Ўзбекистон ва Иордания ўртасида виза талаблари бекор қилинади
Томонлар жами 15 ҳужжатни имзоладилар. Улар орасида экстрадиция, дин, туризм бўйича битимлар бор.

Ўзбекистон ва Иордания ўртасида виза талаблари бекор қилинади.
Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган самарали музокаралар якунида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлиги Подшоҳи Абдулла II ибн ал-Ҳусайн Шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш тўғрисида қўшма баёнот қабул қилдилар.

Умуман, ташриф доирасида 15 та икки томонлама ҳужжат имзоланди, жумладан:
- Экстрадиция тўғрисида битим;
- Инвестицияларни ўзаро рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш тўғрисида битим;
- Қўшма комиссия тузиш тўғрисида битим;
- Виза талабларини бекор қилиш тўғрисида битим;
- Олий таълим ва илмий тадқиқотлар соҳасида ҳамкорлик тўғрисида битим;
- Туризм соҳасида ҳамкорлик тўғрисида битим;
- Ҳаво қатнови тўғрисидаги ҳукуматлараро битимга ўзгартиришлар киритиш тўғрисида баённома;
- Товарлар ва транспорт воситалари ҳаракати тўғрисидаги дастлабки маълумотларни онлайн алмашиш тўғрисида баённома;
- Қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорлик тўғрисида битим;
- Ўсимликлар карантини ва ҳимояси соҳасида ҳамкорлик тўғрисида битим;
- Ветеринария соҳасида ҳамкорлик тўғрисида битим;
-Стандартлаштириш, метрология ва мувофиқликни баҳолаш соҳасида меморандум;
- дин ишлари бўйича англашув тўғрисида идоралараро меморандумлар;
- Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлиги Подшоҳи Абдулла II ибн ал-Ҳусайннинг давлат ташрифи давомида эришилган келишувларни амалга ошириш бўйича амалий чора-тадбирлар режаси.

Аввалроқ Ўзбекистон ва Иордания етакчилари Самарқандда музокара ўтказгандилар.
Ушбу ташриф икки томонлама ҳамкорликни кенг қамровли шериклик даражасига кўтаришга хизмат қилиши таъкидланди.