Германия икки йилда Украинага 9 млрд евро беради
Мамлакат уруш бошлангандан бери Украинага 50 миллиард евродан ортиқ маблағ жўнатган.

Германия ҳукумати кейинги икки йил ичида Украинага 9 миллиард евро ажратишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Германия молия вазири Ларс Клингбайл Киевга ташрифи чоғида маълум қилди.
Унинг таъкидлашича, бундай қўллаб-қувватлаш нафақат Украинанинг ички барқарорлиги, балки бутун Европа хавфсизлиги учун ҳам муҳим.
Жаноб Клингбейлнинг сўзларига кўра, Берлин ва Киев ўртасидаги музокаралар нафақат молиявий ёрдам, балки мамлакатнинг ҳозирги шароитда барқарорлигини мустаҳкамлашга қаратилган ҳамкорликнинг бошқа жиҳатларига ҳам тааллуқлидир, деб ёзади “Strana.ua”.
Германия 2022 йил февралидан бери Украинага 50 миллиард евродан ортиқ маблағ жўнатган. Шундан 25 миллиард еврога яқини қочқинларни қабул қилишга, 17 миллиард евро ҳарбий ёрдамга, жумладан, аскарларни тайёрлашга ва 6,7 миллиард евро энергетика инфратузилмасини тиклаш каби фуқаролар эҳтиёжларига йўналтирилган.
АҚШда Доналд Трамп ҳокимиятга келгач, Украинага ажратиладиган маблағлар асосан Европага тўғри келмоқда.
Аввалроқ, президент Шавкат Мирзиёев Украина етакчиси Владимир Зеленскийга мактуб йўллаганди.