Лицензиясиз хорижга жўнатиш фаолиятини реклама қилган блогерлар иши судга юборилди
Бу "ADWORLD GROUP" МЧЖ фаолиятига оид рекламалар билан боғлиқ.

Лицензиясиз фаолиятни реклама қилган блогерларга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилди ва судга юборилди.
Рақобат қўмитаси томонидан хорижга виза олиш ва ишга жўнатиш билан шуғулланувчи субъектлар ҳақидаги реклама-ахборотлар бўйича ўрганишлар ўтказилган.
Гап нима ҳақида?
Ижтимоий тармоқлардаги @iwash_tashkent саҳифасини юритувчи блогер О.Жўраев ҳамда @abdurahmonmufid саҳифасини юритувчи блогер А.Абдурахмоновлар томонидан “ADWORLD GROUP” МЧЖ фаолиятига оид хорижга ишга юбориш хизматлари ҳақида реклама-ахборотларини жойлаштирилган.
Улар фуқароларга консалтинг хизматлари эмас, айнан хорижга ишлаш учун юбориш бўйича хизматлар билан шуғулланиб келаётганлиги реклама қилинганлиги аниқланди.
Ўз навбатида, “Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида”ги Қонуннинг 13-моддасига мувофиқ, хусусий бандлик агентликларининг Ўзбекистон Республикасидан ташқаридаги ишни қидираётган шахсларни ишга жойлаштириш бўйича хизматлари уларда Ўзбекистон Республикасидан ташқаридаги ишни қидираётган шахсларни ишга жойлаштириш бўйича фаолиятни амалга ошириш учун лицензия мавжуд бўлган тақдирда тақдим этилиши белгиланган.
Бунда, тегишли лицензиясиз хорижда ишга жойлаштириш бўйича фаолиятни амалга ошириш тақиқланади.
Шунингдек, “Реклама тўғрисида”ги Қонуннинг 16-моддасида ишлаб чиқарилиши ва (ёки) реализация қилиниши учун тегишли сертификатлари ва лицензиялари, мажбурий сертификатлаштириш гувоҳномалари ёки махсус рухсатномалари мавжуд бўлмаган товарларни реклама қилиш тақиқланган.
Юқоридаги ҳолатлар юзасидан ижтимоий тармоқларда ўз блогларини юритувчи фуқаролар O.Жўраев ва А.Абдурахмоновларга нисбатан қонун бузилиш ҳолати бўйича маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомалар расмийлаштирилиб, судга юборилди.
Аввалроқ Рақобат қўмитаси томонидан “Uzum Market” МЧЖ ХКга нисбатан инсофсиз рақобат ҳолатларини содир этган “YandexGo UB” МЧЖга тегишли чоралар кўрилганди.