platina.uz
Таҳлил

2025 йилги ШҲТ саммити натижалари: янги дунё тартиби шаклланяптими?

Саммитда Ҳиндистон ва Хитой раҳбарларининг учрашуви муҳим воқеа сифатида баҳоланди. Трампнинг тариф сиёсати амалда ШҲТ давлатларини бир-бирига яқинлаштирди.   

2025 йилги ШҲТ саммити натижалари: янги дунё тартиби шаклланяптими?

Хитойда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг (ШҲТ) йиллик саммити бўлиб ўтди. Асосий натижалар Тянцзин декларациясининг қабул қилиниши ва янги институтларнинг ташкил этилиши бўлди. Бу - экспертларнинг фикрига кўра, ШҲТнинг “мунозара клуби”дан Ғарб дунёси тартибига ҳақиқий муқобил тизим яратишга ўтганини кўрсатади.

Тянцзиндаги ШҲТ саммитининг асосий ҳужжатлари

2025 йил 31 августдан 1сентабргача Хитойнинг Тянцзин порт шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг (ШҲТ) 25-йиллик юбилей саммити бўлиб ўтди. Тадбир ташкилотнинг 24 йиллик тарихидаги энг йирик тадбир бўлди: унда барча ўнта аъзо давлат раҳбарлари, шунингдек, кузатувчи давлатларнинг давлат ва ҳукумат раҳбарлари ҳамда мулоқот бўйича ҳамкорлар – жами йигирмадан ортиқ юқори мартабали меҳмонлар, жумладан, БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш ҳамда НАТО давлатларининг икки раҳбари: Туркия Президент Ражаб Таййиб Эрдўғон ва Словакия президенти Роберт Фицо иштирок этди.

Саммитнинг марказий фигуралари Хитой раҳбари Си Цзинпин, Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди ва Россия президенти Владимир Путин бўлди. Кун тартибида блокнинг узоқ муддатли ривожланиш стратегиясини тасдиқлаш, халқаро кескинликнинг кучайиши ва АҚШ томонидан савдо чекловлари фонида иқтисодий шериклик ва хавфсизликни мувофиқлаштиришни кучайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Тянжин декларацияси

Саммитнинг асосий сиёсий натижаси - Тянцзин декларациясининг қабул қилиниши бўлиб, унда аъзо давлатларнинг глобал кун тартибидаги асосий масалалар бўйича умумий позицияси қайд этилган:

Декларация тўғридан-тўғри “бир томонлама мажбурлов чоралари, жумладан, иқтисодий чоралар”ни қоралайди, бу эса АҚШ санкциялари ва тариф сиёсатига бевосита ишорадир.

Ҳужжатда, шунингдек, Исроил ва АҚШнинг Эронга зарбалари, шунингдек, Ғазо секторида гуманитар фалокатга олиб келган ҳаракатлар қораланади. Минтақада тинчлик фақатгина “Фаластин масаласини адолатли ҳал этиш” орқали мумкинлиги таъкидланган.

Декларация халқаро муносабатларнинг барқарор ривожланишининг асоси сифатида ички ишларга аралашмаслик ва куч ишлатмаслик тамойилларига содиқлигини яна бир бор тасдиқлайди. ШҲТ давлатлари “блок ва қарама-қаршилик ёндашувларини истисно этувчи” йўналишга амал қилишини маълум қилди.

Саммит иштирокчилари коинот ва ахборот-коммуникация технологиялари (АКТ) соҳасини ҳарбийлаштиришга қарши чиқишди, бу соҳаларда халқаро ҳамкорликка чақиришди.

Декларацияда, шунингдек, “Иккинчи жаҳон урушининг тарихий хотирасини сақлаб қолиш” зарурлиги таъкидланади ва нацизм ғояларини қайта тиклаш ва фашизм мағлубиятида қатнашувчи мамлакатлар халқларининг ролини бузиб кўрсатишга уринишлар қораланади.

ШҲТнинг 2035 йилгача ривожланиш стратегияси

Иккинчи муҳим ҳужжат - ШҲТнинг 2035 йилгача бўлган ривожланиш стратегияси бўлди. Ҳужжат саммит якунлари бўйича эълон қилинган расмий маърузалардан келиб чиққан ҳолда сиёсат, иқтисодиёт, хавфсизлик ва гуманитар соҳалардаги “ҳамкорликни чуқурлаштиришнинг устувор вазифалари ва асосий йўналишлари”ни белгилаб беради.

Хавфсизликни институционаллаштириш

Стратегиянинг асосий элементи – мувофиқлаштириш босқичидан - доимий фаолият юритувчи органларни яратишга ўтиш ҳисобланади. Стратегия иккита янги тузилмани яратишни назарда тутади:

— Хавфсизлик муаммолари ва таҳдидларига қарши курашиш бўйича универсал марказ: у Тошкент шаҳрида (Ўзбекистон) ташкил этилиб, терроризмдан тортиб киберҳужумларгача бўлган замонавий таҳдидларнинг барча спектрига комплекс жавоб бериш билан шуғулланади;

— ШҲТнинг Наркотикларга қарши кураш маркази: наркотик моддалар ишлаб чиқариш ва ноқонуний савдосига қарши курашиш бўйича саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштирувчи ушбу тузилма Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида очилади.

Иқтисодий интеграция

Стратегия мустақил молиявий инфратузилмани яратиш, жумладан, ШҲТ Тараққиёт банкини ташкил этиш, транспорт, энергетика ва рақамли иқтисодиёт соҳаларида ҳамкорликни чуқурлаштириш йўналишини белгилаб беради.

ШҲТ Тараққиёт банки

Саммит марказий иқтисодий қарорлардан бири- ШҲТ Тараққиёт банкини ташкил этиш тўғрисидаги қарор бўлди. Пекин 2010 йилдан бери илгари сураётган Тянцзин декларациясида тасвирланган ташаббус мустақил молиявий архитектурани шакллантириш йўлидаги амалий қадамдир.

Банкнинг асосий мақсади - ШҲТ маконида қўшма инвестиция ва инфратузилма лойиҳаларини молиявий қўллаб-қувватлашдан иборат.

• Хитой раиси Си Цзинпин ШҲТ банклараро консорсиумига 10 миллиард юан (1,4 миллиард доллар) кредит ва 2 миллиард юан (280 миллион доллар) текин ёрдам ажратилишини маълум қилди, деб хабар беради Bloomberg.

• Банкнинг ташкил этилиши ШҲТнинг “ўз тўлов, ҳисоб-китоб ва депозитар инфратузилмаси”ни шакллантириш билан бевосита боғлиқ.

• ШҲТ Тараққиёт банкининг ташкил этилиши БРИКСнинг Янги Тараққиёт Банки (ЯТБ) дан кейинги ғарбдан ташқари давлатлар томонидан мустақил молия институтини яратиш бўйича иккинчи йирик лойиҳадир. Бироқ, бу тузилмалар ўртасида миқёсда, мақсадларда ва генезисида туб фарқлар мавжуд. 2015 йилда расман ўз фаолиятини бошлаган БРИКСнинг ЯТБ йирикроқ институт бўлиб, устав капитали 100 миллиард долларни ташкил этади ва асосий эътибор аъзо мамлакатлардаги инфратузилма ва барқарор лойиҳаларни молиялаштиришга қаратилган. ЯТБ муваффақиятли ишга туширилганига қарамай, жаҳон молия бозорларида ўз имкониятларини чеклаб қўйган асосий акциядорларидан бири бўлган Россияга қарши санкциялар туфайли операцион қийинчиликларга дуч келди.

• ШҲТ Тараққиёт банки Хитойнинг оддийроқ бошланғич маблағлари (1,4 миллиард доллар миқдоридаги кредит линияси ва 280 миллион долларлик ёрдам) ҳамда “ўзининг тўлов, ҳисоб-китоб ва депозитарий инфратузилмасини” яратишдек торроқ, прагматик мақсад билан яратилмоқда. Молиявий институт биринчи навбатда глобал лойиҳаларга эмас, балки блок ичидаги савдо ва инвестицияларни ташқи санкциялар босимидан ҳимоя қилиш ва уларга хизмат кўрсатишга қаратилган бўлиши мумкин.

Нарендра Моди ва Си Цзинпин учрашуви

Саммит майдончасида Ҳиндистон ва Хитой раҳбарларининг учрашуви муҳим воқеа бўлди, чунки бу Модининг Хитойга етти йил ичида биринчи ташрифи ҳисобланади. Reuters хабарига кўра, музокаралар муваффақият билан якунланган: томонлар 2020 йилда тўхтатилган бевосита рейсларни қайта тиклашга келишиб олдилар. Етакчилар ўз мамлакатларини “рақиб эмас, ҳамкор” деб эълон қилишди, бу эса Қўшма Штатларнинг савдо босими остида муносабатлар илиқлашганидан дарак беради.

Хитой ва Арманистон ўртасида стратегик ҳамкорликни йўлга қўйиш

Саммит доирасида Хитой ва Арманистон расман стратегик шериклик муносабатларини ўрнатди. Ушбу қарор Хитойнинг Жанубий Кавказнинг барча учта давлати билан стратегик шериклик тармоғини шакллантиришни ниҳоясига етказди.

Туркия Россияга Украина масаласида воситачилик хизматларини таклиф қилди

Туркия президенти Ражаб Таййиб Эрдўғон саммит платформасидан ўзининг дипломатик ташаббусларини илгари суриш учун фойдаланди. Туркиянинг Sabah газетаси хабар беришича, Эрдўғон Путинга Украинадаги можарони ҳал қилиш учун яна бир бор воситачилик хизматларини таклиф қилиш ниятида бўлиб, ШҲТ халқаро дипломатия учун муҳим платформа сифатидаги мақомини тасдиқлаган.

Путиннинг Си Цзинпин билан музокаралари

Владимир Путин тақвимидаги марказий учрашув ХХР раиси Си Цзинпин билан музокаралар бўлди. Давлат раҳбарлари Россия ва АҚШ ўртасидаги сўнгги мулоқотлар натижаларини муҳокама қилди.

Путин Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди билан учрашуви

Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди билан бўлиб ўтган музокаралар ташқи босим шароитида икки томонлама алоқалар мустаҳкамлигини тасдиқлади. Кремл эълон қилган видеоёзувга кўра, Владимир Путин Ҳиндистон етакчисига “азиз дўст” сифатида мурожаат қилган.

Reuters хабарига кўра, Ҳиндистон бош вазири учрашув чоғида Россия ва Украина ўртасидаги зиддият тезроқ тугатилишига умид билдирди. Музокаралар Вашингтоннинг Россия нефтини сотиб олиши учун Ҳиндистонга 50 фоизлик бож тарифлари жорий этиши фонида бўлиб ўтди ва бу, таҳлилчиларга кўра, Москва ва Нью-Деҳли ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни янада мустаҳкамлади.

Путин-Пашинян музокаралари

Саммит доирасида, 31 август куни расмий қабулдан сўнг Путин Арманистон бош вазири Никол Пашинян билан ҳам бевосита учрашди.

Россия президентининг таъкидлашича, у бош вазирни узоқ вақтдан бери кўрмаган ва “кўплаб икки томонлама, минтақавий, халқаро саволлар йиғилиб қолган”. Улардан бири, хусусан, 9 август куни Оқ уйда Пашинян ва Озарбайжон президенти Илҳом Алиев ўртасида имзоланган ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш тўғрисидаги декларация бўлиши мумкин.

Саммит доирасидаги бошқа алоқалар

Кремл бунга катта умид боғлаган бўлса-да, Путин ва Алиев ўртасида алоҳида учрашув бўлиб ўтмади, бироқ икки давлат делегациялари “саммит чоғида фаол мулоқот қилди”. Видеоларда кўринишича, Путин ва Алиев бир марта совуққина кўришган холос.

ШҲТ саммити: пиар кампания ёки янги дунё тартиби учун таклиф

Тянцзиндаги саммитда ШҲТнинг сифат жиҳатидан ўзгариши – сиёсий маслаҳатлашувлар форматидан муайян институционал механизмларни шакллантирувчи блокка ўтиш қайд этилди.

Ҳеч шубҳасиз, бир йил ичида содир бўлган бу ўзгаришларнинг асосий катализатори – АҚШ президенти Дональд Трамп маъмуриятининг ташқи сиёсати бўлди.

Вашингтоннинг сиёсати Евроосиёдаги учта энг йирик ўйинчига босимнинг бирлашган жабҳасини яратди. Хитойга нисбатан давом этаётган юқори тарифлар сиёсати ва Россияга нисбатан санкциялар босимидан ташқари, Ҳиндистонга иқтисодий зарба ҳам ҳал қилувчи омил бўлди. 2025 йил 27 августида Трамп маъмурияти Россия нефтини сотиб олганлик учун жазо сифатида ҳинд товарларига 50 фоизлик божлар жорий қилди. Бу ҳаракат Ню-Деҳлида "иқтисодий уруш эълон қилиниши" сифатида қабул қилинди ва Қўшма Штатлар билан яқинлашиш стратегиясини қайта кўриб чиқишга мажбур қилди.

Ташқи босим саммитлар натижаларига бевосита таъсир қилди

Таъкидлаш лозим, 2024 йилги Остона декларациясида фақат жаҳон тартибидаги “тектоник силжишлар” ҳақида сўз борган эди. Бир йил ўтгач, 2025 йилги Тянжин декларацияси ўзига хосликнинг бошқа даражасини кўрсатди. Ҳужжатда бевосита “бир томонлама мажбурлов чоралари” қораланади. Мутахассисларнинг фикрича, бу бевосита АҚШ сиёсатига ишора бўлган.

Декларациялардан институтлар яратишга ўтиш энг катта силжиш бўлди. Агар 2024 йилда бу “йўл харитаси” бўлган бўлса, 2025 йилда ШҲТ Тараққиёт банкини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Хавфсизлик соҳасида ҳам худди шундай силжиш содир бўлди: ўтган йили муҳокама қилинган "механизмларни такомиллаштириш" - 2025 йилда иккита аниқ орган - Тошкентдаги Универсал марказ ва Душанбедаги Наркотикларга қарши кураш марказини яратиш қарорига айланди.

Вашингтоннинг янги сиёсати Россия-Ҳиндистон-Хитой стратегик учбурчагида кучларнинг қайта тўпланишига сабаб бўлди. Илгари Хитойни ўз ичига олувчи Quad форматида фаол иштирок этган Ҳиндистон прагматик бурилиш ясашга мажбур бўлди. Бош вазир Модининг Хитойга 7 йил ичидаги илк ташрифи, доимий қарама-қаршиликларга, жумладан, 2020 йилги чегара можароси ва Ҳиндистоннинг Хитой билан савдо дефицити 99,2 миллиард долларга етганига қарамай, бунинг бевосита натижаси бўлди. Шу билан бирга, 2024 йилда товар айланмаси 245 миллиард долларни ташкил этган Россия ва Хитой ўртасидаги стратегик шериклик мувофиқлаштиришнинг янги босқичига кўтарилди. ШҲТ, БРИКС каби янги халқаро блокларни яратишга қаратилган бошқа уринишлар ва G20 - “катта йигирмалик” доирасида ўсиб бораётган ҳамкорлик каби туб ўзгаришларни бошдан кечирмоқда.

Авваллари ШҲТни шунчаки "мунозара клуби" сифатида танқид қилиш мумкин бўлса-да, 2025 йилги Тянцзин саммити унинг Ғарб институтларига ҳақиқий муқобилларни яратишга интиладиган тузилмага айлана олишини кўрсатди. Ташқи босим умумий декларацияларни аниқ лойиҳаларга, умумий таҳдидларни эса прагматик яқинлашиш учун асосга айлантирди.

Умуман олганда, Эслатиб ўтамиз, Доналд Трамп Оқ уйга қайтганидан бери ҳар бир давлат билан алоҳида қулай иқтисодий ёки сиёсий битим тузиш учун Хитой, Россия ва Ҳиндистон ўртасидаги қарама-қаршиликлар устида ўйнашга ҳаракат қилган. Бироқ Трампнинг “тариф урушлари” ва Украинага ултиматум қўйиши у кутган натижа бермади. Хитойда бўлиб ўтган ШҲТ саммити Трампнинг Осиё етакчиларини “уриштириб қўйиш”га уриниши тескари натижа бергани ва АҚШ етакчиси учун дипломатик муваффақиятсизликка айланганини кўрсатди. Трамп Хитой ва Ҳиндистонни Россиядан узоқлаштирмоқчи эди, бироқ амалда уларни бир-бирининг “қучоғига” отди.

Абулфайз Сайидасқаров

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid