Фарғона тумани ҳокими Ҳамидулло Иномовга ҳайфсан берилди
Ҳоким туманда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини таъминлаш ва бошқа масалаларда масъулиятсизликка йўл қўйган.

Фарғона тумани ҳокими Ҳамидулло Иномовга ҳайфсан жазоси берилди. Бу ҳақда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоровнинг фармойишида айтилган. Ҳужжат 2025 йил 25 августда эълон қилинган.
Ҳоким туманда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини таъминлаш ва бошқа долзарб масалалар бўйича амалга оширилиши лозим бўлган вазифаларни бажаришда масъулиятсизликка йўл қўйган.
Шунингдек, Президент Администрацияси ишчи гуруҳининг вилоятга ташрифи давомида Фарғона туманидаги “Миндонобод” кичик саноат зонасида олиб борилган ўрганишларда камчиликлар аниқланган.
Хусусан,саноат зонасига жойлаштирилган 22 та лойиҳалардан бугунги кунга қадар атига 3 таси ишга туширилганлиги, қолган 19 та лойиҳаларни ўз вақтида ишга тушириш бўйича тизимли ишлар ташкил қилинмаганлиги кўрсатиб ўтилди ҳамда кўп қаватли уйлар атрофини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилмаганлиги аниқланди.
Аввалроқ Қизириқ тумани ҳокими жазоланганди. У хорижий инвестицияларни ўзлаштириш ва экспорт кўрсаткичларини таъминлашда сусткашликка йўл қўйган.