Суғурта ташкилотини чув туширмоқчи бўлган ЙҲХ инспектори ва унинг шериклари судланди
Улар ЙТҲ фактларини сохталаштириб, салкам 50 млн сўм зарарни қоплашга уринишган.

Жиноят ишлари бўйича Сариосиё туман суди биносида йўл ҳаракати хавфсизлиги инспектори ва унинг шериклари устидан суд жараёни бўлиб ўтди. Иш 2025 йил 22 август куни кўрилган.
Суд иши нусхаси Platina.uz ихтиёрида мавжуд.
Гап нима ҳақида?
Аниқланишича, З.Қ. аввал Сурхондарё вилоят ИИБ, Сариосиё тумани Ички ишлар бўлимида йўл ҳаракати хавфсизлиги инспектори лавозимида хизмат қилиб келган. У жиноят содир этиш йўлига кириб, С.А. ва Р.Н.лар билан олдиндан тил бириктирган. Инспектор далилларни сохталаштириш, текшириш ва баҳолаш чоғида била туриб ёлғон маълумотларни киритган ва бузиб кўрсатган.
Судланувчи С.А автотранспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берувчи ишончнома олмасдан ва транспорт эгасининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилмасдан бошқарган. У Сариосиё тумани, “Чилонзор” маҳалласи ҳудудида газ қувурига ва дарахтга уриб, йўл-транспорт ҳодисаси содир этиб, мазкур транспорт воситасига 49 млн. 310 минг 875 сўм миқдорда зарар етказган.
З.Қ. эса шериклари билан содир этилган ЙТҲ бўйича ушбу транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берувчи ишончнома ва транспорт воситаси эгасининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта ҳужжатларини расмийлаштириб, мазкур транспорт воситасини суғурталаган “Temiryo’l-Sug’urta” АЖ суғурта компаниясидан суғурта пулларни олиш режасини тузган. Сўнгра суғурта полиси расмийлаштирилиб, иш З.Қ. юритувига келиб тушган.
ЙҲХ ходими фуқаро С.А.дан 06.11.2024 йилда содир этилган йўл-транспорт ҳодисаси 08.11.2024 йилда содир бўлганлиги ҳақида сохта маълумотлардан иборат тушунтириш хати олган. Натижада сохта маълумотлардан иборат терговга қадар текширув материали тайёрланган. С.А. эса ўз навбатида 49 млн. 310 минг 875 сўм миқдордаги суғурта пулларни олиш учун “Temiryo’l- Sug’urta” АЖ суғурта компаниясига мурожаат қилган.
“Temiryo’l-Sug’urta” АЖ суғурта компанияси томонидан ўтказилган текширишда эса ҳақиқий вазият фош бўлиб, жиноят амалга ошмай қолган.
Судда ҳар уччала айбдор ўз айбига тўлиқ иқрорлик билдирди.
Якуний ҳукмга кўра, З.Қ.га ўташ учун узил-кесил 2 йил муддатга ички ишлар тизимида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда, ишлаш ёки ўқиш вақтидан шунингдек иш ёки ўқиш жойига бориши ва уй-жойига қайтиб келиши учун зарур бўлган вақтдан ташқари қолган вақтда уй-жойидан чиқишни чеклаган ҳолда 3 йил 11 ой 3 кун озодликни чеклаш жазоси қолдирилди.
С.А.га нисбатан эса иш ҳақининг 25 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил 6 ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди. Н.Р.га эса базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 баравари, яъни 37 500 000 сўм жарима жазоси тайинланди.
Суд иши Олий суд порталидан олинди.
Аввалроқ Хоразмда "Тоза ҳудуд" мансабдорлари аҳоли тўлаган пулларни талон-торож қилганди.
Улар 260 нафар кишидан ундирилган маблағни махсус биллинг дастурга киритмаган.