platina.uz
Таҳлил

Лукашенконинг мухолифатчи аёлларга қарши кураши

Пайти келганида улар кулдан қайта бош кўтарувчи самандар қуши сифатида майдонга чиқмаслиги мумкин, аммо янги инқилобий-сиёсий кучларни илҳомлантириш хусусиятини асло йўқотмайди.

Лукашенконинг мухолифатчи аёлларга қарши кураши
Фотоколлаж: Platina.uz

2025 йил 22 август куни Беларус президенти Александр Лукашенко БЕЛТА агентлигига берган навбатдаги интервюсида қочқинликдаги мухолифларнинг вакиллари билан музокара ўтказиш учун ўзида ҳеч қандай сабаб кўрмаслигини айтди.

Картошкачи диктатор

Ҳозирги, де-факто Беларус раҳбари Александр Лукашенко ўз сиёсий фаолиятига киришишидан олдин совхоз директори бўлиб ишлаган. У 1994, 2001, 2006, 2010, 2015, 2020 ва 2025 йиллардаги президентлик сайловларида иштирок этган. 2000 йил 26 январдан (шартнома кучга кирган кундан бошлаб) – Россия билан иттифоқ давлатининг олий давлат кенгаши раиси ҳисобланади.

Лукашенко 1994 йилда президент этиб сайланганидан сўнг, Россия билан яқинлашишга ҳаракат қилди ва кейинги йилларда Россия президенти Борис Елцин билан икки давлат ўртасида иттифоқ тузишни назарда тутувчи қатор келишувларга имзо чекди. 1996 йилда қабул қилинган янги конституция Лукашенкога ваколатларни кенгайтириш имконини берди. 1999 йилда Лукашенко ва Елцин иттифоқ давлати тузиш тўғрисидаги шартномага имзо қўйишди: бу барча шаклдаги ҳамкорликни назарда тутиб, ҳар икки давлат мустақиллигини сақлаб қолишни назарда тутган.

Аммо 1999 йил 17 октябрда минглаб беларуслар Россия билан иттифоқ ҳукумати тузилишига, мустақилликни йўқотишга қарши чиқишди. Шу муносабат билан Беларус ҳукумати икки давлат орасидаги интеграцияни вақтинча тўхтатди.

2025 йил 26 январда Беларусда навбатдаги – еттинчи президентлик сайловлари бўлиб ўтди. Амалдаги президент Александр Лукашенко учун бу еттинчи сайлов бўлиб, у 1994 йилдан буён узлуксиз давлатни бошқариб келмоқда.

Журналистларнинг баҳолашича, 2020 йилги сайловлардан фарқли ўлароқ, 2024 йилги президентлик сайловолди курашида рақобатнинг ҳеч қандай кўриниши бўлмади. Сайловда фақат Лукашенкога садоқатли сиёсатчилар иштирок этди, мустақил номзодлар йўқ эди. Мустақил кузатувчиларга рухсат берилмади ва хорижда овоз бериш участкалари ташкил қилинмади.

Мухолифат нимани талаб қилади?

Беларус мухолифати – 1988-1991 йилларда совет Беларусси ҳокимиятига қарши чиқишга ҳаракат қилган ва 1995 йилдан буён мамлакат раҳбари Александр Лукашенкога қарши курашаётган фракциялар ва алоҳида шахсларни ўз ичига олади. Уларнинг тарафдорлари Ғарб моделига асосланган парламент демократияси, сўз эркинлиги, сиёсий ва диний плюрализмни талаб қилади.

Лукашенко 2004 йили учинчи муддатга номзод кўрсатиш учун конституцияга ўзгариш киритди ва 2006 йилги сайловларда “ғолиб чиқди”, аммо сайловни сохталаштириш ҳолатлари гумон қилинди. Кўплаб давлат ва ташкилотлар бу сайловни қоралади; Европа Иттифоқи Лукашенко ва бир қатор лавозимдорларга ўз аъзо давлатларига киришни тақиқлади. 2008 йилда ўзаро муносабатларни яхшилаш мақсадида ЕИ Лукашенко учун ўзига кириш тақиқини вақтинчалик бекор қилди.

2020 йил 9 августдаги сайловда, расман эълон қилинган натижаларга кўра, Александер Лукашенко 81,1 % овоз олган, С.Тихановская эса иккинчи ўринда бўлиб – 10,1 % олган. Аммо мухолифат ва мутахассисларга кўра, сайлов натижалари сохталаштирилган, Тихановская аслида кўпроқ овоз олган ва президент этиб тан олиниши керак эди.

