platina.uz
Таҳлил

Тошкентда уй ва машина сотиб олиш учун неча йил ишлаш керак?

Ўзбекистон шароитида ўртача статистик оила ўз орзусига – уйи ва автомобилга эга бўлиши учун қанча йил меҳнат қилиши лозим? Буни ҳисоблаб кўриш қийин эмас.

Тошкентда уй ва машина сотиб олиш учун неча йил ишлаш керак?
Фотоколлаж: Platina.uz

Одам бахтли яшаши учун нималар зарур бўлади? Бу саволга ҳамма ҳар хил жавоб беради. Бойлар “бахт пулда эмас, муҳими – фалон-пистон” деб фалсафа сўқишади. Камбағаллар эса “аввало соғлиқ, тинчлик бўлсин, ҳамма нарсага аста-секин эришаман” деб жавоб беради. Лекин ўша “ҳамма нарса” нима?

Энг муҳими албатта бошпана бўлиши, ўз уйинг – ўлан тўшагинг деб бекорга айтишмаган. Тўғри ижарада ҳам умр ўтказиш мумкин. Аммо бу аввало инсоннинг жамиятдаги мақомини пасайтиради. Ижара соҳиби, вазиятга қарамлик, ҳар ой пул тўлаш мажбуриятининг руҳий босими ижарачига салбий таъсир қилади. Ҳатто айрим тадқиқотларга кўра ижарада турувчилар ўз уйига эга одамларга нисбатан камроқ умр кўришар экан.

Ҳаётда ўз автомобилига эга бўлиш кўпгина қулайликлар бериши билан бирга, жамиятдаги мавқега ҳам ижобий таъсир қилади. Инсондаги муваффақият, ютуқлар омад ва меҳнатлари самарасини ифода қилади.

Хулоса қилиб айтганда, ўз уйи ва автомобилига эга бўлиш аксарият ёш оилаларнинг энг улкан мақсадлари ҳисобланади.

Хўш, Ўзбекистон шароитида ўртача статистик оила ўз ушбу орзусига – уйи ва автомобилга эга бўлиши учун қанча меҳнат қилиши лозим? Буни ҳисоблаб кўриш қийин эмас.

Ўртача статистик оила ва умумий орзу

Статистика агентлиги маълумотларига кўра, 2022 йилда мамлакатда 2 фарзанди бор оилалар кўпроқ (26,3%) бўлган. Улардан 75,3 фоиз оилада фарзандлар 16 ёшга кирмаган. Бундай оила учун нарх-қулайлик пропорциясида энг мақбул вариант – 2 хонали (50-70 кв м) хонадон ҳисобланади.

Ўзбекистон йўлларида Chevrolet автомобиллари етакчилик қилмоқда. 2024 йилда мамлакатда энг кўп сотилган моделлар орасида Chevrolet Cobalt, Chevrolet Damas, Chevrolet Tracker, ва Chevrolet Onix бор.

Шундай қилиб, Тошкент шаҳрида 2 хонали хонадон ва Chevrolet Onix седани учун пул жамғараётган, 2 нафар вояга етмаган фарзандига эга ёш оилани тасаввур қилайлик.

Улар ўз орзусига қандай ва қанча вақтда етиша олади?

Орзулар сари

Статистикага кўра, 2025 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистон бўйича ўртача номинал иш ҳақи 5 982 300 сўмни ташкил этган. Тошкентда эса бу кўрсаткич 10 138 400 сўм бўлиб, мамлакат ўртачасидан деярли икки баробар юқори.

Ҳисоб-китобларга кўра, бу ойига тахминан 800-820 доллар атрофида бўлади. Демак, пойтахтда икки ота-онаси ҳам ишлайдиган оила умумий даромад сифатида ойига тахминан 16-18 млн сўм (ҳар бири 8-9 млн атрофида маош олса) даромад топиши мумкин.

Инфляция ва истеъмол саватчаси таъсири

2025 йил май ойида Тошкентда инфляция 109,5% (йиллик ҳолатда) бўлиб, нархлар 9,5% га ўсган. Бу маошнинг харид қобилияти пасайишига олиб келади, натижада жамғармалар ҳам секинроқ тўпланади, айниқса, озиқ-овқат ва хизматлар қимматлаган шароитда бу аниқ намоён бўлади.

“Истеъмол саватчаси” тушунчаси ўрнига Ўзбекистонда МИХ (минимал истеъмол харажатлари) тушунчаси қўлланилади. Статистика агентлиги МИХ кўрсаткичини Ўзбекистонда 2025 йилда киши бошига 669 000 сўм эканини қайд этган. Бу маблағ 4 кишига ҳисобланса, жами 2 млн 676 минг сўмни ташкил қилади. Ушбу пуллар, албатта, камбағаллик даражасидан юқори ҳаёт тарзи учун ҳисобланган бўлиб, муҳтож аҳоли қатламларига ижтимоий ёрдам қийматини ҳисоблаш учун қўлланилади асосан. Қўпол қилиб айтганда, бу маблағ очдан ўлмаслик учун, кийим ва бошқа хизматлардан фойдаланмасдан яшашни назарда тутади. Лекин бир тушлик нархи Тошкент шаҳрида ўртада 40 минг сўм, йўлкира нархи кунига камида 6 минг сўм эканлиги инобатга олинса, коммунал, мобил алоқа, интернет, кийим-кечак, гигиена ва бошқа тўловлар бу рамкага сиғмайди, албатта.

Шу боис, биз мисол қилиб олган ўртача статистик оила барча харажатлардан ташқари ойига 5 млн сўм орттириши мумкин, дейлик.

Автомобилга келсак, Chevrolet расмий сайтида Onix модели учун минимал нарх 176 900 000 сўмдан бошланади (базавий комплектация учун).

Тошкент шаҳридаги кўп қаватли уйлардаги хонадонларда квадрат метр учун ўрта нарх 1100 доллар деб олсак, 2 хонали хонадон учун ўртача 50 кв м етарли бўлса, бу уйнинг нархи квартира баҳоси ўртача 55 000 доллар, яъни тахминан 650-700 млн сўм атрофида.

Неча йил пул йиғиш керак?

Шундай қилиб, автомобилнинг нархи тахминан 177 млн сўм бўлса, агар оила ҳар ой 5 млн сўмдан йиғиб борса, автомобил сотиб олиш учун 35-36 ой, яъни 3 йил керак бўлади.

Уй нархи эса тахминан 684 млн сўм бўлса, ҳар ойда 5 млн сўмдан йиғилса, 137 ой (12 йил) керак бўлади. Бу ойига ипотека кредитидан фойдаланмаган ҳолда пул йиғиб борилса ва инфляцияни инобатга олмаган ҳолда қилинган содда ҳисоб-китоб.

Агар қўшимча жамғармалар, дўст ва қариндошлар ёрдами ёки қарзи, бонуслар ёки ипотека қўшилса, муддат қисқариши мумкин. Ҳозирги пайтда иккиламчи ипотека ставкалари йилига тахминан 25% ни ташкил этади, бу эса харажатларни оширади.

Қўл етмас орзу эмас

Шундай қилиб, ўртача статистик оила учун уй ва автомобил орзуси ҳақиқатан ҳам оғир ва узоқ йиллик меҳнат талаб этадиган мақсад ҳисобланади. Бир қарашда, бу манзилга етиш деярли имконсиздек туюлиши мумкин. Лекин айнан шу орзулар инсонни меҳнат қилишга, ўз устида ишлашга ва келажаги ҳақида ўйлашга ундайди.

Ўз уйи ва автомобилига эга бўлиш – бу нафақат моддий неъмат, балки инсоннинг эркинлиги, мустақиллиги ва оиласи учун маънавий ҳимоя ҳисобланади. Агар давлат томонидан самарали ипотека тизими, аҳоли даромадини оширишга қаратилган иқтисодий сиёсат ва ижтимоий ёрдам механизмлари кенгроқ ишга туширилса, кўплаб ёш оилалар учун бу мақсад узоқдаги орзу эмас, балки амалий ҳаётий дастурга айланиши мумкин.

Яъни, бахтли ҳаёт дегани – нафақат соғлик ва тинчлик, балки инсоннинг ўз уйига, ўз машинасига, оиласи билан эркин ва муносиб ҳаёт кечириш имкониятига эгалигида ҳам намоён бўлади. Демак, уй ва автомобил – бу орзу эмас, балки халқнинг турмуш даражасини белгилайдиган энг асосий кўрсаткичлардан биридир.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid