Олий суд "Кушербаев иши" бўйича маълумот берди
Суд даставвал Кушербаевга алимент тўлаш мажбуриятини юклаган ва сўнгра бекор қилган.

Олий суд собиқ депутат, Экология вазирлиги маслаҳатчиси Расул Кушербаев иши бўйича баёнот берди.
Ижтимоий тармоқларда Кушербаевдан алимент ундириш билан боғлиқ масала кенг муҳокама этилмоқда. “Суд аввалига алимент ундириш тўғрисида суд буйруғи чиқариб, сўнгра шу буйруқни ўша суднинг ўзи бекор қилибди” деган мазмундаги кўплаб фикрлар юзага келмоқда.
Шу каби тушунмовчиликларга барҳам бериш мақсадида ушбу ишнинг қисқа баёнига эътибор қаратиш зарур, дейди Олий суд матбуот хизмати.
Гап нима ҳақида?
Тошкент шахар фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро судига 2025 йил 26 июн куни аризачи Ш. И. ариза билан мурожаат қилган. У қарздор Р. К.дан вояга етмаган фарзанди таъминоти учун суд буйруғи чиқаришни сўраган.
Мазкур суднинг 2025 йил 28 июндаги суд буйруғи билан билан аризачи Ш. И.нинг аризаси қаноатлантирилган. Унга кўра қарздор Р. К.дан ундирувчи Ш. И.нинг фойдасига бир нафар 2023 йил 5 октябр куни туғилган М. К. исмли вояга етмаган қиз фарзандининг таъминоти учун 2025 йил 28 июндан бошлаб у вояга етгунга қадар ҳар ой жами даромадининг ¼ қисми миқдорида алимент ундирилиши белгиланган.
Шунингдек, қарздор Р. К.дан ундирувчи Ш. И.нинг фойдасига почта харажати ва қарздордан давлат фойдасига давлат божи ундирилиши белгиланган.
Шундан сўнг қарздор Р. К. суднинг 2025 йил 28 июндаги суд буйруғидан норози бўлиб, 2025 йил 21 июл кунида мазкур буйруққа нисбатан эътирознома келтирган.
Бу Фуқаролик процессуал кодексининг 181-моддасига тўла мос келади. Мазкур моддага асосан:
“Қарздор арз қилинган талабга қарши эътирозларини буйруқни берган судга суд буйруғининг кўчирма нусхасини олган кундан эътиборан ўн кунлик муддатда юборишга ҳақли. Бундай ҳолда судья суд буйруғини бекор қилиб, бу ҳақда ажрим чиқаради. Суд буйруғини бекор қилиш тўғрисидаги ажримда судья ундирувчи билдирган талаб даъво ишини юритиш тартибида тақдим этилиши мумкинлигини тушунтиради. Суд буйруғини бекор қилиш тўғрисидаги ажримнинг кўчирма нусхаси ажрим берилганидан кейин уч кундан кечиктирмай ундирувчига ва қарздорга имзо қўйдириб топширилади ёки уларга почта орқали ёхуд электрон ҳужжат тарзида юборилади”.
Суд мазкур модда ва бошқа қонуний талаблардан келиб чиқиб, ушбу суднинг 2025 йил 23 июлдаги ажрими билан Р. К.нинг алимент ундириш ҳақидаги суд буйруғини бекор қилиш ҳақидаги аризасини қаноатлантирган.
Шундан сўнг даъвогар Ш. И. фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро судига 2025 йил 5 август куни жавобгар Р. К.га нисбатан алимент ундириш ҳақидаги даъво аризаси билан мурожаат қилган.
Ушбу даъво ариза юзасидан фуқаролик иши қўзғатилиб, иш юритувига қабул қилинган. Фуқаролик ишини суд мажлисида кўриб чиқиш 2025 йил 15 август кунига соат 16:00га тайинланган.