Ғазодаги шифохонага зарба: беш журналист ўлдирилди
2023 йил октябрдан буён Ғазода 200 га яқин журналист ҳалок бўлди. Айримлар Исроил гуманитар инқирозни яшириш учун журналистларни атайлаб нишонга олаётганини айтмоқда.

Ғазо жанубидаги Хон-Юнис шаҳридаги Носир шифохонасига ҳаво ҳужуми оқибатида камида 20 киши ҳалок бўлди. Ҳалок бўлганлар орасида жаҳоннинг етакчи агентликларида ишловчи беш журналист бор, деб хабар беради BBC.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бош директорининг айтишича, тўрт нафар тиббиёт ходими ҳам ҳалок бўлган. Воқеа жойидан олинган кадрларда иккинчи портлаш содир бўлишидан аввал қутқарувчилар биринчи зарбадан жабрланганларга ёрдам беришга шошилишаётганини кўриш мумкин.
Исроил Бош вазири Бинямин Нетаняху воқеани “фожиали бахтсиз ҳодиса” деб таърифлаб, ҳарбийлар “тўлиқ тергов олиб бораётганини” айтди.
2023 йил октябр ойида бошланган урушдан буён Ғазода 200 га яқин журналист ҳалок бўлди. Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси бу тўқнашув журналистлар учун ҳозиргача қайд этилган энг қонли можаро бўлганини айтади.
Улар ким эди?
Reuters агентлиги биринчи зарба пайтида жонли эфир олиб бораётган оператори Ҳусам ал-Масрий ҳалок бўлганини тасдиқлади.
Агентликнинг иккинчи мухбири, фотограф Хатем Холид жароҳат олди. AP хабарига кўра, 33 ёшли мустақил мухбир Мариам Дагга ҳам ўлдирилган.
Бошқа қурбонлар орасида Ал-Жазира мухбири Муҳаммад Салама,Middle East Ee фрилансери Аҳмад Абу Азиз ва фотограф Моаз Абу Таҳа ҳам бор.
Reuters агентлиги Абу Таҳа бир нечта шохобчалар билан ишлаганлигини айтди, аммо NBC унинг тармоғига алоқаси йўқлигини аниқлади.
Халқаро реакция
Буюк Британияда жойлашган Фаластинликларга тиббий ёрдам хайрия ташкилоти ходими Ҳодил Абу Заид кескин фикр билдирди.
"Ўлганлар ва яраланганлар ҳамма жойга сочилиб кетганди", деди у ва оқибатларини "чидаб бўлмас" деб атади.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш қотилликларни қоралаб, тиббиёт ходимлари ва журналистлар “ўта хавф-хатарга” дуч келганини таъкидлаб, холис тергов ўтказиш ҳамда доимий ўт очишни тўхтатишни талаб қилмоқда.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Фаластин қочқинлар бўйича агентлиги раҳбари Филипп Лаззаринининг айтишича, ҳужум Ғазодаги гуманитар инқироз кучайиб бораётгани ҳақида хабар берган "сўнгги овозларни ўчирди".
Буюк Британия ташқи ишлар вазири Дэвид Лемми ҳодисадан "даҳшатга тушганини" айтди, Франция президенти Эммануэл Макрон эса буни "чидаб бўлмас" деб таърифлади.
Ғазо Соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълум қилишича, ўтган кун ичида Исроил ҳужумларида ҳалок бўлган 58 кишининг жасади шифохоналарга етиб келган, яна кўплари вайроналар остида қолиб кетган. Ҳалок бўлганларнинг 28 нафари озиқ-овқат ёрдамини йиғишга уринаётганда ўлдирилгани айтилмоқда.
Ғазо соғлиқни сақлаш идораларига кўра, Исроил зарбалари сабаб ҳозирга қадар 62 700 дан ортиқ фаластинликни ўлган бўлиши мумкин.