Сардор Умрзоқовга янги вазифа юклатилди
У фаластинлик беморлар ва уларга ҳамроҳлик қилувчиларга кўмаклашиш бўйича комиссияга раҳбарлик қилади.

Сардор Умрзоқовга янги вазифа юклатилди.
Умрзоқов фаластинлик беморлар ва уларга ҳамроҳлик қилувчиларни Ўзбекистонда яшашга мослаштириш жараёнига кўмаклашиш бўйича Республика комиссиясига раислик қилади. Президент фармони билан комиссия таркиби тасдиқланди.

Комиссиядан 20 нафар амалдор жой эгаллаган. Улар орасида соғлиқни сақлаш вазири, таълим вазири, ТИВ раҳбари, Президент маслаҳатчилари бор.
Сардор Умрзоқов июл ойида Ўзбекистон президентининг стратегик ривожланиш бўйича маслаҳатчиси лавозимига тайинланган ва шу муносабат билан президентнинг махсус топшириқлар бўйича маслаҳатчиси лавозимидан озод этилганди.
Ўзбекистон ва фаластинликлар
Ўзбекистонга 100 нафар фаластинлик 2024 йил охирида келтирилганди. Бир неча кун аввал давлат раҳбари уларга оид ҳужжатни имзолади.
Унга кўра, Ўзбекистонга олиб келинган фаластинликлар болалари давлат боғча ва мактабларига жойлаштирилади.
Улар навбатга қўйилмаган ҳолда, махсус талабнома билан қўйилади. Меҳмонларга зарур нафақа тўловлари тўланади, уй-жой ижара харажатлари қоплаб берилади.