Дин ишлари бўйича қўмита хориждаги "расмий диний таълим" бўйича огоҳлантирди
Амалда улар Ўзбекистон тегишли идоралари томонидан тан олинмаган марказлар ҳисобланиши айтилган.

Дин ишлари бўйича қўмита интернет тармоғида хорижда "расмий диний таълим" олиш ҳақидаги эълонларга муносабат билдирди.
Сўнгги вақтларда айрим шахслар томонидан ижтимоий тармоқларда фуқароларимизни диний таълим олиш учун чет элга чақириш ҳолатлари кузатилмоқда.
Гап нима ҳақида?
Хусусан, Миср, Туркия, Саудия Арабистони ва Россия Федерацияси каби мамлакатлардаги диний таълим муассасаларига ўқишга боришга даъват этувчи чақириқлар ва реклама эълонлари кенг тарқатилмоқда.
Ушбу эълонларда таълим масканлари гўёки “қонуний” ёки “расмий” сифатида кўрсатилса-да, амалда улар Ўзбекистон Республикаси тегишли идоралари томонидан тан олинмаган ҳамда ўша мамлакатлардаги ноқонуний ёки рухсатсиз фаолият юритувчи ўқув марказлари ҳисобланади. Бу ўринда “расмий диний таълим” иборасидан асосан кўпроқ талабгорларни жалб этиш мақсадида фойдаланилмоқда, дейилади идора хабарида.
"Хавотирли жиҳати шундаки, бундай чақириқлар, кўпинча, диний ақидапарастлик ва мутаассиблик ғояларини сингдириш, ёшларимизни нотўғри йўлга бошлаш ва уларнинг дунёқарашига салбий таъсир кўрсатиш хавфини ўзида мужассам этади.
Шу сабабли, ота-оналар фарзандларининг кимлар билан мулоқот қилаётганига, интернетда қандай маълумотларни ўқиётганига ва қандай таклифларга жавоб бераётганига эътиборли бўлишлари шарт.
Шундан келиб чиқиб, фуқароларга расмий диний таълим фақатгина Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимдаги таълим муассасаларида берилиши, турли шахсларнинг тарғиботига учмасликни эслатган ҳолда, диний билимларни ўрганишга бўлган эҳтиёжларини ушбу таълим муассасалари имкониятлари орқали қондиришни тавсия этиб қоламиз," дея таъкидланади муносабатда.
Ҳозирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфида 4 та олий ва 10 та ўрта махсус ислом таълим муассасалари фаолият кўрсатиб келмоқда. Шу билан бирга, 2018 йилдан буён ҳудудлардаги 28 та “Қуръон ва тажвид” курсларида 77 мингга яқин фуқаро таълим олди.
Диний идоранинг “muslim.tv” интернет платформасида барча ёш тоифалари учун мўлжалланган онлайн Қуръони тажвиди дарслари ташкил этилган.
Хорижий диний таълим муассасалари дипломлари Ўзбекистон ҳудудида диний соҳада фаолият юритиш учун асос бўлмаслиги, таълимдан сўнг ишга жойлашишда ноқулайликлар келтириб чиқариши мумкинлигини эслатиб ўтилган.