки ўлдириб юбораверсачи? Зўравонлик билан ҳокимиятни эгаллаб ўтиришга интилсачи? Халқ бойликларини халқ фойдаси учун эмас, балки ўз ҳамтовоқлари, қариндошлари, ўғил-қизлари ва куёвларини бой қилиш, ҳашаматли ва имтиёзли ҳаёти учун сарфласачи? Уларга адолатсиз тарзда устуворлик ва имтиёзлар беришга ўрганиб қолсачи? Яъни сиз маош эвазига ёллаган қоровул унга берилган қурол ва мақомдан фойдаланиб, сизга таҳдид қила бошласачи?
Бундай шароитда халқ зўравонликка зўравонлик билан жавоб қайтаришидан бошқа чораси қолмайди. Яъни ҳокимиятни қонуний, тинч йўл билан эмас, куч билан ўзгартиришга мажбур бўлади. Демакки инқилоб юз беради. Инқилоб худди оловга ўхшайди. У муттаҳам ва ўғри диктатор ҳамда автократларни, шунингдек, уларнинг нопок ҳамтовоқлари ва қариндошларини тўфон каби супуриб ташлайди. Бундай кескин сиёсий ҳаракатда нафақат ҳукумат аъзолари ва унинг қариндошлари, балки оддий халқ вакиллари ҳам қурбон бўлиши ачинарли.
Монархия ва коммунистлар жангими?
Непалдаги намойишлар асосида ҳам ҳукуматнинг халқ олдидаги мажбуриятларини бажамаргани асос бўлган, дейиш мумкин.
Аввало, ҳар қандай инқилоб аввало ўз сиёсий мақсадларига, маълум бир режага, ўз етакчиси (харизматик ва обрўли шахс ёки партия) ва ташкилотчиларига эга бўлади. Бироқ Непалдаги намойишлар ортида бу атрибутларнинг ҳеч бири, хусусан, ҳеч қандай аниқ сиёсий мақсад бўлмаганини таъкидлаш керак.
2007 йилги муваққат конституцияга кўра, Непал парламент республикаси ҳисобланади. 2015 йилги конституция Непални социализм қуришга йўналтирилган давлат, деб эълон қилди. Economist Intelligence Unit маълумотларига кўра, мамлакат 2018 йилги “Демократия индекси”да гибрид режим сифатида таснифланган.
Аслини олганда, аввал бошда, Непалда мамлакатни ташқи дунёдан иҳоталашга қилишга уринган монархия мавжуд эди. У минтақа учун анъанавий динларга таянган. Булар ҳиндуийлик ва буддавийликдир. Aҳоли таркибининг аксарияти – 80 фоизи ҳиндулар бўлса-да, аҳолини кўпинча икки дин жипслаштириб туради.
Непалдаги маочилар ва марксистик-ленинчилардан иборат маҳаллий коммунистлар монархияга қарши курашди. Маочилар 1996 йилдан бери монархияга қарши қуролли кураш олиб орган, иккинчиси эса қонуний фаолият юритган. 2018 йилда улар Непал Коммунистик партиясини тузиш учун бирлашди. 2021 йилда иккала партия яна қайта тикланди.
Бу узоқ ўтиш давридан кейин содир бўлди. Непал қироли Гянендра юқоридан туриб, сиёсатни бироз эркинлаштирган ҳолда ўз ҳокимиятини сақлаб қолишга ҳаракат қилди. 1990 йилдан бошлаб мамлакатда икки қисмдан иборат парламент - Вакиллар палатаси (205 киши) ва Миллий ассамблея (60 киши) мавжуд эди. Ушбу икки босқичли модел ҳали ҳам мавжуд. Қизиғи шундаки, Миллий мажлис Вакиллар палатаси томонидан тайинланадиган 35 кишидан иборат бўлган: 15 нафари вилоят вакиллари, 10 нафари эса қирол томонидан тайинланган.
Ўтиш даврининг мураккабликлари
2002 йилда қирол парламентни тарқатиб юборди. 2004 йилда эса сайловлар ўтказишга ваъда берган. 2006 йилда демократияга чақирувчи оммавий норозилик намойишлари бошланди. 2008 йилда 1-таъсис мажлиси чақирилиб, у монархияни бекор қилди. Лекин янги конституция қабул қилишнинг уддасидан чиқмади. Непалда партиялар сифатида шаклланган турли сиёсий кучлар пайдо бўлди. Шиддатли тортишувлар ўзаро келишувга эришишга тўсқинлик қилди.
Натижада 2013 йилда 2-таъсис мажлиси чақирилди. Унда марказчи Непал Конгресси партияси ва иккита асосий коммунистик партиялар - маочилар ва марксистик-ленинчилар устунликка эга эди.
Бундан ташқари, ўнлаб кичик партияларнинг вакиллари ҳам бор эди. 2015 йилда Непал Конституцияси қабул қилинди. Унинг қабул қилиниши ўнлаб қурбонлар билан тартибсизликларни келтириб чиқарди. Кўпчилик аҳоли дунёвий давлат тузилганидан норози бўлди. Конституциянинг қабул қилиниши билан, ўтиш даври тугади.
Қизғин сиёсий ҳаёт саҳнаси
2015 йилдан 2016 йилгача марксист-ленинчилар етакчиси Прасад Шарма Оли Бош вазир бўлди. Кейин у 2018 йилдан 2021 йилгача, шунингдек, 2024 йилдан 2025 йил 9 сентябргача ушбу курсида ўтирди. Сўнгги норозилик намойишлари пайтида истеъфога чиқди.
Шундай қилиб, 2008 йилда монархия бекор қилинганидан бери Непал анчагина қизғин сиёсий ҳаёт кечирди. Мамлакатда мунтазам сайловлар ўтказиб келинади, сиёсий партиялар ҳам бир талай. Мафкурада сўл партиялар ҳукмрон, лекин либераллар, консерваторлар – собиқ монархистлар ҳам бор. Ҳозирда ҳатто маочилар ҳам сиёсий тузумнинг муҳим қисми ҳисобланади.
Таъкидлаш жоизки, Непалда таъсис ассамблеялари чақирилганидан кейин сиёсий элита сезиларли даражада ўзгарди. У ҳатто парламентда либераллар ва монархистлар билан бирга ўтирган коммунистик партизан бўлинмаларининг собиқ қўмондонларини ҳам ўз ичига олган. Бундан ташқари, партияларда кўплаб фаол гуруҳлар мавжуд. Масалан, маочиларда 800 минггача партия аъзоси бор, марксист-ленинчилар ҳам бундан кам эмас.
“Ижтимоий тармоқлардан қўлингни торт!”
Кўриниб турганидек, бунчалик мураккаб сиёсий тизимнинг бир кунда қулаши мумкинлигига ишониш қийин эди. Хўш, энди яна ўша саволга қайтсак - нега бу норозиликлар рўй берди? Нега либераллаштириш сиёсати доирасидаги улкан ўзгаришлар жараёнида яратилган сиёсий тизим намойишчилар босимига дош бера олмади?
Aлбатта, ҳукуматнинг ижтимоий тармоқларни тақиқлаши ёшларнинг норозилигига сабаб бўлди. Улар учун ижтимий тармоқлар кўнгил очиш, вақт ўтказиш, ахборот ва маълумот олиш ҳамда ижтимоий ҳаётнинг энг муҳим манбаи ҳисобланади. Aлбатта, ёшлар жамиятдаги ижтимоий табақаланиш, юқори ҳокимиятдаги тенгдошлари кўрсатаётган бойликдан мамнун эмас эди.
Кези келганда айтиш жоиз, Непалдаги Z авлод, яъни зумерлар – 1997 – 2012 йил оралиғида туғилган, рақамли ва интернет ҳаётида вояга етаётган ёшлар элита фарзандларининг меҳнат қилмасдан, халқ ҳисобидан текин ҳашаматли ҳаёт кечиришини ижтимоий тармоқларда кўз-кўз қилишидан ғазаби тобора ортиб бораётган эди.
Қолаверса, бугунги раҳбарлар бундан 10-15 йил аввал ҳокимиятга келганлардир. Уларнинг аксарияти коммунистлар ёки сўл марказчилардир. Улар инқилоб натижасида ҳокимият тепасига келди, ҳатто қуролли кураш ҳам бор эди. Ижтимоий адолат ғоялари ҳар доим барча сўл оқимлар мафкурасининг ўзаги бўлиб келганини ҳисобга олсак, ҳозирги элита болаларининг дабдабали ҳаёти айниқса “зумер” ёшларнинг кескин норозилигига сабаб бўлди.
Бангладеш сценарийсими?
Aммо асосий сабаб ҳамон иқтисодиёт ва демография билан боғлиқ, десак хато бўлмайди. Қайсидир маънода, Непалдаги норозиликлар 2024 йил июн ойида Бангладешда юз берган воқеаларга ўхшаб кетади. Ўшанда Бангладешда бош вазир Шайх Ҳасина Вазед ҳукумати ёшларнинг оммавий тартибсизликлари натижасида лавозимидан ағдарилган эди. Бунинг сабаби - 1971 йилдаги озодлик ҳаракати фахрийларининг фарзандлари ва набиралари учун давлат лавозимларига 30 фоизлик квотанинг тикланиши бўлди. Зеро, 1971 йилда Бангладеш Покистондан ажралиб, мустақил давлатга айланган эди. Фахрий инқилобчиларнинг оилалари янги элитани ташкил этди. Гарчи 1970-йилларда жамиятда бундай вазият норозилик туғдирмаган бўлсада, охирги 50 йил ичида Бангладеш аҳолиси сезиларли даражада ўсди, олий маълумотлилар сони кўпайди, демакки қараш ва муносабати ўзгача авлод пайдо бўлди.
Аҳолининг кўпайиши меҳнат бозорида инқирозга олиб келди, айниқса, эндигина ўқишни тугатган олий маълумотли ёшлар орасида ишсизлик муаммоси ўткирлашди. Натижада оммавий норозилик намойишлари келиб чиқди ва улар ҳукуматни ағдаришга муваффақ бўлди.
Ишсизлик – инқилоб оловининг ёқилғиси
Ҳар қандай инқилобни олиб қарасангиз, унинг асосида қашшоқлик ва ишсизлик ётишига гувоҳ бўласиз. Непалда эса бу муаммо мунтазам кун туртибида. 1960 йилда мамлакатда 10,5 миллион киши яшаган бўлса, 2024 йилда 30 миллион кишига етди. Яна 2,5 миллион киши хорижда меҳнат муҳожири бўлиб юрибди. Aҳоли ўсиши секинлашган бўлса-да, ҳозирда Непал аҳолисининг ярмидан кўпи - ҳали 30га кирмаган ёшлар. Шу билан бирга, иш топа олмаётган ўқимишли непаллик ёшлар сони ҳам кўпайди.
Шу ўринда 2010 йиллардаги “араб баҳори” инқилоблар туркуми хусуяитига ўхшашликни қайд этиш мумкин. Бу инқилоб аввал Тунисда бошланди, у ерда ҳам ёшлар кўп, улар олий маълумот олишга интилишар, диплом олгач эса иш топишга қийналишар эди.
Бундан ташқари, Непал пойтахти Катманду шаҳри ҳудудида ҳозир 2,17 миллион киши истиқомат қилади, 1960 йилда эса атиги 200 минг киши бор эди холос. Чунки Осиё мамлакатларида аҳолининг қишлоқлардан шаҳарларга кўчиб келиши кенг тарқалган тенденция ҳисобланади.
Aммо Непалнинг ўзига хос хусусияти шундаки, у Ҳимолай тоғлари этагида жойлашган ва қишлоқ хўжалиги ерлари майдони унчалик катта эмас. Экин ерлари ҳудуднинг 20 фоизни ташкил этади, аҳолининг 75 фоизи деҳқончилик билан шуғулланади. Бундан ташқари, маоичи коммунистлар ва ҳукумат қўшинлари ўртасидаги уруш узоқ вақт давом этди.
2019 йилдан бошлаб алоҳида ер сиёсати амалга оширилди, унинг мақсадлари қаторида қишлоқ жойларига демографик босимни камайтириш вазифаси ҳам бор эди. Непалда аҳоли кўпайди, ўрмонлар ёқилғи учун кесилди, эскирган қишлоқ хўжалиги усуллари туфайли ернинг кучи камайди ва ҳоказо.
Иқтисодий инқироз – қашшоқликка ва норозиликка чипта
Шундай қилиб, 2025 йил сентябрига келиб, бир нечта омиллар уйғунлашди. Бу ўзаро кичик ирмоқларнинг қўшилиб, катта дарёни ҳосил қилганига ўхшади.
Табиийки, Непалда иқтисодиёт оғир аҳволда. Импорт ҳажми экспортдан деярли 10 баравар кўп. Экспорт 1,3 миллиард долларни ташкил этади. Мамлакат хорижга асосан ўсимлик мойлари, кийим-кечак, гилам, чой сотади. Импорт қилинадиган маҳсулотлар қиймати эса йилигиа 13 млрд долларга чиқитб кетади.
Умуман олганда, Непал камбағал мамлакат. Aҳолининг салмоқли қисмининг даромади хорижда ишлаётган қариндошларининг пул ўтказмаларига боғлиқ. COVID-19 пандемиясидан аввал туризм ялпи ички маҳсулотнинг 8 фоизини таъминлаган ҳолда катта рол ўйнаган. (Эверест чўққисини забт этишга интилувчи алпинистлар шарофати билан!) Сўнгги йилларда туризм улуши тикланиб бормоқда, лекин аввалги даражаларига чиқа олмаяпти. 2015 йилда эса Непалда кучли зилзила содир бўлди, ўн минглаб бинолар вайрон бўлди. Албатта уларни қайта тиклаш катта маблағ талаб қилди.
Бундан ташқари, ўтган йили глобал инфляция билан боғлиқ вазият сезиларли даражада ёмонлашди, бу айниқса камбағал мамлакатларга оғир таъсир қилади. Непал жаҳон савдосига у қадар интеграциялашмаган бўлсада, унинг асосий савдо ҳамкори ва қўшниси Ҳиндистон, айниқса, Доналд Трамп унга 50 фоизлик божлар жорий қилганидан кейин, иқтисодий қийинчиликларга дуч кела бошлади. Бу омил ҳам Непал учун ҳалокатли бўлди.
Инқилоб бефойда бўлдими?
Афсуски Непалда вазият шундоқ ҳам қийин эди. Бу ҳам етмагандек, ҳукумат ижтимоий тармоқларни блоклашдек ахмоқона қарорга келди. Тўғрида, коммунистлардан бошқа нимани ҳам кутасиз?! Коммунизм иллати тараққиётга эмас, доимо қашшоқлик ва ҳуқуқсизликка элтишини тарих бир неча бор исботлаб бўлган. Непални ҳам хаёлпараст социалист коррупционерлар бошқаргани унинг бошига бало бўлди. Aҳолисининг 10 фоизи хорижда ишлаётган, пул ўтказмалари мамлакатда қолган қариндошларига ёрдам бераётган бир шароитда ижтимоий тармоқларнинг ёпилиши улар билан мулоқотни чеклаб қўйиши ва бу халқ ғазабини баттар қайнатишини коммунистлар инобатга олишмади, шекилли.
Умуман олганда, иқтисодий инқироз, инфляциянинг ўсиши, иш ўринларининг, айниқса, олий маълумотли ёшлар орасида ишсизлик кучайган, халқ янада қашшоқлашаётган, аҳоли тобора кўпайиб бораётгани Непалдаги норозилик намойишлари учун асосий омиллар бўлди, дейиш мумкин. Бу исён Непалда қашшоқлик муаммоларини қандай ҳал қилишга ақли етмайдиган, фақат жиғилдони ва чўнтагини ўйлаб ҳукумат лавозимларига ёпишиб олганэлитага ва унинг қариндошларига қаратилди.
Бироқ, экспертларнинг фикрича, Непалдаги норозилик ҳаракатининг истиқболи йўқ. Тўғри, парламентга қайта сайловлар ўтказилади. Халқ ҳукуматда янги қон пайдо бўлишидан умид қилмоқда. Бироқ, “қозонда бори чўмичга чиқади,” деганларидек, сайловлар яна ўша 30 та партия ўртасида ўтказилади. Яна ўша сиёсий башаралар, яна ўша популистик шиорлар, яна ўша ёлғон ваъдалар...
Эҳтимол, янги партиялар ҳам пайдо бўлар. Aммо Непалда шаклланган ижтимоий-сиёсий шароитда ҳар қандай сиёсий куч тезроқ бирор муваффақиятга эришиши қийин. Чунки намойишчиларнинг ҳеч қандай сиёсий дастури йўқ. Бу стихияли тарзда - ўз-ўзидан пайдо бўлган, халқ норозилиги ва ғазабини акс эттирган сиёсий ҳодиса бўлиб, бу ҳаракат ҳозирги ҳокимият институтларидаги сиёсатчиларга қарши чиқди холос. Бироқ кейин қандай қадамлар қўйиш мақбуллигини ҳеч ким аниқ тасаввур қила олмаяпти.
Абулфайз Сайидасқаров