Расмий натижалар халқ учун кутилмаган бўлиб чиқди, натижада Беларусда Лукашенко истеъфосини талаб қилган кенг кўламли норозилик намойишлари бошланди. Тихановская Лукашенкони ҳокимиятни куч билан эгаллаб олишда айблаб, янги ва адолатли сайловлар ўтказишни талаб қилди. Бу норозиликлар куч билан бостирилгач, Беларусда қўрқув ва сиёсий репрессиялар муҳити ўрнатилди. Ғарб давлатлари Лукашенконни легитим президент деб тан олмади; Фақатгина Россия, Туркия, Хитой ва Марказий Осиё мамлакатлари сайлов натижаларини тан олди. ЕИ, Канада, АҚШ, Буюк Британия, Украина ва бошқа бир қанча давлатлар Лукашенкони легитим президент сифатида тан олишдан бош тортди.

2020 йил сентябрда Лукашенко олтинчи муддатга тор доирада ўтган ёпиқ тадбирда (оммавий эмас) президент сифатида қасамёд қабул қилди. Мухолифат лидерлари, хусусан, Светлана Тихановская чет элга қочишга мажбур қилинди.

Тихановская 2020 йил 11 августда Беларусни тарк этди ва Литвага ўрнашди ҳамда ўзини миллий раҳбар деб эълон қилди. Шундан кейин у Европа давлатларига кўплаб сафарлар уюштирди. Полша ва Германияда уни олий даражадаги давлат раҳбари сифатида қабул қилишди. 2020 йил 10 сентябрда Литва Сейми Тихановскаяни легитим президент деб эълон қилди.

2022 йилда Лукашенко Россия ҳарбийларига Беларус ҳудудидан Украинага кириш имконини берди; бу унинг халқаро изоляцияда қолиши ва Россияга батамом қарамлашишига сабаб бўлди.

Лукашенко – аёлларга қарши

2020 йил ёзида уч беларус аёл – Светлана Тихановская, Мария Колесникова, Вероника Цепкало Лукашенкого қарши норозилик намойишларининг етакчиси ва тимсолига айланди. Улар одамларни бирлаштиришга ҳаракат қилишди, Лукашенко эса “аёллар президентлик учун муносиб эмас, конституция аёллар учун ёзилмаган”, дея баёнот берди.

Ушбу мухолифат учлиги (трио) сайловдан кейин тез ажралиб кетди.

Вероника Цепкало сайлов кунини Москвада ўтказди, 10 август куни эса Минскка келди ва Беларусдан чиқиб кетди. У ерга бошқа қайтмади.

Светлана Тихановская эса 2020 йил 10 август куни кечгача Беларусда бўлди. У расман сайлов натижалари устидан шикоят аризаси киритди. Марказий сайлов комиссиясига келди, у ерда Светланани хавфсизлик хизматлари назорат остига олишди. Тихановскаяга, агар мамлакатни тарк этмаса, қўлга олиниши ва болалари етимхонага бериб юборишлари айтилди. У фақат шундай келишувга эришди – ҳукумат унга ҳамроҳ бўлган ҳамфикри Мария Морозни ҳам қўйиб юборишса, у билан бирга чиқиб кетишига рози бўлди. 10 августдан 11 августга ўтар кечаси улар Литвага келишди.

Вероника Цепкало ўша куни Тихановскаяга қўнғироқ қилишга уринган, лекин қўнғироққа ёрдамчиси жавоб берган, кейин телефон умуман жавоб бермай қўйган. Цепкало Тихановская билан учрашиш учун Литвага келганини айтади, аммо унга карантин тадбирлари сабабли учрашишга рухсат берилмаган.

Мария Колесникова эса Минскда қолди. У август ойидаги барча норозилик акцияларида иштирок этди ва доим кузатув ва таъқиб остида бўлган.

6 сентябр куни турли жойлардан ёзиб олинган, Тихановская, Колесникова ва Цепкалонинг янги норозилик акциясига чиқишга чақирувчи баёнотлари эфирга узатилди. 7 сентябр куни кечқурун Марию Колесниковани кўчада ҳибсга олишди. Ўша пайтнинг ўзидаёқ у охирги кунларда Тихановская ва Цепкало билан алоқа қилмаётганини айтди.

Вероника Цепкало – унинг турмуш ўртоғи Валерий Цепкало сингари – Тихановскаяни танқид қилишни 2020 йилнинг ўзида бошлаган. Унга кўра, Тихановская мухолифатнинг муҳожирликдаги ягона овози бўлишни истаган ва атрофида намойишларга ҳеч қандай алоқаси йўқ одамлар пайдо бўлган. Кейинчалик бу танқид янада кескинлашди, масалан, унинг офисини молиявий фаолият шаффоф эмасликда айблади.

Светлана Тихановская эса бу танқидлар ва трио тарқалиб кетгани ҳақида гапиришни истамайди: "Эҳтимол, ҳаммаси яна изга тушиб кетгач ва ўзгаришлар жараёни бошлангач, шунда бу ранжиш ва даъволарни шкафдан чиқариб, оммага кўрсатиш мумкин бўлар. Аммо ҳозир бундай ишлар керак эмас, фойда ҳам бермайди", дейди у.

2022 йил май ойида Германиянинг Ахен шаҳрида, Карл Буюк мукофоти топшириш маросимида Тихановская, Цепкало ва Колесниковани тақдим этган Татяна Хомич диктатура, зўравонлик ва нолегитим режимга қарши курашда "бетакрор намуна" сифатида яна бир марта саҳнада кўриниш берди.

Ҳозир Мария Колесникова 11 йиллик қамоқ жазосини ўтаётган бўлса, Вероника Цепкало 12 йил қамоқ жазосига сиртдан ҳукм қилинган (турмуш ўртоғи Валерий Цепкало ҳам 17 йилга сиртдан ҳукм этилган); Светлана Тихановская эса Беларус суди томонидан 15 йилга сиртдан ҳукм қилинган.

Курашлардан фойда бўлдими?

Мутахассисларнинг фикрича, бу уч аёл – трио – 2020 йил 9 августга қадар ўз вазифасини бажарди: улар халққа Лукашенкога муқобил вариантлар борлигини кўрсатди.

Светлана Тихановская ўзининг асосий ютуғи сифатида – Беларус мухолифати ва ҳокимият ўртасидаги тўқнашувнинг беш йил ўтганига қарамай, дунё ахборот кун тартибидан тушиб кетмаганини қайд этади.

Тихановскаянинг таъкидлашича, мухолифат қувғинликда юриб, муқобил ҳокимият институтларини яратган, аммо улар Беларус ичидаги воқеликка ҳеч қандай таъсир кўрсата олмаяпти. Буни ҳатто Тихановскаянинг тарафдорлари ҳам тан олишмоқда. Шунингдек, янги Конституция лойиҳаси ишлаб чиқилган, “Янги Беларус” паспортларини тан олишга уринишлар қилинган, лекин бу уринишлар муваффақиятсиз тугаган.

Вероника Цепкало эса бу ютуқларни "фаолият учун фаолият" деб танқид қилади.

"Менда сиёсий амбициялар юзага келмади, – дейди Светлана Тихановская. –Биз инқилобимизни ҳокимиятни тинч йўл билан транзит қилиш орқали якунлаш ва янги ҳамда адолатли сайловларга эришишни орзу қиламиз. Лекин мен бу сайловларда иштирок этмайман. Мен келажакда ўз ўрнимни топаман, эҳтимол, бу ҳам Беларусга хизмат қилади, лекин бу хизмат бошқача амплуада бўлади", деган Тихановская.

Хулоса

Умуман олганда, Беларус мухолифати ушбу уч аёлга қаттиқ боғлиқ:

Светлана Тихановская – мухолифатнинг ташқи юзи ва стратегик маркази, халқаро тан олиниш ва ташқи фаолиятни таъминламоқда;

Мария Колесникова – ҳаракатнинг маънавий ва рамзий пойдевори, унинг тақдири тарафдорларни илҳомлантиради;

Олга Ковалкова – ташкилий-ҳуқуқий ресурс, фуқаролар ва қаршилик ҳаракати ўртасида кўприк вазифасини бажарган.

Бу уч аёл халқаро майдонда – турли контекстда ва турли вазифаларда – Лукашенко режими учун ҳамон таҳдид бўлиб қолмоқда. Улар Лукашенко пропагандасидаги “миннатдор, мамнун ва рози” халқ образидан фарқли ўлароқ, асил вазият – халқнинг норозилиги рамзи ва мухолифатнинг ташкилий маркази ролини ўтамоқда. Аммо уларнинг самарадорлиги – режим босими, ички ихтилофлар ва шахсий ҳолатлар сабаб – доимий қўллаб-қувватлаш ва халқаро ҳамжиҳатликка муҳтож бўлиб қоляпти. Энг муҳими, улар ҳали “сиёсий мурда”га айланмаган, жаҳон ҳамжамияти ва Беларус халқи уларни унутишга улгургани йўқ.

Мамлакатда мухолифат олови ўчирилган бўлса-да, ушбу 3 аёл адолатга ошуфта қалблардаги чўғ шаклида ҳамон барҳаёт. Пайти келганида улар кулдан қайта бош кўтарувчи самандар қуши сифатида майдонга чиқмаслиги мумкин. Аммо янги инқилобий-сиёсий кучларни илҳомлантириш хусусиятини асло йўқотмайди.

Абулфайз Сайидасқаров

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid