Трамп маъмурияти амалдори Ўзбекистонга кенгайтирилган ташрифни амалга оширди
Оқ Уйнинг глобал ҳамкорлик бўйича махсус вакили Паоло Замполли Ўзбекистонда муҳим тадбирларда қатнашди. АҚШ Марказий Осиёда савдо-сотиқни кенгайтириш ва муҳим минералларга қизиқмоқда.

Трамп маъмурияти мансабдори муҳим минераллар кун тартибини илгари суриш мақсадида Ўзбекистонга кенгайтирилган ташрифни амалга оширди.
Оқ Уйнинг глобал ҳамкорлик бўйича махсус вакили Паоло Замполли 28 август куни Тошкентда “АҚШ дипломатиясининг кучи ва ҳаётийлигини қўллаб-қувватловчи мустаҳкам алоқаларни” ўрнатиш мақсадини билдирган. Бу ҳақда АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси баёнотида айтилади.
Трамп маъмуриятининг Марказий Осиёга нисбатан ташқи сиёсати савдони кенгайтириш ва минтақадаги муҳим минералларнинг мўл захираларига киришни кенгайтиришга катта эътибор қаратади. Апрел ойида АҚШнинг Тошкентдаги вакили Жонатан Хеник ўз чиқишида 2025 йилнинг биринчи ойларида Қўшма Штатлар ва Ўзбекистон ўртасидаги дипломатик алоқалар “мисли кўрилмаган” даражага чиққанини айтганди.
Замполли Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев томонидан ҳам қабул қилинди.
“Учрашув чоғида Ўзбекистон-АҚШ стратегик шериклиги ва кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди”, — дейилади Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати тарқатган хабарда. “Конструктив сиёсий мулоқот ривожланмоқда”, — дейилади баёнотда.
Минерал ресурслар, авиация, электротехника, қишлоқ хўжалиги, рақамли технологиялар, молия, инновациялар, таълим ва бошқа устувор йўналишларда ҳамкорлик лойиҳаларини илгари суриш учун катта салоҳият мавжудлиги қайд этилди.
АҚШ элчихонаси баёнотида Замполли Ўзбекистонда турли оммавий дипломатия тадбирларида иштирок этиши қайд этилган.
Ўзбекистон Мустақиллиги байрамини нишонлаш маросимида иштирок этиши, келаси йили АҚШда бўлиб ўтадиган Жаҳон чемпионати турнирида иштирок этадиган футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси ўйинчилари билан учрашиши, Америка қадриятларини тарғиб қилишга бағишланган “American Corner Tashkent”нинг очилиш маросимида иштирок этиши ана шу тадбирлардан иборат эди.
Замполли Трампнинг узоқ вақтдан бери ишбилармон яқин ҳамкори ва Доминиканнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилотидаги элчиси сифатида ишлаган.
Аваалроқ Трампнинг Тошкентда туғилган яқин одами Ҳиндистонга элчи бўлиши айтилганди.