platina.uz
Жаҳон

Трамп Тошкентда туғилган яқин одамини Ҳиндистонга элчи қилиб тайинлайди

Серхио Гор Жанубий ва Марказий Осиё ишлари бўйича махсус элчи сифатида ҳам ишлайди. 

Трамп Тошкентда туғилган яқин одамини Ҳиндистонга элчи қилиб тайинлайди

АҚШ президенти Доналд Трамп Серхио Горни Вашингтоннинг Ҳиндистондаги элчиси этиб тайинлашини айтди.

Серхио Гор, Трампнинг энг яқин ёрдамчиларидан бири, ҳозирда Оқ уй президентлик департаменти директори лавозимида фаолият юритади. У эндиликда Ню-Деҳли билан совуқлашиб бораётган муносабатларни ўнглаш бўйича ишлайди.

Келгуси ҳафтада Ҳиндистондан келадиган маҳсулотларга АҚШ тарифларини икки баравар ошириш режалаштирилаётгани сабабли икки томонлама алоқалар кескинлашди.

Гор Жанубий ва Марказий Осиё ишлари бўйича махсус элчи сифатида ҳам ишлайди, деди АҚШ президенти.

Доналд Трамп ўзининг Truth Social платформасидаги постида Гор АҚШ Сенати томонидан Ҳиндистондаги лавозимга тасдиқланмагунча ҳозирги лавозимида қолишини айтди.

"Серхио кўп йиллар давомида мен билан бирга бўлган ажойиб дўстдир", деди Трамп.

Вице-президент Ж.Д. Венс ҳам тайинловни олқишлади.

"Серхио яхши йигит ва мамлакатимизнинг Ҳиндистондаги ажойиб элчисига айланади", деб ёзди у Х тармоғида.

Горнинг ўзи Ҳиндистондаги элчи сифатида хизмат қилиш "шараф" бўлишини айтган.

Қўшма Штатлар ва Ҳиндистон ўртасидаги муносабатлар Трампнинг савдо уруши туфайли кескинлашган.

Дунёнинг бешинчи йирик иқтисодиёти бўлган Ҳиндистон ўзининг қишлоқ хўжалиги ва сут саноатини очишга қаршилик кўрсатганидан сўнг, паст тариф ставкалари бўйича музокаралар тўхтаб қолди. Вашингтон ва Ню-Деҳли ўртасидаги ўзаро савдо ҳажми ҳар йили 190 миллиард доллардан (164 миллиард евро) ошади.

Тошкентда туғилган америкалик амалдор

Аввалроқ Серхио Гор 1986 йил 30 ноябрда Тошкент шаҳрида туғилгани хабар берилганди.

Горнинг адвокати бу маълумотни тасдиқлаган. Асли исми Сержио Гороховский бўлган бу шахс Доналд Трамп маъмуриятидаги энг қудратли шахслардан бири сифатида кўрилади.

Горнинг болалиги Малтада ўтган ва у сўнг АҚШга кўчиб ўтган.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid