Судлар ишида сунъий интеллектдан фойдаланилади
"Рақамли суд" концепцияси асосида ишларнинг юритилиши босқичма-босқич электрон шаклга ўтказилади.

Судлар фаолиятида сунъий интеллект технологиялари жорий этилади.
“Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд тизимининг моддий-техник таъминотини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент Фармони (ПФ–140-сон, 21.08.2025 й.) қабул қилинди.
Гап нима ҳақида?
Фармонга кўра, судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш ҳамда рақамлаштириш жараёнларини жадаллаштиришнинг устувор мақсадлари этиб қуйидагилар белгиланди, жумладан:
- суд ишларини юритишда қоғоз шаклидан воз кечиш мақсадида “Рақамли суд” концепцияси асосида ишларнинг юритилишини босқичма-босқич тўлиқ электрон шаклга ўтказиш;
- судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш учун зарур техник инфратузилма яратиш;
- Олий суднинг ахборот тизимлари негизида суд ҳужжатлари архиви модулини ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш;
- судлар фаолиятини рақамлаштириш бўйича “Кибер ҳуқуқ” йўналишида илмий тадқиқотлар ўтказиш, шунингдек, судьялар ва суд аппарати ходимларининг рақамли саводхонлиги ва малакасини доимий ошириб бориш.
“Рақамли суд” концепциясини амалга ошириш доирасида:
-судга ариза беришдан олдин сунъий интеллект ёрдамида суд муҳокамасининг тахминий натижаси ҳамда сарфланадиган харажатлар шакллантирилади;
-мурожаатлар судга электрон шаклда юборилади;
-суд ҳужжатлари лойиҳалари автоматик шакллантирилади.
Аввал қонунчиликда хайрия йиғиш бўйича аниқ тартиб белгилангани хабар берилганди. Тартибни бузганларга БҲМнинг 3 бараваридан 5 бараваригача жарима солинади.