"Дежавю": ўзбек киносида кам учрайдиган услубда ишланган филм премьераси ўтказилди
Ушбу филм фантастик жанрда ишланган бўлиб, бош қаҳрамон вақт машинаси орқали ўтмишга саёҳат қилади. Картина ўзбек кинематографиясидаги янгиланиш, жанр жиҳатидан тажриба сифатида баҳоланмоқда.

Тошкентдаги Ўзбекистон Миллий кино санъати саройида “Дежавю” номли янги ўзбек бадиий филми премьераси бўлиб ўтди.

Тадбирда санъат вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари ва кино ишқибозлари иштирок этди. Фантастик драма жанрида суратга олинган филм режиссёр Ҳожимурод Тўхтамуродов ғояси ва сценарийси асосида яратилган.

Асарда бош қаҳрамон Сарварнинг ҳаёти орқали инсон тақдири, вақт ва танловлар моҳияти чуқур ёритиб берилган. Сарвар тўйига уч кун қолганда ғойиб бўлиб қолади ва орадан ўн йил ўтиб кутилмаганда яна пайдо бўлади. У ўзида вақт орқали саёҳат қилиш қобилиятини аниқлаб, ўтмишда қилган хатоларини тўғрилашга ҳаракат қилади. Бироқ бу йўлда уни кўплаб синовлар, чалкаш ҳолатлар ва муҳим қарорлар кутиб туради.

Филмда ўзбек кино оламида танилган ва янги саҳнага кириб келаётган актёрлар иштирок этиб, ролларини ҳаётий ва таъсирли тарзда ижро этишган.
“Дежавю” фильми ўзбек киносида кам учрайдиган услубда суратга олинган бўлиб, замонавий ғоя, кучли драматик саҳналар ва техник жиҳатдан сифатли ишланган саҳналари билан томошабинлар эътиборини тортди. Айниқса, 18 ёшдан 50 ёшгача бўлган ёшлар орасида катта қизиқиш уйғотди.

Премьерадан сўнг филм томошабинлар томонидан илиқ кутиб олинди. Кўплар филмни ўзбек кинематографиясидаги янгиланиш, жанр жиҳатидан тажриба сифатида юқори баҳолашган.