platina.uz
Жамият

Владивостокда ўзбекистонликларга нисбатан безорилик содир этилди: сўнгги маълумотлар

Мазкур масала юзасидан Россия томонига нота йўлланди. РФнинг Приморск ўлкаси бўйича тергов қўмитаси жиноят иши қўзғатди. 

Владивостокда ўзбекистонликларга нисбатан безорилик содир этилди: сўнгги маълумотлар

Россиянинг Владивосток шаҳрида бир гуруҳ маҳаллий ёшлар ўзбекистонликларга нисбатан безорилик содир этди.

Ўзбекистоннинг Владивосток шаҳридаги Бош консулхонаси ходимлари ташаббуси билан жабрланган фуқароларимиз билан тезкор алоқа ўрнатилиб, уларга зарур ҳуқуқий ёрдам кўрсатилган.

Шунингдек, фуқаролар томонидан Владивосток шаҳар Ички ишлар бошқармасига расмий ариза топширилди ҳамда Россия Ташқи ишлар вазирлигининг Владивостокдаги Ваколатхонасига ва Приморск ўлкаси Прокуратурасига мазкур масала юзасидан барча тегишли чораларни кўриш зарурлиги ҳақида ноталар юборилди.

Мазкур воқеалар Ўзбекистоннинг Владивостокдаги Бош консулхонаси ва Россия ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари томонидан алоҳида назоратга олинган.

Россиянинг Приморск ўлкаси бўйича тергов қўмитаси безориликда гумон қилинган ўсмирларга нисбатан жиноий иш қўзғатганини билдирди.

Тергов органлари 2025 йил 10 сентябрга ўтар кечаси Владивостокнинг Хабаровская кўчаси ҳудудида безориликда гумон қилинган 15 ёшли ўсмирлар ва бошқа шерикларга нисбатан жиноий иш қўзғатди (Россия Федерацияси ЖКнинг 213-моддаси 2-қисми).

Тергов маълумотларига кўра, 2025 йил 10 сентябр куни ўсмирлар маст ҳолда, сабабсиз тўхтаб турган машинага шикаст етказган ва салонга аэрозол сепган. Шундан сўнг айбланувчилар юк машинаси ҳайдовчисига ҳужум қилишган. Бундан ташқари, гумонланувчилар Хабаровская кўчасидаги 24 соатлик дўконга бостириб кириб, харидорлар ва сотувчи кўз ўнгида эркакка ҳужум қилган.

Кейин айбланувчилар такси ҳайдовчиси ва машинада бўлган йўловчига ҳужум қилишган. Бундан ташқари, вояга етмаганлар кўчада туриб, баланд овозда бақириб, тош ва бошқа қўлбола воситаларни қурол сифатида ишлатиб, жамоат тартибини қўпол равишда бузган ҳолда бошқа бир эркакка ҳужум қилган.

Ҳозирда айбланувчиларнинг шахси аниқланган, улардан бири қўлга олинган, икки нафари қидирувда.

Гумонланувчилар салбий характерга эга ва аллақачон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари эътиборига тушган. Улардан бири “Надежда” дўконида безорилик бўйича жиноий иш бўйича судланувчи саналади. Жиноят иши судда кўриб чиқилмоқда.

Ҳозирда Россия Федерацияси Тергов қўмитаси терговчилари ҳодисанинг барча ҳолатларини аниқламоқда, дейилади хабарда.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid