Абдулла Авлоний номидаги янги стипендия таъсис этилади
Мазкур стипендия жорий ўқув йилидан бошлаб педагогика йўналишида ўқиётган 3-4 курс талабаларига берилади.

Абдулла Авлоний номли давлат стипендияси таъсис этилади.
“Педагогика йўналишидаги олий таълим ташкилотларининг талабалари учун Абдулла Авлоний номли давлат стипендиясини таъсис этиш тўғрисида”ги Президент Фармони (ПФ-162-сон, 10.09.2025 й.) қабул қилинди.
Гап нима ҳақида?
Фармонга кўра, 2025/2026 ўқув йилидан педагогика йўналишидаги олий таълим ташкилотлари талабалари учун Абдулла Авлоний номли давлат стипендияси таъсис этилади.
Мазкур стипендия педагогика йўналишидаги ҳар бир олий таълим ташкилотининг бакалавриат йўналишида таҳсил олаётган 1 нафар охирги икки курс талабасига тайинланади.
Маълумот учун: ушбу стипендияни тайинлаш учун талаблар Президентнинг “Ўзбекистоннинг ўқувчи ёшларини рағбатлантириш чоралари тўғрисида” 1993 йил 5 февралдаги ПФ–555-сон Фармонида белгиланган.
Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёев 8 сентябр куни таълим тизимини ислоҳ қилиш масалаларига оид тақдимот билан танишганди.
Унга кўра, жорий ўқув йилидан бошлаб, педагогика йўналишидаги олий таълим муассасаларининг талабалари учун Абдулла Авлоний номидаги давлат стипендияси таъсис этилиши маълум қилинди. Стипендия бакалавриатнинг 3-4-курслари учун бўлади, ёшларни ўқиш ва илмий изланишларга ундашга қаратилган.
Стипендия миқдори тахминан 1 млн 479 ммнг сўмни ташкил этади.