platina.uz
Жамият

Айрим қоидабузарликлар учун жазони кучайтириш таклиф этилмоқда

Белгиланган тезликни соатига 100 километрдан ортиқ катталикда ошириб юборганлик учун уловни бошқариш ҳуқуқидан олти ойга маҳрум қилиниб, БҲМнинг йигирма баравари миқдорида жарима тайинланиши мумкин. 

Айрим қоидабузарликлар учун жазони кучайтириш таклиф этилмоқда

Айрим йўл қоидабузарликлари учун жазони кучайтириш таклиф этилмоқда.

"Айрим йўл ҳаракати қоидабузарликлари учун жавобгарликни кучайтирилиши муносабати билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида"ги қонун лойиҳаси эълон қилинди.

Лойиҳа regulation.gov.uz порталига жойлаштирилган.

Баъзи ҳайдовчилар томонидан йўл ҳаракати қоидаларига риоя этмаслик, жумладан, транспорт воситасида қарама-қарши ҳаракатланиш, светофорнинг тақиқловчи чироғига буйсунмаслик ёки тезликни меёридан ошириб бошқариш туфайли оғир оқибатли ЙТҲлар сони ортиб бормоқда, дейилади лойиҳада.

Шунингдек, айрим ҳайдовчилар томонидан йўл ҳаракати қоидаларига беписандлик билан қараш, транспортни бошқариш маданиятига амал қилмаслик, йўл ҳаракатининг бошқа иштирокчиларига нисбатан ҳурматсизлик қилиш ҳолатлари кўрсаткичи кундан-кунга ошиб бормоқда.

Мазкур Қонун билан йўл ҳаракати қоидаларини сурункали равишда бузувчиларга нисбатан жазо чоралари ва уни қўллаш тартиби, утилизацияга топшириладиган ёки реализация қилиш мақсадида қисмларга бўлинадиган транспорт воситаларини ҳисобдан чиқариш тартибини бузганлик учун жавобгарлик белгилаш кўзда тутилмоқда.

Шунингдек, айрим ҳуқуқбузарликларни бир ой давомида бир неча маротаба содир этган шахсларга нисбатан жарима солиш тўғрисидаги қарорни ижро этишнинг соддалаштирилган тартиби қўлланилмаслигига оид талаблар белгиланмоқда.

342-модда. Йўл ҳаракати қоидаларини сурункали бузганлик учун маъмурий жазо қўлланилиши

"Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекс" нинг 1283-моддаси учинчи – тўртинчи қисмларида, 1284-моддаси иккинчи қисмида ва 1285-моддаси иккинчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар бир ой давомида ўн марта содир этилган тақдирда, охирги содир этилган ҳуқуқбузарлик учун ушбу Кодекснинг 24 ва 28-моддаларига мувофиқ қўшимча жазо тариқасида ҳайдовчи транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан олти ой муддатга маҳрум қилинади.

Бир ой давомида ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар ўн марта содир этилганлиги учун маъмурий жазо қўлланилганлиги, транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиш жазо чорасини қўллашга асос ҳисобланади.

1254-модда. Утилизацияга топшириладиган ёки реализация қилиш мақсадида қисмларга бўлинадиган транспорт воситаларини ҳисобдан чиқариш тартибини бузиш

Утилизацияга топшириладиган ёки реализация қилиш мақсадида қисмларга бўлинадиган транспорт воситаларининг рўйхатдан ўтказганлик тўғрисидаги гувоҳнома ва рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгисини белгиланган тартибда ваколатли органга топширмаган ҳолда транспорт воситасини утилизация қилиш ёки реализация қилиш мақсадида қисмларга бўлаклаш, –фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари, мансабдор шахсларга эса – ўн баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг белгиланган ҳаракат тезлигини соатига 100 километрдан ортиқ катталикда ошириб юбориши, транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан олти ой муддатга маҳрум қилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Эслатиб ўтамиз, бир неча кун аввал Ангренда аянчли ЙТҲ юз берганди. Унда 11 киши вафот этди.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid