Президент боғчалар бўйича ҳокимларга ноябргача муҳлат берди
118 та боғчадаги 255 та хона таъмирга муҳтож бўлгани учун бўш турибди. Ўрта махсус маълумотли тарбиячилар учун “1+5” (1 кун ўқиш, 5 кун иш) бакалавр таълим шакли жорий қилинади.

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида мактабгача ва мактаб таълими соҳасидаги ислоҳотлар ижроси ва келгусидаги устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Жорий йилда боғча ўринларини қўшимча 182 мингтага кўпайтириш режалаштирилган. Уларнинг 82 минги янги боғчалар ҳиссасига тўғри келади.
Туманлар ҳокимлари қолган ўринлар нима ҳисобидан яратилишини ўйламаётгани танқид қилинди.
Мисол учун, 118 та боғчадаги 255 та хона таъмирга муҳтож бўлгани учун бўш турибди. Ёки жойларда 8 та боғчани қуриш ва таъмирлаш 2-3 йилдан бери чўзилмоқда.
Чимбой, Ғаллаорол, Қизириқ, Бойсундаги 1 тадан боғча ҳали таъмирдан чиқмаган. Деҳқонобод, Сариосиё, Бўстонлиқ, Нурафшонда 1 тадан янги боғча қурилиши якунланмаган.
Вилоят ва туманлар ҳокимларига 118 та боғчадаги хоналарни таъмирлаб жиҳозлашга, яна 8 та боғчани тўлиқ ишга туширишга 1 ноябргача муҳлат берилди, акс ҳолда тегишли чоралар кўрилиши ҳақида огоҳлантирилди.
Тадбиркорлар билан очиқ мулоқотда 80 та туманда боғча очиш учун имтиёзлар эълон қилинди.
Ушбу механизмдан унумли фойдаланиб, боғча ўринларини кўпайтириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Қашқадарёнинг барча туманларида хусусий сектор ва чет эллик ҳамкорлар билан икки йил ичида боғча ва мактаб ўрни 3 баробар ошган. Вилоят ҳокимларига бу тажрибани ўрганиш топширилди.
Умуман, ҳар бир туманда боғча қамрови 80 фоиздан кам бўлмаслиги шартлиги белгиланди. Бунинг учун вилоят ва туман ҳокимлари олдига бўш ерларни топиб, аукционга чиқариш, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги билан биргаликда қайси мактаб ва боғчада бўш жой бўлса, боғча қуриш режасини белгилаш вазифаси қўйилди.
Мутасаддиларга бўш ерларда боғча ташкил этиш бўйича хусусий шериклик ёки сармоя киритиш шарти билан уч йиллик дастур қабул қилиш, янги хусусий боғчаларга субсидия бериш, тарбиячилар маошини қисман қоплаш тартибини жорий қилиш топширилди.
Бир йилда 2 мингта кўп қаватли уй қурилмоқда, уларнинг тўртдан бири – “Янги Ўзбекистон” массивларида.
Бундай массивларда уйларнинг биринчи қаватида 100 ўринли хусусий боғча очиш бўйича Бектемир ва Янгиҳаёт туманларида тажриба бор.
Буни барча туман ва шаҳар ҳокимлари ўз ҳудудида қилиши кераклиги таъкидланди.
Эндиликда очиқ мулоқотда 80 та туман учун айтилган имтиёзлар янги кўп квартирали уйларнинг биринчи қаватида боғча очадиган тадбиркорларга ҳам берилиши белгиланди.
Мутасаддиларга янги қурилаётган кўп қаватли уйларда боғча ташкил қилиш тартибини ишлаб чиқиш топширилди.
“Қамровни ошириш учун барча шароит қилиб беряпмиз, лекин боғчаларга янги нафас, янги методика кириб бориши, тарбиячиларнинг салоҳияти ҳам шунга яраша бўлиши керак”, – деди Президент.
Ёз мавсумида 118 минг тарбиячининг малакаси оширилди, лекин бу етарли эмаслиги қайд этилди.
Шу боис, янги ўқув йилидан педагогика олийгоҳларида ўрта махсус маълумотли тарбиячилар учун “1+5” (1 кун ўқиш, 5 кун иш) бакалавр таълим шакли жорий қилинади. Бу орқали боғчаларга ҳар йили қарийб 10 минг олий маълумотли мутахассис кириб келади.
Хусусий боғча билан давлат боғчаси учун таълим-тарбия сифати бўйича ягона ёндашув йўқлиги кўрсатиб ўтилди.
Шу муносабат билан келгуси йилда ҳар бир вилоятда боғча тарбиячилари педагогик маҳоратини оширишга методик кўмаклашувчи таянч “Янги авлод” боғчалари барпо қилинади.
Мутасаддиларга “Янги авлод” боғчаси лойиҳасини эски ва бир хил ёндашувлардан чекиниб, янгича ишлаб чиқиш топширилди.