platina.uz
Сиёсат

Туркманистон, Озарбайжон ва Ўзбекистон ўртасида бир қатор битимлар имзоланди

Улар орасида логистика, кемасозлик ва фуқаро авиацияси соҳаларида ҳамкорлик тўғрисида меморандумлар ҳам бор. 

Туркманистон, Озарбайжон ва Ўзбекистон ўртасида бир қатор битимлар имзоланди
Фото: Президент матбуот хизмати.

Туркманистон, Озарбайжон ва Ўзбекистон етакчилари қўшма баёнот эълон қилдилар.

Музокаралар якунида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев, Туркман халқининг миллий етакчиси, Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов ва Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев Қўшма баёнот қабул қилдилар.

Гап нима ҳақида?

Етакчилар ҳузурида транспорт ва логистика, кемасозлик ва фуқаро авиацияси соҳаларида ҳамкорлик тўғрисида меморандумлар, Товар-хомашё биржалари ўртасида ҳамкорлик тўғрисида битим ва бошқа ҳужжатлар имзоланди.

Президентимиз уч мамлакат халқлари манфаатлари йўлида стратегик шерикликни ривожлантириш борасидаги қатъий сиёсий иродани яққол намоён этган учрашувнинг самарали якунларини юксак баҳолади.

Музокараларда транзит йўлакларини ривожлантириш, жумладан, Туркманбоши ва Боку портлари имкониятларидан самарали фойдаланиш, замонавий логистика инфратузилмасини биргаликда шакллантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилгани таъкидланди.

Миллий транспорт тизимлари интеграциясини чуқурлаштириш мақсадида минтақадаги мавжуд ва истиқболли йўналишларни ўзаро боғлаш режалари атрофлича муҳокама қилинди. Ўзбекистон бу борада ўзаро мувофиқлашган сиёсат юритиш тарафдори экани таъкидланди.

Бу, биринчи навбатда, халқаро бозорларга чиқишда бизнес учун қулай шароитлар яратиш ва тариф сиёсати масалаларидир.

Каспий денгизи орқали логистика инфратузилмаси ва паром ташувларини ривожлантириш лойиҳалари устида биргаликда ишлаш бўйича келишувларга эришилди, дейилади хабарда.

Бундан ташқари, уч мамлакат ўртасида энергетика соҳасида - углеводород конларини ўзлаштириш ва ишлаб чиқарилган электр энергиясини экспорт қилиш бўйича ҳамкорлик имкониятлари кўриб чиқилди.

Товар айирбошлаш ҳажмини каррасига ошириш ва саноат кооперацияси кўламини кенгайтириш вазифалари музокаралар кун тартибидан марказий ўрин эгаллади.

Миллий ишлаб чиқарувчиларнинг сифатли маҳсулотларини ўзаро етказиб беришни рағбатлантириш чоралари кўрилиши ҳамда уч мамлакат ҳудудларининг салоҳиятини жалб этган ҳолда янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун шароитлар яратилиши таъкидланди.

Етакчилар сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва экологик таҳдидларга қарши курашиш соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олдилар. Бундан ташқари, туризм ва маданий алмашинувлар соҳасида қўшма дастур қабул қилинади.

Қабул қилинган қарор ва ҳужжатларни амалга ошириш бўйича ишлар вазирлар томонидан "йўл харитаси" асосида амалга оширилади.

Давлатимиз раҳбари сўзининг якунида ушбу тарихий учрашув уч мамлакат ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни чуқурлаштиришга, барқарор савдо, транспорт ва энергетика йўлакларини яратишга, шунингдек, минтақавий интеграция жараёнларини жадаллаштиришга хизмат қилишини алоҳида таъкидлади.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid