Фарғона водийсидаги заправкаларга газ етказиб бериш вақтинча тўхтатилади
Бунга “Оҳангарон–Пунгон” магистрал газ қувурининг тоғли ҳудуддан ўтувчи қисмини тармоққа улаш жараёни сабаб қилиб кўрсатилган.

Фарғона водийсидаги заправкаларга газ етказиб бериши вақтинча тўхтатилади.
Водийнинг тоғли ҳудудидан ўтувчи қисмида қўшимча магистрал газ қувури қурилди: 5-6 сентябрь кунлари янги қувурни тармоққа улаш ишлари олиб борилади.
Истеъмолчиларини табиий газ билан таъминловчи “Оҳангарон–Пунгон” магистрал газ қувурининг тоғли ҳудуддан ўтувчи қисмида қарийб 22 км қўшимча қувур қурилиши якунига етказилди.
Ушбу янги қувурни тармоққа улаш бўйича монтаж ишлари олиб борилиши муносабати билан 2025 йил 5 сентябр куни соат 12:00 дан бошлаб 36 соат давомида “Оҳангарон–Пунгон” магистрал газ қувури орқали табиий газ узатиш вақтинча тўхтатилади.
Маҳаллий ҳокимликлар билан келишилган ҳолда таъмирлаш ишлари вақтида (5-6 сентябрь кунлари) Фарғона водийси вилоятларидаги автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари (АГТКШ) ҳамда йирик истеъмолчиларнинг газ таъминотига вақтинча чеклов киритилади.
Шуни ҳисобга олган ҳолда водий вилоятлари истеъмолчилари учун автобензин ёқилғисининг сотувга чиқариш ҳажми оширилади.
Маълумот учун: ушбу қурилиш-монтаж ишлари давомида аҳоли истеъмолчиларини табиий газ билан барқарор таъминлаш бўйича барча зарурий чоралар кўрилади, дейилади Энергетика вазирлиги хабарида.