Иордания подшоҳи Самарқандга келди
Уни аэропортда президент Шавкат Мирзиёев кутиб олди. Етакчилар Шоҳи Зинда, Регистон, "Боқий шаҳар" каби мажмуаларга ташриф буюрдилар.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлиги Подшоҳи Абдулла II ибн ал-Ҳусайн 25 август куни давлат ташрифи билан мамлакатга келди.
Самарқанд шаҳри аэропортида Иордания Подшоҳини Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев кутиб олди.
Олий мартабали меҳмон шарафига икки мамлакат давлат байроқлари кўтарилди, фахрий қоровул саф тортди.

Миллий куй-қўшиқ ва рақслардан иборат тантанали маросим бўлиб ўтди.
Сўнгра Иордания Подшоҳи Абдулла II ибн ал-Ҳусайн Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳамроҳлигида қадимий Самарқанд шаҳрининг улуғвор тарихий обидалари билан танишди.
Давлат раҳбарлари аввал Шоҳи Зинда мажмуасига ташриф буюрдилар.
Бу ерда Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг саҳобаларидан бири Қусам ибн Аббос ва бошқа арбобларнинг мақбараларидан ташкил топган. Мажмуанинг тарихий, маданий ва бадиий аҳамияти шундаки, у меъморчилик ва безак санъатининг бир неча аср давомидаги тараққиётини акс эттиради. Шоҳи Зинда 2001 йилда ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган.
Расман Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг қизи Фотима ва куёви Али ибн Абу Толибнинг авлодлари ҳисобланган Ҳошимийлар сулоласи вакили бўлган Иордания Подшоҳи Қусам ибн Аббос хотирасига ҳурмат бажо келтирди. Қуръон тиловат қилинди.
Амир Темур мақбараси зиёрати чоғида Иордания делегациясига буюк бобомизнинг давлатчилик сиёсати, ҳарбий маҳорати, турли мамлакатлар билан дипломатик алоқалари ҳақида сўзлаб берилди. Соҳибқирон ҳаёти ва фаолияти, унинг давлати ўз даврининг энг улкан мамлакати бўлгани меҳмонларда катта таассурот қолдирди.
Давлат раҳбарлари Мирзо Улуғбек, Шердор ва Тиллакори мадрасаларидан иборат Регистон мажмуасини ҳам зиёрат қилдилар. Асрлар давомида бу обидалар илм-фан маркази бўлган, юзлаб олим ва тадқиқотчиларни етиштирган. Ўзининг мукаммал жойлашуви ва уйғунлиги туфайли Регистон ҳақли равишда Самарқанднинг "ташриф қоғози" ҳисобланади.
Танишув чоғида олий мартабали меҳмонга ушбу иншоотларнинг бунёд этилиш тарихи ва нақшларининг ўзига хос жиҳатлари, майдонда олиб борилган реставрация ишлари ҳақида маълумот берилди.
Икки давлат етакчилари билан биргаликда Самарқанд халқаро туризм марказидаги "Боқий шаҳар" тарихий-этнографик мажмуасини бориб кўрди.

Олий мартабали меҳмон халқимизнинг бой маданий мероси, ҳунармандчилик ва амалий санъатини акс эттирувчи кўргазмаларни томоша қилди. Рақс жамоаларининг чиқишлари намойиш этилди.
Бу ерда халқимизнинг буюк ўтмиши рамзлари тўпланган, тарихий шаҳарларимиздаги диққатга сазовор жойларининг нусхалари барпо этилган. Миллий анъаналаримиз билан бирга дўст халқлар билан алоқалар тарихи ҳам акс эттирилган.
Бундай маъно-мазмун, тарих ва бугунги кун уйғунлиги меҳмонларда катта таассурот қолдирди.
Ўзбекистон-Иордания саммитининг асосий тадбирлари, шу жумладан олий даражадаги музокаралар бугун, 26 август куни бўлиб ўтади.