platina.uz
Жамият

Фарғонада 2 та банк мансабдорларининг жиноий қилмишлари ошкор бўлди

Яна 3 та банк прокуратура органларига кредитларнинг мақсадсиз ишлатилиши бўйича материаллар умуман тақдим этмаган.

Фарғонада 2 та банк мансабдорларининг жиноий қилмишлари ошкор бўлди
Фотоколлаж: Platina.uz

Фарғона вилоятидаги банкларнинг аксилкоррупциявий ҳолатини ўрганиш бўйича натижалар таҳлил қилинган. Унга кўра, кўплаб банкларда порахўрликка қарши курашишда ишлар суст кетаётгани билдирилган.

Мисол учун, “Бизнесни ривожлантириш банки” Фарғона вилояти филиали раҳбари А. ноқонуний бойлик орттиришга қаратилган ғараз ниятларини амалга ошириш учун уюшган жиноий гуруҳ ташкил қилган. У ўзи бошчилигидаги жиноий гуруҳга янги кредит манбаларини аниқлашга, кредит ажратилишини таъминлашга, хорижий давлатлар билан алоқалар ўрнатишга, пулларини нақдлаштиришга, жиноий йўл билан орттирилган маблағларини тақсимлашга ҳамда содир этилган жиноятларни яширишга масъул бўлган шахсларни тайинлаган.

Шу йўл билан уюшган гуруҳ аъзолари жуда кўп миқдорда ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилиш, мансабига совуққонлик билан қараш каби жиноятларни содир этиб, давлат манфаатларига 113 млрд сўм зарар етказишган. Мазкур ҳолат юзасидан 2024 йилда жиноят иши қўзғатилиб, ҳозир суд томонидан кўриб чиқилмоқда.

Шунингдек, “Миллий банк” АЖ Фарғона вилояти бош бошқармаси чакана амалиётлар бўлими бошлиғи И. ва унинг қўл остидаги ходимлари томонидан фуқаро Х.га тегишли “Узкард” пластик картасини “ХУМО” картасига алмаштириш жараёнида эски картадаги 62 млн сўм пулни “ХУМО” пластик картасига ўтказишган, бироқ эски “Узкард” картадан маблағлар ечилмаган.

Ушбу имкониятдан фойдаланган банк ходимлари кейинчалик мазкур пулларни янгидан очилган “Узкард” пластик картасига ўтказиб, ўзлаштиришган.

Шу йўл билан банк ходимлари 107 нафар фуқарога тегишли банк пластик карталарида шакллантирилган 606 млн сўм маблағларни мижозлар хабардорлигисиз бошқа пластик карталарга ўтказиш йўли билан ўзлаштиришган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан вилоят прокуратураси томонидан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилган, 7 нафар банкир ҳамда 6 нафар мижоз терговга жалб этилган.

Маълумот ўрнида

Ўтган йилда банк соҳасида ўтказилган текшириш ва таҳлиллар натижасига кўра, вилоятда 34 та ҳолатда 197 млрд сўмлик ва жорий йилнинг ўтган даврида 36 та ҳолатда 62 млрд сўмлик бюджет маблағлари талон-торож қилингани юзасидан жиноят ишлари қўзғатилган.

Тергов натижаларига кўра, 32 нафар банк ходими ва бошқарувчилари, 38 нафар мижоз ва бошқа шахслар жиноий жавобгарликка тортилган.

Ўрганишларда аниқланишича, вилоят тижорат банкларида комплаенс-назорат тузилмалари фаолият кўрсатса-да, жорий йилнинг ўтган даврида “Асакабанк”, “Туронбанк” ва “Алоқабанк” ҳудудий банк хизматлари марказлари томонидан прокуратура органларига кредит маблағларининг мақсадсиз ишлатилиши билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан материаллар умуман тақдим этилмаган.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid