Тошкент вилоятида қатор вақтинчалик ҳибсхоналар ёпилди
Чиноз, Қибрай ва Юқоричирчиқ туманларида жойлашган муассасаларнинг санитария-гигиена шароитлари талабга жавоб бермаган.

Тошкент вилоятида бир қатор вақтинча сақлаш ҳибсхоналари ёпилди. Бу ҳақда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили матбуот хизмати хабар берди.
Гап нима ҳақида?
Омбудсманнинг Тошкент вилоятидаги минтақавий вакили ҳамда жамоатчилик гуруҳлари томонидан 2025 йилнинг июн ойида Қуйичирчиқ ва Чиноз туманлари ИИБ вақтинча сақлаш ҳибсхоналарига мониторинг ташрифлари ўтказилган. Унда аниқланган камчиликлар юзасида Ички ишлар вазирлигига Омбудсман тақдимномаси киритилган эди.
Омбудсманга маълум қилинишича, мониторингда аниқланган камчиликларни бартараф этиш мақсадида тегишли чора-тадбирлар белгиланиб, Қуйичирчиқ тумани ИИБ вақтинча сақлаш ҳибсхонасига вентиляция тизими ва радиоэшиттириш қурилмаси ўрнатилди. Камералар керакли анжомлар билан жиҳозланди. Сайр қилиш ҳовлиси ва санитария тармоқлари (ҳожатхона, ювиниш жойи)да таъмирлаш ишлари олиб борилиб, гигиена талабларига мувофиқлаштирилди.
Шу билан бирга, шахсларни сақлашнинг санитария-гигиена қоидалари талабларига зид бўлган Чиноз, Қибрай ва Юқоричирчиқ туманларидаги вақтинча сақлаш ҳибсхоналари фаолияти Ички ишлар вазирининг 2025 йил 21 июлдаги тегишли буйруғи билан тугатилди.
Аввалроқ Андижондаги ҳибсхонанинг 6 ходимига чора кўрилганди.
Омбудсман вакили ҳибсхонада санитария-гигиена ва моддий-техник таъминотга оид жиддий камчиликлар, канализация муаммолари ва мажбурий меҳнат ҳолатларини аниқлаган.