Тожик-афғон чегарасида қуролли тўқнашув юз берди
Натижада бир "Толибон" аскари ҳалок бўлган, тўрт нафари эса яраланган.

24 август куни Афғонистоннинг Бадахшон вилоятининг Даванг чегара туманида Афғонистон ва Тожикистон ўртасида қуролли тўқнашув юз берди.
Shana news хабарига кўра, қуролли ҳодисада бир "Толибон" аскари ҳалок бўлган, тўрт нафари яраланган.
Маҳаллий манбаларга кўра, тўқнашувга Хитойнинг тоғ-кон компаниялари борлиги ва Амударё ўзанининг зарар кўраётгани асосий сабаб бўлган.
Нашрнинг ёзишича, "Толибон" ва Тожикистон ўртасидаги муносабатлар 1990-йиллардан бери таранглашган.
Тожикистон толиблар мухолифларини, хусусан, Миллий қаршилик фронтини қўллаб-қувватлаган ва Аҳмад Масъуд ва Амруллоҳ Солиҳ каби арбобларга бошпана берган. "Толибон" бу ёрдамни Афғонистоннинг ички ишларига тўғридан-тўғри аралашиш деб билади.
Афғонистон халқаро агентлигининг хабар беришича, "Толибон" қўшинлари ва тожик чегарачилари ўртасидаги тўқнашувдан сўнг Даванг чегара ҳудудида Толибон ва Тожикистон ҳарбийлари вакиллари ўртасида учрашув бўлиб ўтган.
Бу йиғилишда дарё суви ва тоғ-кон компаниялари масаласини муҳокама қилишдан ташқари, Толибон ва Тожикистон вакиллари бир-бирини Афғонистон ва Тожикистон ҳудудида мухолифларга бошпана бериб, ўқитишда айбладилар.
"Толибон" ва чегара тўқнашувлари
Тожикистон Афғонистон билан чегара можаросига борган ягона давлат эмас. Аввалроқ толиблар Эрон ва Покистон аскарлари билан тўқнашганди.
Жумладан, 2024 йил мартида Покистон ва Афғонистон ўртасида можаро бошланди. Покистон афғонларнинг чегара ҳудудларини бомбардимон қилди. "Толибон" тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлганини билдирди.