Қишлоқ хўжалигини “соя”дан чиқариш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди
Натижада фермер ва деҳқонлар ихтиёрида йилига 300 миллиард сўм маблағ қолади, яна 400 миллиард сўмлик солиқни қайтариб олиш имконияти бўлади.

Халқаро валюта жамғармаси, малакали хорижий ва маҳаллий экспертлар иштирокида қишлоқ хўжалигини “соя”дан чиқариш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди.
Унга кўра, келаси йил 1 январдан бошлаб, қишлоқ хўжалиги корхоналари деҳқон ва фермерларга ўзи етиштирган қишлоқ хўжалиги маҳсулотини (ғалла ва пахтадан ташқари) сотишда қўшилган қиймат солиғи нол ставкада бўлади.
Бу бўйича Шавкат Мирзиёев қишлоқ хўжалигида қўшилган қиймат занжирини яратиш чора-тадбирлари бўйича тақдимот билан танишди.
Шу билан бирга, маҳсулотни етиштиришда уруғ, ўғит, ёқилғи, транспорт, электр каби харажатлар учун ҳисобга олинган ҚҚСни қайтариб бериш амалиёти ҳам сақланиб қолади.
Натижада фермер ва деҳқонлар ихтиёрида йилига 300 миллиард сўм маблағ қолади, яна 400 миллиард сўмлик солиқни қайтариб олиш имконияти бўлади.
Умуман, бу енгилликлар соҳа вакилларининг шаффоф ишлашига туртки беради, жойларда йирик саноатлашган плантациялар ва қайта ишлаш корхоналарининг кўпайишига мустаҳкам замин яратади.
Мутасаддиларга бу янги тизимни деҳқон ва фермерларга тушунтириб, самарали йўлга қўйиш, озиқ-овқат маҳсулотлари етиштиришни рағбатлантириш бўйича кўрсатмалар берилди.
Айни пайтда қишлоқ хўжалигида ҳамон яширин иқтисодиёт улуши юқори. Етиштирилган маҳсулотнинг ҳаммаси ҳам ҳисоботларда қайд этилмайди. Озиқ-овқат маҳсулотларини сотишда қўшилган қиймат солиғи 12 фоизни ташкил этмоқда.
Мазкур масала Президентнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотида ҳам кўтарилган эди. Давлат раҳбари бу борада деҳқон ва фермерларга қулайлик яратиш, солиқ юкини енгиллаштириш бўйича мутасаддиларга кўрсатма берганди.